Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли: Қурилиш ҳаражатларини ким тўлайди?
Дастлаб бу улкан халқаро иншоотнинг қурилишини асосан Хитой молиялаштириши кўзда тутилган эди.
Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитойдан ўтувчи темир йўл қурилишининг манбалари ҳозирча аниқ эмас. Бу лойиҳани «молиялаштиришнинг оптимал усулларини» 26 декабрда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ва Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамовлар муҳокама қилишган.
Қирғизистон ҳукумати раҳбари Ақилбек Жапаров лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини янгилаш ишлари деярли якунланганини айтган. Шунингдек у лойиҳа олдида қандайдир тўсиқлар пайдо бўлганини ҳам иддао қилди.
“Геосиёсат ўзгарди, иттифоқлар ўзгарди ва тўсиқлар пайдо бўлди. Биз пул излаяпмиз, Қазармангача Хитой ўз томонида қурилиш ишларини бошлаб юборган, Қазармандан Жалолободгача, Ўзбекистон билан биргаликда молиялаштириш манбалари деярли аниқланган, қиш-баҳорда шу ишни якунласак, қурилишни келаси йили бошлашимиз мумкин”, деди Жапаров.
Лекин Ақилбек Жапаров қандай геосиёсий ўзгаришлар ва тўсиқларни назарда тутганини ва айнан қандай манбаларни назарда тутаётганига аниқлик киритмади. Ташқи қарзи 6 миллиард доллардан ошган Қирғизистон ҳозирча бундай катта лойиҳа учун мустақил пул ажрата олмаслиги аниқ.
Шу йилнинг октябрь ойида Қирғизистон расмийлари мамлакат ҳудудида узунлиги 311 километр бўлган темир йўл бўлагини “Тўруғарт – Қўш-Дўбў – Қазарман – Жалолобод” йўналишида амалга оширилишини, лойиҳанинг дастлабки қиймати 4 миллиард 700 миллион долларни ташкил этишини маълум қилишган эди.
Умумий узунлиги 4400 километрни ташкил қилган “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини қуриш бўйича келишув уч давлат раҳбарлари томонидан ўтган йилнинг сентябрида Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити доирасида имзоланган эди. Ҳужжатга кўра, Қирғизистон ҳудудида қуриладиган темир йўлнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ишлари 2023 йилнинг биринчи ярмида якунланиши керак эди.
Аввалроқ, президент Садир Жапаров ушбу темир йўл қурилиши келаси йили бошланиши мумкинлигини айтган эди. Бош вазир ҳам шу гапни такрорласада, қурилиш учун маблағ топиш осон бўлмаётганини билдирди. Бу лойиҳа бўйича дастлабки музокараларда асосий ҳаражатларни Хитой ва қисман Ўзбекистон қоплаши, Қирғизистон эса йўл учун ер ажратиш билан кифояланиши ҳақида ҳам гап бўлган эди.
Ушбу темирйўл қурилиши ҳақида дастлаб 1996 йилда айтилган. Ўшанда Хитой ўз ҳудудида Корла ва Қашғар шаҳарларини боғловчи Жанубий Синцзян темирйўл магистрали қурилишини бошлаганини маълум қилган эди. Орадан бир йил ўтиб, уч давлат вакиллари Тошкент ва Бишкекда Қашғар-Ўш-Андижон темир йўлини қуриш бўйича ҳамкорлик ҳақидаги меморандумни имзолашган.
Кейинги уч йил ичида Хитой Урумчи ва Қашғар шаҳарларини бирлаштирувчи қарий 1000 километрлик Жанубий Синцзян темирйўл магистрали қурилишини битириб, 2000 йили ишга туширди. Бироқ уч давлат ўртасида қурилажак темирйўл бўйича ишлар қоғозда қолиб кетаверди. Бунга қисман Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара баҳслари сабаб бўлаётган эди.
Ушбу темирйўл қурилиши юкларни Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга, ундан нари уч давлат юкларини Яқин Шарқ давлатларига, жумладан Туркияга, ва оқибат натижада Европа Иттифоқи давлатларига етказиб бериш имконини берган бўларди. Шу сабабдан ушбу лойиҳа бўйича музокаралар 2021 йилда яна жонланди. Ана шундай музокаралар чоғида Ўзбекистон ушбу магистралнинг айрим участкаларини лойиҳалаш ва қуришда иштирок этишга тайёр эканини маълум қилган эди.
Ушбу лойиҳа жуда катта стратегик аҳамиятга бўлиб, келажакда катта геосиёсий ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Чунки янги магистрал қурилиши Марказий Осиё давлатларининг Россияни четлаб ўтиб, Европага, арзон денгиз йўлларига чиқишига йўл очади. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон юк жўнатувчилари Қозоғистон ва Россия ҳудудида йўл олислигидан ташқари бошқа яна турли муаммоларга дуч келяптилар. Шу сабабли бу лойиҳа тақдирини ғарб давлатларида ҳам қизиқиш билан кузатишяпти.
Ўзбекистон ўтган йили Пекинда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг йиғилишида «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси» тақдим этган. Унга кўра, Ўзбекистон учун Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси муҳим ўрин эгаллайди. Хитойнинг Ланчжоу шаҳрини Тошкент билан боғловчи йўлнинг умумий узунлиги қарийб 4 400 километрни ташкил қилади. Ушбу темир қурилса, юклар Тошкентдан Қирғизистоннинг Ўш шаҳри орқали Хитойнинг Ланчжоу шаҳрига етиб боради.
Бу қурилишдан манфаатдор бўлмаган Россия ва Қозоғистон ушбу лойиҳага қарши чиқиб келишган. Чунки бу йўл ишга тушса, иккала давлат ҳудудидан ўтаётган юк оқими мана шу йўналишга ўтиб кетади. Бу ҳар икки давлат учун ҳам катта зарар кўриш демакдир.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди