БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Ғазонинг болалар қабристонига айланганини айтди
Исроил ташқи ишлар вазири бунга жавобан сурбетлик билан Ғазода 200 киши гаровда ушлаб турилганини айтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котиби Антониу Гутерриш, бугун, 7 ноябр куни Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини яна бир бор кескин танқид қилди. У тинч аҳолига инсонийлик ёрдами етказиш бериш учун зудлик билан бу ҳудудни ўққа тутишни тўхтатишни талаб қилди.
Антонио Гутерриш Исроил давлатининг адолатли уруш борасидаги халқаро қонунчилик талабларини очиқдан-очиқ бузаётганини айтиб, Исроилнинг ҲАМАСга қарши урушида тинч аҳолини ҳимоя қилиш «асосий мақсад бўлиши керак» эканини эслатди.
“Озодлик” радиоси Бош котибнинг “Исроил тинч аҳолини қатлиом қилишда, касалхоналар, қочқинлар лагерлари, масжидлар, черковлар ва фуқаролик инфратузилмасини, жумладан, бошпаналарни вайрон қилишда давом этмоқда. Ғазо болалар қабристонига айланди”, деган сўзларини келтирди.
БМТ Бош Ассамблеяси ва шахсан Гутерриш Исроилнинг бу қирғинини аввал ҳам қоралаб, уни бу вахшийликни тўхтатишга чақирган. Лекин босқинчи давлат бу мурожаатларни писанд қилмаяпти. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн Бош котибнинг сўзларига жавобан “уят, Антонио Гутерриш! Ғазо секторида 30 дан ортиқ болалар, жумладан, 9 ойлик чақалоқ ўз иродасига қарши ушланиб турилмоқда”, деб жавоб берди.
БМТнинг асосий тузилмалари, жумладан, Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), Жаҳон озиқ-овқат дастури ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарлари ҳам 5 ноябр куни қўшма баёнот қабул қилишиб, Исроилни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақиришди.
Баёнот муаллифлари деярли бир ойдан бери халқаро ҳамжамият Фаластин ҳудудидаги вазиятни кузатиб, ҳалок бўлганлар сони ортиб бораётганидан ғазабланаётганини ва бунга зудлик билан чек қўйиш кераклигини атдилар.
“ҲАМАС жангчиларининг Исроилдаги ҳужуми натижасида 1400 га яқин одам ҳалок бўлган, минглаб одамлар яраланган. Бу даҳшатли. Лекин ундан ҳам даҳшатлироғи, Ғазо секторида тинч аҳолининг оммавий ўлдирилиши, 2,2 миллион фаластинликнинг озиқ-овқат, сув, дори-дармон, электр ва ёнилғи таъминотидан узилиб қолгани каби энг ёмон ҳолатда қолаётганидир», – дейилади баёнотда.
БМТ яна бир бор гаровга олинган барча тинч аҳолини зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга чақириб, шу вақтнинг ўзида тинч аҳоли ва шифохоналар, бошпаналар ва мактабларнинг ҳимоя қилиниши кераклигини эслатди.
Баёнотда шунингдек бугунги кунга қадар Ғазо секторида БМТ тузилмаларининг 88 нафар ходими ҳалок бўлгани эътироф этилди.
Бутун дунёда, асосан мусулмон бўлмаган давлатларда Исроилнинг бу ғайриинсоний қирғинига қарши намойишлар бўлаётган пайтда минтақада жойлашган мусулмон, асосан араб давлатлари ҲАМАСнинг Исроилга қарши олиб бораётгани уруш жиҳодми, йўқлиги ҳақида мунозара қилишиб, Ғазода тинч аҳоли оммавий тарзда ўлдирилаётганини кузатиб туришибди.
Исроилга қарши турган асосий куч – Эрон эса АҚШ билан урушишга тўғри келиши сабаб ва урушнинг бутун минтақага ёйилиб кетишини истамаган ҳолда вазиятга бевосита амалий-ҳарбий тарзда аралашмай турибди.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди