Чегара йўқ: Жиззах театри санъат усталари ўшлик мухлислар билан дийдорлашдилар
Ўзбекистонлик санъаткорларнинг ташрифи халқлар бирдамлигини яна бир карра намойиш қилди.
Султан Ибраимов номли Ўш давлат Қирғиз миллий драма театрида Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти мусиқали драма театри жамоаси Рихсивой Муҳаммаджоновнинг «Танхо юлдуз» комедиясини намойиш этди. Спектакл ўшлик театр мухлислари тарафидан илиқ кутиб олинди.
«Танхо юлдуз» комедиясида Жўра Исроилов (сантехник ролида) кексайганда ёлғиз қолган эркак образини маҳорат билан ярата олган. Рая Абдуллаева (Раъно ролида) ёлғиз аёлга ҳам бу ҳаётда осон эмаслигини яққол кўрсатиб берди. “Ўғлинг еб ўрга кетар, қизинг еб қирга”, деб бекорга айтишмаган экан, деган хаёл келади томошадан сўнг.
Томошабинлар спектаклни ҳам кулиб, ҳам куйиб томоша қилишди. Сўнгида театр директори Ғулом Дархонов бошчилигидаги бу жамоани – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Жўра Исроилов, Жамила Деҳқонова, Рая Абдуллаева ва актрисалар Розия Эркинова ҳамда Гулчехра Бегимоваларни қарсаклар билан узоқ олқишладилар.
Султан Ибраимов театри жамоаси меҳмонларни турли совғалар билан сийлади. Спектаклдан сўнг меҳмонлар билан озгина суҳбатлашдик.
Театр раҳбари Ғуломжон Дархонов бу гастрол ўзаро ижодий сафарларнинг бошланиши эканини ва келаси сафар “Нодирабегим” спектакли билан яна Ўш шаҳрига ташриф буюришларини айтди. Дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги бу ташаббусга жавоб сифатида 1-2 апрель кунлари Султан Ибраимов номли театр жамоаси Жиззах шаҳрига ижодий сафар билан боришини таъкидлади.
Бош ролни ижро этган Жўра ака Исроилов “санъат тил танламаслигини, чегара билмаслигини, у қайси бир юракка етиб борса йиғлатишини, кулдиришини” эслатди. “Мана бугун биз шу санъат орқали учрашиб турибмиз. Икки элнинг президентлари Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровларнинг сай-ҳаракатлари билан ҳар бир соҳада бўлгани сингари, маданий соҳада ҳам йўллар очиляпти. Неча йиллардан буён бу диёрларга келишни орзу қилардик. Аллоҳга шукурки, бугун мана дийдорлашдик, суҳбатлашдик. Бизни чиройли кутиб олган Қирғизистон элига, Қирғиз миллий драма театри раҳбариятига ва Ўзбек академик театри раҳбариятига, устозларимизга раҳматлар айтамиз ва таъзимдамиз”, – деди тўлқинланиб Жўра Исроилов.
Жамила опа Деҳқонова ҳам ўшлик мухлисларидан жуда хурсанд бўлганини, кўҳна Ўш шаҳрининг ўзига жуда ёққанини, ўшликларнинг меҳмондўстлигидан жуда миннатдор эканини айтди.
Ташрифлари давомида меҳмонлар Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри жамоаси билан ҳам учрашиб, дийдорлашдилар, ижодий ғоя ва фикрлари билан ўртоқлашдилар.
Ўзбекистонлик санъат юлдузларига энди Қирғизистонда ҳам уларнинг мухлислари кўп эканини эътироф қилиб, мувафақиятлар тилаб қоламиз.
Оқбура, Бишкек.
Расм муаллифники