Бозорларга навбат келди: Қирғизистондаги бозор эгаларининг кавушига қурт тушди

Мамлакат раҳбарияти қаттиқ огоҳлантиргач, йирик бозорларда ижара ҳақлари пасая бошлади. 

Қирғизистондаги энг йирик, пойтахт Бишкек четида жойдашган «Дўрдўй» бозорида савдо расталари (темир контейнерлар) учун тўланадиган ижара ҳаққи 50-60 фоизга камайтирилди. Бу ҳақда маълум қилган бозор эгаси Асқар Салимбеков ҳукуматнинг солиқ ислоҳотини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Норасмий маълумотларга кўра, охирги кунларда бошқа йирик бозорларда ҳам ижара ҳаққи жиддий камайтирилмоқда. Турли маълумотларга кўра, йирик бозорлардаги битта контейнер учун савдогарлар йилига 5 мингдан 50 минг долларгача ижара ҳаққи тўлайдилар.

Бу ўзгаришлар ўтган ҳафтада Қирғизистоннинг йирик бозорларидаги савдогарларнинг янги йилдан жорий этилиши кутилган янги солиқ тартибига норозилик билдириб, намойишларга чиққанидан сўнг амалга ошмоқда.

Савдогарларни норози қилган янги тартибга кўра, улар мажбурий турда касса-назорат машинаси сотиб олишлари ва қўллашлари лозим эди. Бу аппарат сотилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат ҳажмини ҳисоблаб борувчи аппарат бўлиб, савдогарларнинг бутун товар югуртиришини назорат қилиш имконини берар эди. Ҳозирда улар патент асосида савдо қилишади ва сотилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат учун ҳажмига қараб солиқ тўламайдилар.

Янги тартибга кўра улар солиқ идораларига доимий равишда ҳисобот бериб, қўшимча нарх солиғи ва даромад солиғи тўлаб боришлари лозим бўлади. Бозорларда намойишлар уюштирилиб, савдогарлар ишга чиқмай қўйишгач, президент Садир Жапаров шахсан “Дўрдўй” бозорига бориб намойишчилар билан учрашган. Унинг учрашувдаги нутқи тури норозилик ва бақириқ-чақириқлар билан аралашиб турди.

Садир Жапаров “Дўрдўй” бозорида

Сўнггида Садир Жапаров агар бозорларда намойишлар тўхтамаса, худди «Қумтўр» олтин конида бўлганидек, бозорларда ҳам ташқи бошқарув жорий этилишини айтиб огоҳлантирди. Шунингдек у агар ҳукумат «кавлашни бошласа», бозор эгалари ва савдогарлар тўламаган йирик миқдордаги солиқлар аниқланиб қолиши мумкинлигини эслатган. Ўшанда президент бундай текшириш ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига топшириқ бермаганини билдирган.

Қирғизистон махсус хизмати раҳбари Қамчибек Ташиев намойишга чиққанларни ва бозор эгаларини масалани сиёсийлаштирмаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирган. Ташиев бозорларда савдогарлар учун умуман шароит тузилмаганини айтиб, бозор эгаларидан ижара нархларини камайтиришни ва улар учун муносиб шарт-шароитлар яратишни талаб қилган.

Махсус хизмат етакчиси ўз раҳбар ходимлари ва солиқ органлари раҳбарлари билан қўшма йиғилиш ўтказиб, улар олдига муҳим масалалар қўйдики, амалда бу бозорларда катта текширувлар бошланишини кўзда тутади. Жумладан, солиқчи ва махсус хизмат ходимларига мамлакатдаги йирик бозорларнинг чинакам даромадларини яшириш ҳолларини аниқлаб, уларга йўл қўймаслик, норозилик митингларини уюштиришга алоқадор шахсларни топиш, ҳамда солиқ хизмати ходимлари орасида коррупция ва порахўрликни тугатиш каби вазифалар юкланди.

Бунгача солиқчилар орасида ҳам патент тизимини қолдириш тарафдорлари кўп экани, чунки бу тизим уларга бозорлардаги даромадни яширишга кўмаклашиш эвазига ноқонуний даромад (пора) олиш имконини бериб келгани ҳақида расмий йиғилишларда айтилиб келган. Жорий қилиш режалаштирилган янги тизим эса, ҳар бир сотилган нарса учун тўланган пул ва бутун савдо айланиши ҳажмини онлайн тарзида назорат қилиб туриш имконини беради.

Ижара ҳақлари икки баробар камайди. Қизиқ, бунинг ортидан нархлар ҳам сал пастга тушармикин?

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг