Бу қанақаси бўлди?! Тожикистон афғонистонлик қочоқларни ватанига қайтариб юборди

Қочоқларни ўз бағрига олмоқчи бўлган Қирғизистоннинг бу ишлардан бехабар қолгани маълум бўлди.

Тожикистон чегара хизматининг матбуот маркази тарқатган маълумотга кўра, 345 нафар қирғиз миллатига мансуб қочоқлар 4000га яқин мол-ҳоли билан қайтадан Афғонистонга, Ваҳон уездига жўнатиб юборилди. Тожикистон давлати чегара хизмати таъкидлаб айтадики, этник қирғизлар “Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумати уларнинг шахсий хавфсизлигини кафолатлагандан” кейин ўз юртларига мол-ҳоли билан бирга қайтариб юборилган.

Тожикистон томон шуни ҳам айтиб ўтдики, афғонистонлик қочоқлар БМТнинг Қочоқлар мақоми ҳақидаги конвенциясига мувофиқ Мурғоб туманининг Чоштепа ва Дуютук участкаларида турган пайтларида вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат, кийим-кечак ва тиббий хизмат билан таъминланганлар.

Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни Афғонистонда толибларнинг бирин-кетин янги ҳудудларни эгаллаб олаётганидан қўрққан 300 нафардан кўпроқ этник қирғизлар ўз жонларини сақлаш мақсадида мамлакатни тарк этиб, қўшни Тожикистон ҳудудидан вақтинчалик паноҳ топгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Жумладан, Тожикистон давлат чегара қўшинлари тарқатган маълумотга қараганда, 13 июль куни қирғиз миллатига мансуб 77 Афғонистон фуқароси Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Мурғоб туманига ўтган. Улар орасида 31 нафар ёш бола ва 20 аёл бор. Қочоқлар ўзлари билан мингга яқин қўй-қўзи, 300та қўтос, бир нечта туя ва отларни ҳам олиб ўтишган.

Қочоқларнинг аҳволини тушунган тожик чегарачилари қочоқларнинг чегарадан ўтишларига тўсқинлик қилишмаган. Уларга Мурғоб туманига қарашли қишлоқлардан бошпана берилган. Эртаси куни яна 51 нафар қочоқ шу ерда чегарани кесиб ўтган. Умумий ҳисобда қарийб 350 нафар қочоқ бир неча минг мол-ҳоли билан чегарадан ўтишга мажбур бўлган эди.

Аввалроқ Қирғизистонга келган помирлик этник қирғизлар гуруҳи

Қирғизистон ҳукумати ўша куниёқ қочоқларни мамлакатга олиб келишга қарор қилганини маълум қилган эди. Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) бу тадбирда кўмак кўрсатишларини сўраб, Тожикистон ҳукумати ва БМТнинг Қочоқлар иши бўйича олий комиссарлигига расмий мурожаат қилган.

Қирғизистон томон охирги ишлардан бехабар қолгани маълум бўлди. Ташқи ишлар вазирлиги кутилмаган бу хабарга муносабат билдирар экан, 13 июль куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига бу масалада махсус нота юборганини эслатди.

“Бу борадаги ташвиш ва тегишли илтимослар 14-16 июль кунлари Душанба ва Тошкентда ўтган кўп томонлама ташқи сиёсий тадбирлар чоғида ҳам айтилган эди, – дейилади Қирғизистон ТИВи тарқатган маълумотда. – 16 июль куни Қирғизистон ТИВда Тожикистон элчиси билан учрашув бўлиб, Қирғизистоннинг барча афғон қирғизларини қабул қилиб олишга тайёр экани тасдиқланган ва Тожикистондан уларни Қирғизистонга ўтказиб бериш бўйича ёрдам сўралган эди…”

ТИВнинг билдиришича, Қирғизистоннинг бу мурожаатлари жавобсиз қолдирилган. Шунингдек, Тожикистон томон қочоқлар ҳақида, хусусан уларни Афғонистонга қайтариб юбориш бўйича расмий маълумот бермаган.

Албатта, бўлар иш бўлибди, ишни ортга қайтариб бўлмайди. Лекин умид қиламизки, Тожикистон томон нега бундай йўл тутгани бўйича кенгроқ тушунтириш беради.

Бобур Мирзоев, Бишкек

Расмлар Озоди ва kloop.kg сайтларидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг