Жинсий зўравонлик учун жазо муқаррар: Қирғизистон қонунида нималар ўзгарди?

Қонундаги ўзгариш жинсиз зўравонликка гирифтор бўлганларни амалий ҳимоя қилишга қаратилган.

Энди Қирғизистонда зўрлаш ҳолатлари бўйича жиноий ишлар ўзаро ярашув йўли билан ёпилиши мумкин эмас. Президент Садир Жапаров имзолаган қонунга кўра, энди жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар учун даъво муддати ҳам чекланмайди.

Президент матбуот хизмати берган хабарда айтилишича, Садир Жапаров Қирғизистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Қонун имзолангандан кейин ўн кундан кейин кучга киради.

Жўғўрқу Кенеш томонидан 2023-йилнинг 7-декабрида қабул қилинган ушбу қонун зўравонликка қарши курашиш ва зўравонлик содир этган жиноятчиларга нисбатан жазони кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ҳечдан кўра кеч…ми?

Маълумки, Қирғизистонда охирги йилларда аёлларга қарши зўравонлик жуда долзарб муаммога айланган. Жумладан, жинсий зўравонлик ҳам “оммалашаб”, кўплаган балоғатга етмаган, ҳаттоки 5-10 ёшли гўдаклар ҳам шаҳватини жиловлай олмаган икки оёқли маҳлуқлар қурбони бўлиб келмоқда. Деярли ҳар ҳафта бундай хабарларни ўқиш мумкин.

Афсуски, судлар бундай жиноятларнинг аксариятини “ўзаро ярашув” асосида деган рўкач билан ёпиб қўйишади. Оқибатда ўша жиноятчи эса, бу ифлос ишга қайта қўл урган ҳолатлар ҳам бўлиб келаётган эди.

Одатда хўрланган аёл ёки қизнинг яқинлари бу ишнинг овоза бўлиб кетишини истамасдан зўравондан маълум пул олиш эвазига ўз даъволаридан воз кечиб келишади. Кўп ҳолатларда зўравон ўз қурбонига вақтинча бўлса ҳам уйланган бўлиб, кейин ажрашиб кетади. Қўрқитиш ёки моддий етишмовчилик туфайли зўравонни “кечириб юборганлар” ҳам кам эмас.

Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, Жиноят кодексининг 57-моддасидаги “томонлар ярашуви ва етказилган зарарни қоплаган тақдирда айбдор жиноий жавобгарликка тортишдан озод этилиши мумкин” деган қоида олиб ташланди. Энди зўрлаганлар, қандай шароитда бўлишидан қатъи назар, жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 58-моддасида назарда тутилган жиноят (зўрлаш) учун даъво муддати ҳам бекор қилинди. Яъни, жиноят неча йил аввал содир қилинган бўлишидан қатъи назар, зўравон ўз жазосини олади. Кодекснинг 82-моддасида назарда тутилган зўравонга нисбатан пробацион назоратни қўллаш, гаров тўлаш ва уй қамоғига олиш кабилар олиб ташланди. Одатда судлар мана шу қоидалар асосида зўравонлар билан “келишган” ҳолда уларга мана шу энг енгил жазоларни қўллаб келишган.

Қонун лойиҳаси 33 депутатдан иборат гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган. Унинг  муаллифларидан бири, депутат Элвира Сурабалдиеванинг таъкидлашича, “тазйиқ ва қўрқитиш туфайли аёллар ўз даъволаридан воз кечиб, қарши ариза ёзишга мажбур бўлмоқдалар”.

“Медиазона” ва “Клооп” нашрлари журналистларининг аниқлашича, қирғизистонлик аёллар кўпинча ўзлари таниган эркаклар томонидан зўрланади. Бундан ташқари яқин қариндоши, ўгай қариндоши, ҳатто ўз отаси томонидан зўрланган қизлар ҳақида ҳам маълумотлар оз эмас. Бироқ, зўрлаганлар ҳар доим ҳам панжара ортига тушавермайдилар.

Қонунчиликни қатъийлаштириш зарурати Бишкекка яқин Селекция қишлоғида яшовчи аёлнинг қийноқларга солиниши воқеасидан кейин фаол муҳокама қилина бошлади. Аёлнинг собиқ эри уни зўрлабгина қолмай, қулоқ бурнини ҳам кесиб ташлаган. Бунгача аёл икки марта собиқ турмуш ўртоғини зўрлаганликда айблаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган, бироқ у ҳар сафар жазодан қутулиб келган. Жамиятда кўтарилган шов-шувдан кейингина Чуй вилоят суди жиноятчининг зўрлаш иши бўйича белгиланган синов муддатини бекор қилиб, саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Афсуски, тилга олинган қонун мамлакат аёлларининг шунча йиллик хорликларидан кейин энди қабул қилди. Бунгача жамият, давлатнинг тегишли органлари қаёққа қараб келиб келишган эди?

Аёллар учун хавфли давлат

Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда (WPS Index) 2023 йили 177 давлат орасидан 95-ўринни эгаллаб, икки йил давомида Марказий Осиё минтақасидаги аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган.

Мамлакат ИИВнинг маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўн ойида оилавий зўравонликнинг 10 минг 400 ҳолати аниқланган. Зўравонликдан 3 564 аёл ва 1 425 ўсмир жабрланган.

Миллий статистика қўмитаси эълон қилган ҳисоботга таянсак, оиладаги зўравонликда жабрланганларнинг сони олти ой ичида деярли уч марта ўсган. 2015 йил билан 2021 йилдаги маълумотлар солиштирилганда жабрланганларнинг 96% аёллар экани аниқланган.

Бу ўз навбатида бошқа бир жиноятнинг ўсишига олиб келмоқда. Оиладаги доимий зўравонликдан тўйган аёллар турли йўллар билан эрлари ўлдиришгача борадилар. Аксинча, қизларни никоҳга олиш учун мажбурлаб олиб қочиб, зўрлаган ва ўлдирган ҳолатлар ҳам қайд этилиб туради. Халқаро тажрибада бу жиноят фемицид деб аталади.

Экспертларнинг фикрича, эркаклар бундай оғир жиноятларга аёлларни ёмон кўрганидан, гендер таҳқирлаш натижасида, давлат органларининг бу зўравонликларни билиб туриб, уларга кўз юмиб қўйган ҳолатларда боришади. Яъни, жазодан осонгина қутулиб қолиш имконияти янга ва янги жиноятларнинг содир бўлишига олиб келади.

Фемицид “эркак аёлдан юқори туради”, деган ғоядан келиб чиқади. Масалан, айрим эркаклар аёл кишини ўз мулки қатори кўришади. Узоқ йил давом этиб келаётган ғарб тарғиботи натижасида жамиятда бу ҳолатларни ислом дини билан боғлаб кўрсатувчилар ҳам оз эмас.

Мамлакат Мусулмонлар диний бошқармаси (муфтияти) аёлларга нисбатан зўравонлик борасида ўзининг қатъий позициясини билдириб келади. Вақти-вақти билан масжидларда аёлнинг исломдаги ўрни, аёлларга нисбатан зўравонликнинг исломга ёт кўриниш экани ҳақидаги маърузалар режали равишда ўқиб келинади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг