Қирғизистон-Ўзбекистон: Фарғона театри ўшлик томошабинлар хизматида

Меҳмонлар таниқли ўзбек адиби Саид Аҳмад асари асосида спектакл намойиш этдилар. 

Ўтган дам олиш куни ўшлик театр мухлислари учун ўзгача кун бўлди. Чунки, 16 декабрь куни ўзбекистонлик санъаткорлар ўз маҳоратларини намойиш этдилар.   жамоаси ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Уфқ” трилогияси асосида тайёрланган спектакли билан Ўш шаҳрига ташриф буюрган эди.

Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри жамоаси ва ўшлик томошабинлар ўзбекистонлик меҳмонларни илиқ қарши олдилар.

Асли ўшлик бўлган устоз санъаткор Маҳмуджон Ғуломов раҳбарлигидаги ижодий жамоа “Уфқ” трилогиясининг иккинчи бўлимидан ўрин олган “Қочоқ” ҳикоясини намойиш этдилар. Саҳналаштирган режиссёр – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон санъат арбоби Марат Азимов.

Бош роллардан бири, Икромжон ота ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Адҳамжон Икромов ижро этган, унинг ўғли Турсунбой ролини эса ёш, истеъдодли актёр Саидазим Назиров ўйнаган, Жаннат хола ролида актриса Саодат Мирзаева, Зеби ролида (Турсунбойнинг севган қизи) эса Чинора Ҳожибаевалар сахнага чиқдилар.

“Актёрлар тўғри танланган, ижро жуда яхши бўлди. Жаннат холанинг изтироблари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, чамамда. Ягона ўғлининг қўрқоқлиги оқибатида 1941 йилдаги иккинчи жаҳон урушидан қочиб келган ва тўқайзорда беркиниб, онасининг овқатини кутиб яшаётган йигитнинг аянчли тақдири ҳақидаги лавҳаларни ёшлигимда китобдан ўқиб, қаттиқ таъсирланган эдим. Бугун саҳнада ўша ёшлигимдаги таассуротларим қайта жонланди”, – деди фахрий устозларимиздан Арофатхон Олимжонова, меҳмонларга мурожаат қилиб. – Икки давлат президентларининг дўстона муносабатлари, олиб бораётган тўғри сиёсати натижаси ўлароқ қўшни давлатлар билан ҳамкорлик қайта тикланди. Илоҳим дўстлигимиз абадий, ҳамкорлигимиз бардавом бўлсин, янги асарлар билан яна келинглар”.

“Спектакль бизга ёқди, – деди томошабинлардан Мадина Абдуллаева, Ўш шаҳридаги 47-мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. – Биз бу спектаклни кўргани оилавий келдик, қизим ва келиним билан. Саид Аҳмаднинг 8-синф адабиёт дарслигидан ўрин олган “Қочоқ” ҳикоясини ҳар йили ўқитаётганимда ўқувчилар билан бирга саҳна кўринишларини тайёрлар эдик. Қайта-қайта ўқиганман бу асарни, икки дўстнинг бири қочоқ, бири қаҳрамон бўлиб қолгани ҳақида ўқувчиларга айтиб берганман, кўп маротаба. Бу спектакль айнан биз учун махсус тайёрлангандек гўё. Ижодкорларга раҳмат, жуда таъсирли ўйнашибди”.

Ўш театри раҳбари Аъзамжон Абдураззоқовга кўра, икки давлатнинг маданият вазирликлари томонидан режалаштирилган дўстона ишлар амалга ошмоқда.

“Декабрь ойи бошларида бизнинг идожий гуруҳимиз Наманган, Фарғона ва Андижон вилояти театрларида гастролда бўлиб қайтишган эди. Мана бугун биз фарғоналикларни кутиб олдик. Кейинги ойда Андижон, Наманган ва Тошкентдаги театрлар жамоаларини ҳам кутиб олишни режалаштирганмиз”, – дейди Абдураззоқов.

Мана шундай учрашувни ташкил қилган, иккала давлат идораларига ҳам бирдек югуриб-елиб актёрлар ва томошабинларни таништираётган Ўш театри маъмури Дилмуроджон Ишановнинг айтишича, “бундай учрашувлар ҳар иккала томонга ҳам илҳом бахш этади”. “Ижодкорлар учун энг керакли нарса бу – эътироф. Биз бориб ўзбекистонлик томошабинларга ўзимизни кўрсатиб, дўстлашиб келдик. Бугун эса улар бизнинг томошабинларимиз учун яхши спектакл билан келишгани ҳаммамиз учун қувонарли ҳол бўлди. Чегараларимиз очиқ, шукр, борди-келдиларимиз равон бўлаверсин”, – деди Ишанов.

Фарғона театри директори Саидбек Мирзаев ҳам бу учрашувдан мамнунлигини билдирди. Мезбонларнинг илиқ муносабатлари учун раҳмат айтди.

“Ҳар иккала театр жамоаси бир-бирлари билан танишиб, ўзаро тажриба алмашишлари азалдан бор эди. Ўртада бирмунча муддат давлатларимиз орасидаги чегаралар ёпилиб, алоқаларимиз узилиб қолгандек бўлди. Мана ўша маданий алоқаларимиз қайта тикланди. Барчангиздан хурсандмиз, ҳали кўп маротаба келамиз, сизларни ҳам кутиб қоламиз”, деди у спектаклдан кейин ўтган мулоқот чоғида.

Учрашув сўнггида қирғиз халқининг азалий одатларига асосан меҳмонларга қирғизча оқ қалпоқ ва оқ рўмоллар ҳадя қилинди. Муҳими, томошабинларга ҳам спектакл маъқул бўлди.

Оқбура, Бишкек.

Расмлар муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг