Исроил-Фаластин уруши: Тошкентда Фаластин халқини қўлловчи баёнотлар янгради

Тинч аҳолини қиришни ва қотилларни қўллаб-қувватлашни бас қилиш уларнинг ўзагини ташкил қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8-9 ноябр кунлари Тошкентда ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИТҲ) кирган давлатлар раҳбарлари саммитида сўзлаган нутқида Яқин Шарқдаги вазиятнинг “глобал тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётганини” айтиб, бир ойдан бери урушаётган ҲАМАС ва Исроилни ўт очишни тўхтатишга чақирди.

«Минг афсуски, бу қонли низо оқибатида аввало, тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлмоқда. Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда”, – деди Мирзиёев. – “Қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз”.

Ғазо ҳудудининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, ўтган бир ой ичида Исроилнинг ҳаво, ер ва сувдан бераётган тинимсиз зарбалари остида 10 мингдан зиёд фаластинлик ўлган, уларнинг 4800 нафардан зиёди болалар экани айтилмоқда. Халқаро ҳамжамиятнинг қатъий чақириқларига қарамай, Исроил қирғинни давом эттирмоқда ва сўнгги кунлардагина 4 соатга ўқ отишни тўхтатиб туришга кўнди. Бу вақт ичида қочқинлар хавфсиз жойга кўчиб ўтишлари ва муҳтожларга инсонийлик ёрдамлари келтириби берилиши керак.

ҲАМАС 7 октябрда уюштирган ҳужум оқибатида Исроил томондан 1400 киши ҳалок бўлган ва 241 нафар исроиллик гаровга олинган.

Шавкат Мирзиёв Фаластин халқининг ўзининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларида тасдиқланган мустақил давлатини барпо этиш ҳақидаги ҳуқуқига эга экани ҳақидаги Ўзбекистоннинг қатъий позициясини яна бир бор баён қилди.

Ушбу саммитда иштирок этаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ғарбни “Исроил амалга ошираётган жиноятларни қўллаётганлик”да айблади. Эрдўғон ўз нутқида Исроил Ғазода “инсоний қадриятларни топтаётгани”нини эътироф қилиб, бугунги кунгача

Ғазода деярли 11 минг киши ҳалок бўлгани ва уларнинг 73 фоизи аёллар ва болалар эканини айтди. Туркия раҳбари Исроил ҳукуматининг Ғарб давлатлари қўлловида мактаблар, масжидлар, черковлар, касалхоналар, университетлар ва турар-жой биноларини бомбардимон қилишда давом этаётганини айтиб ўтди.

“Биз ҳаттоки болалар ўлимини оқловчи фанатизмга билан юзма-юз келмоқдамиз”, – деди Эрдўғон. – “…Агар биз бугун Иқтисодий Ҳамкороик Ташкилоти бўла туриб, мусулмон сифатида овозимизни баланд кўтармасак, яна қачон кўтарамиз?”

Шу вақтнинг ўзида АҚШ бош бўлган Ғарб давлатлари Исроилни қўллашда давом этмоқда. Жумладан, 7-8 ноябрда Японияда ўтган “Катта еттилик” мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари саммитида ҳам ҲАМАС-Исроил уруши бўйича ягона позицияларини билдиришди. Улар биринчи галда ҲАМАСнинг 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужумини қоралашган. Исроилнинг Ғазодаги хунрезликлари ҳақида оғиз очмаган ҳолда урушаётган томонларни халқаро меъёрларга риоя қилишга ва инсонийлик ёрдамини етказиб беришни таъминлаш учун ўт очишни тўхтатишга чақирилган.

Маълумки, бугунги кунда Ғазо ҳудуди Исроил томонидан қамалга олиниб, тинимсиз бомбардимон қилинмоқда. Одамлар турар-жойларидан ажраб, сувсиз, озиқ-овқат ва оддий гигиена буюмларисиз қолишган.

Тошкентда ўтган ИҲТнинг 16-саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар ҳамда ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилот (ИТҲ)

Саммитда савдо-иқтисодий, сармоялар, транспорт-коммуникация ва гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Саммитда ядро қуролига эга бўлган ягона мусулмон давлати – Покистоннинг Фаластин масаласидаги позицияси қандай бўлгани ҳақида маълумот берилмади. Шу кунгача ҳам Покистон бу борада ўз сиёсатини ошкор эълон қилганича йўқ.

Юқорида номалри тилга олинган давлатлар иштирокидаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 1985 йилда тузилган. Унинг доимий равишда фаолият юритувчи котибияти Эрон пойтахти Теҳронда жойлашган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг