Садир Жапаров: Давлат тилини ривожлантириш, кўп тиллиликни сақлаш – давр талаби

Президент Қирғизистонда барча миллатларнинг она тилини ривожлантиришига шароит тузилишини айтди.

Қирғизистон Республикаси ҳудудида яшовчи барча этник гуруҳларнинг она тилларини ўрганиш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар албатта яхшиланади. Бу ҳақда президент Жапаровнинг кеча, 13-ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган миллатлараро муносабатлар ва “Қирғиз жарани” концепциясини амалга оширишга бағишланган “Баҳамжиҳат халқ – кучли мамлакат” шиори остида ўтган анжуман иштирокчиларига мурожаатида айтилди.

“Халқимизнинг баҳамжиҳатлигига эришиш йўлида аниқ таъкидлашимиз керак: давлат тилини ривожлантириш, кўп тиллиликни сақлаш – давр даъвати. Қирғиз тили, ҳаммамиз яхши билганимиздек, Конституцияга кўра, Қирғизистон Республикасининг давлат тили мақомига эга. Жорий йилнинг июль ойида “Қирғизистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди. Давлат тилини билиш, қирғиз тилини ўрганиш жонажон диёримизга дахлдорлигимизни оширади, дунёқарашимизни сезиларли даражада бойитади, – дейилади матнда. – Шу билан бирга, Қирғизистон Республикаси ҳудудида яшовчи барча этник гуруҳларнинг она тилларини ўрганиш ва ривожлантириш учун шароитлар албатта яхшиланади”.

Садир Жапаров рус тили ҳам давлат тили мақомида халқ ҳаётида муҳим ўринни сақлаб қолишини таъкидлади. Шуни ёдда тутиш керакки, тилни ўрганиш орқали нафақат мулоқот усулини ўзлаштиради, балки халқнинг қалби, ўзига хос ва бетакрор дунёқараши, маънавий-аҳлоқий қадриятлари калитини ҳам олади, – дейилади мурожаатда.

“Бугунги замоннинг эҳтиёжлари шундайки, биз ҳар бир қирғизистонлик давлат тилидан ташқари ўз она тилида, шунингдек, расмий рус тили ҳамда хорижий тиллардан бирини яхши билиши учун фаол ҳаракат қилишимиз керак. Бу борада кўп тилли таълимни ривожлантириш ва жорий этиш биз учун жуда муҳим”, — дейилади ҳужжатда.

Эслатиб ўтамиз, охирги йилларда мамлакатда ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сони кескин қисқариб, қолганларида ҳам она тили ва адабиётини ўқитишга ажратилган соатлар тобора қисқариб бораяпти. Бундан хавотир олган ушбу фан ўқитувчилари президент Садир Жапаровга очиқ хат йўллаб, ушбу муаммони ҳал қилишни ўз назоратига олишни сўрашган эди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ҳар бир фуқаро, ҳар бир қирғиз фуқароси мамлакат келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олиши, унинг равнақи ва эртанги кун фаровонлигини таъминлашга ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиш вақти келди.

“Шунинг учун ҳар бир қирғизистонлик, ҳар бир қирғиз фуқаросининг қалбини “Ватан мендан бошланади! Қонунийлик мендан бошланади! Чегара мендан бошланади! Тартиб мендан бошланади! Маданият мендан бошланади! Тозалик мендан бошланади!” – деган умумий фуқаролик туйғулари биргаликда озиқлантириши керак деб ҳисоблайди давлат раҳбари.

Қирғизистонда жорий йилнинг 15-декабрь куни бўлиб ўтадиган II халқ қурултойи олдидан давлатчиликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим миллий ва халқаро тадбирлар ўтказилмоқда. Улардан бири кеча ўтказилган  “Қирғиз жарани” (Қирғизистон фуқароси) концепцияси доирасида миллатлараро тотувлик ва тинчлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ўтказилаётган “Баҳамжиҳат халқ – кучли мамлакат” миллий анжуманидир.

Қирғизистон Республикасида 2021-2026 йилларга мўлжалланган фуқаролик ўзлигини танишни ривожлантириш концепцияси – “Қирғиз жарани” деб номланиб, у амалдаги ҳукуматнинг ташаббуси ҳисобланади. “Қирғиз жарани” концепцияси Қирғизистон Республикасининг барча фуқароларини бирлаштирувчи фуқаролик ўзини танишни шакллантиришга ёндашувни илгари суради.

Концепцияда “қирғиз жарани”ни шакллантиришга мамлакатнинг барча фуқароларини ягона фуқаролик миллатига бирлаштириш ғояси илгари сурилган.

Бу ғояни амалга ошириш Қирғизистон халқининг бирлигини мустаҳкамлаш, бағрикенгликни ошириш ва хилма-хиллик қадриятларига ҳурматни сақлаш; давлат тилини ривожлантириш ва тарғиб қилиш, кўп тиллиликни сақлаш ва ривожлантириш; бошқарув ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш учун тенг шароитлар яратиш; сиёсий институтлар ва давлат органларига ишончни ошириш вазифаларни белгилайди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 90га яқин миллат вакиллари истиқомат қилади. Расмий статистикага кўра, уларнинг 72,8% қирғизлар, 14,5% ўзбеклар, тахминан 6,2% руслар, 1,1% дунганлар, уйғурлар ва тожиклар 1% атрофида бўлиб, қолган миллатлар ўртача 4%ни ташкил қилади. Бугунги кунда мамлакатда мактаб таълими қирғиз, рус, ўзбек ва тожик тилларида олиб борилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг