Қирғизистон президенти Фаластиндаги уруш бўйича тезда музокараларни бошлашга чақирди
Садир Жапаров Ғазодаги вазият юзасидан ташвиш билдириб, “икки давлат” принципини қўллашини маълум қилди.
Беларус пойтахти Минск шаҳрида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Кенгашининг навбатдаги сессиясида иштирок этаётган Садир Жапаров 23 ноябр куни нутқ сўзлади. У Фаластин ва Афғонистондаги вазият юзасидан фикрлари билан ўртоқлашди.
Тор доирада ўтган йиғилишда Россия президенти Владимир Путин, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва ташкилотнинг Бош котиби Иманғали Тасмағамбетовлар ҳам ўз фикрларини ўртага ташладилар.
Саммит иштирокчилари дунёда юз бераётган ташвишли ўзгаришлар ҳақида гапиришиб, такшилотнинг ушбу мураккаб халқаро вазиятда ўз салоҳияти ва тайёргарлигини юқори даражада ушлаб туриши лозимлигини таъкидладилар. Асосий эътибор Яқин Шарқда, Исроил ва Фаластин ўртасида 70 йилдан буён давом этиб келаётган уруш ва унинг фожиавий оқибатларига қаратилди. Шу вазиятдан келиб чиқиб, томонлар КХШТнинг жаҳонда тинчликни сақлаш ва халқаро ва минтақалараро хавфсизликни таъминлаш борасидаги салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
“…Биз Яқин Шарқдаги вазият ва Ғазодаги гуманитар инқирозни ташвиш билан кузатиб боряпмиз, – деди Жапаров, саммит иштирокчиларининг эътиборини Яқин Шарқдаги вазиятга қаратар экан. – Биз томонларни тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўришга, тезроқ ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва зудлик билан музокараларни бошлашга чақирамиз”.
Садыр Жапаров Қирғизистоннинг Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишда халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатларини БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош ассамблеясининг Фаластин ҳудудида иккита давлат барпо қилиш ҳақидаги принципи асосида бирлаштириш тарафдори эканини маълум қилди.
Бундан ташқари Қирғизистон раҳбари Афғонистон муаммосига ҳам эътибор қаратиб, мамлакатнинг бу ўлкада тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан тўла манфаатдор эканини, бу масалада кўп томонлама музокараларни қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилди. Унинг фикрича, Афғонистонда ижтимоий ва гуманитар аҳволни янада ёмонлашиб кетишига йўл қўймаслик учун бу ўлкага инсонийлик ёрдами кўрсатишда давом этиш лозим.
Россия ва Беларус президентлари Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳамда дунёнинг бошқа бурчакларида юз бераётган ташвишли жараёнларнинг барчасининг юзага келишида АҚШ раҳбарлигидаги ғарб давлатларини айбладилар.
Лукашенко АҚШ ва ғарб давлатлари дунёда ўзлари учунгина манфаатли бўлган тартибни ўрнатиб, бошқа давлатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари билан ҳисоблашмай келаётганлигини айтиб, бу интилишларга қарши туриш лозимлигини айтди. Худди шу маънодага гапларни Россия президенти Путин ҳам доимий равишда такрорлаб келади. Сўнгги йилларда халқаро майдонда шаклланган ташвишли аҳвол бу гапларда жон бор эканини кўрсатмоқда.
Саммит натижалари бўйича бир қатор ҳужжатлар имзоланиб, улар КХШТнинг минтақа ва дунё миқёсида тинчликни муҳофаза қилиши борасидаги ҳаракатларини яхшилаш учун шарт-шароитлар тузиши ҳақида маълум қилинди. Бу ҳақда батафсил маълумот берилмади.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди