Қарз гирдобида: Келаси йил Қирғизистон учун молиявий жиҳатдан оғир йил бўлади

Мамлакатнинг ташқи қарзи 4,5 миллиард долларга яқинлашиб қолди. Ички қарз ҳам миллиард доллардан ортиқроқ.

Президент Садир Жапаров ўзининг Фейсбукдаги навбатдаги постини мамлакатнинг ташқи ва ички қарзларига бағишлади. Унинг ёзишича, келаётган 2024 йил ташқи қарзларни тўлашнинг ҳажмлари бўйича энг юқори чўққисига тўғри келади. Президент келаси йил қарзнинг қанча қисмини тўлашга тўғри келишига аниқлик киритмаган.

У ўзи ҳокимият тепасига келган 2020 йили давлатнинг ташқи ва ички қарзи 5 миллиард долларга етганини, энди ўша қарзларни устамаси билан тўлаш даври келганини маълум қилди. Президент “тинчлик ва барқарорлик бўлса, бу қарзларни тўлаб қўйиш имкони борлигини” ҳам ёзган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябрида мамлакатда учинчи марта ҳокимият куч билан алмаштирилиб, ҳокимият тепасига бунгача қамоқхонада ётган Садир Жапаров келган эди. Ўшанда кўпчилик мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий инқироз туфайли ташқи қарзларни тўлашнинг имкони йўқлиги ва шу сабаб қарз берган давлатлар, биринчи галда Хитойга стратегик аҳамиятга эга бўлган иншоотларни ўтказиб беришга тўғри келишини башорат қила бошлаган эди.

Лекин Садир Жапаров ҳокимятга келган биринчи кунларидаёқ бу қарзларни тўлаш учун мамлакатнинг салоҳияти етарли экани, янги ҳокимият ўша имкониятлардан фойдаланиб, мамлакатни ривожланиш йўлига олиб чиқишини ваъда қилган эди. Шундан буён коррупцияга ва уюшган жиноятчиликка қарши олиб борилган кураш натижасида давлат хазинасига кўплаб маблағ туша бошлади. Мамлакат кутилганидек молиявий инқироз ботқоғига ботиш тугул, ижобий кўрсаткичларга эришиб, йирик лойиҳалар, қурилишларга асос солинди, ташқи қарз ҳам аввал келишилган жадвал асосида тўлаб келинмоқда.

«Қирғизистондаги пандемиягача бўлган инқироз, бюжет тақчиллиги, дунёда бўлаётган тангликка қарамай, қарзларни ўз вақтида тўлаб келаяпмиз… Энг асосийси, биз ташқи қарзни ўз кучимиз билан, аниқроқ айтганда, бюжет маблағлари ҳисобидан тўлаб келяпмиз. Авваллари эса қарзнинг қандайдир қисмини яна ташқаридан грант ёки қарз олиб ёпардик”, – деб ёзди Садир Жапаров.

Давлат қарзларининг асосий қисми Қирғизистон мустақиллигининг дастлаббки йилларида президент Асқар Ақаев даврида олинган. Бу қарзларнинг қанчалик мақсадга мувофиқ бўлгани борасида доимий равишда танқидий фикрлар билдирилиб келади. Ақаев ташқи дипломатияни кучайтириб, мамлакатнинг нуфузини ошириш ва миллионлаб ташқи қарзларнинг кечиб юборилишига ҳам эришган.

Қирғизистон Молия вазирлиги берган расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг май ойига қадар мамлакатнинг давлат қарзи 5 млрд. 667 миллион доллардан ошган. Бу – Қирғизистон халқининг киши бошига, яъни янги туғилган чақалоқдан тортиб энг қарисигача бўлган фуқароларнинг ҳар бирига 800 доллардан кўпроқ қарз тўғри келади деган гап. Бу қарзларнинг қарийб 4 млрд. 490 миллион доллари ташқи қарз, 1,17 млрд.дан кўпроғи ички қарз.

Бу муаммоларни ҳал қилинишининг шарти сифатида коррупцияни йўқ қилиш вазифасини айтар экан, Садир Жапаров бугунги кунда Қирғизистонда коррупция 90 фоизга йўқ қилингани ва шу сабаб ўлканинг бюжети ҳажми кўпайиб бораётганини маълум қилди.

“Ташқи қарзни тўлаш билан бирга ойлик маош, пенсия ва нафақа пулларини ҳам кўтариб келяпмиз. Армиямизни кучайтиряпмиз. Охирги 2 йил ичидагина деярли 2 млрд. долларлик янги намунадаги замонавий техникаларни сотиб олдик. Йўллар солиняпти. Мактаблар, бола боғчалари, темир йўл, катта ГЭСлар, аэропортларни қуряпмиз. Ички ҳаво қатнови учун тўртта учоқ сотиб оляпмиз. Минг дона автобус сотиб олдик”, – деб ёзади Жапаров.

Бир неча ой аввал Миллий хавфсизлиги давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев коррупцияга қарши курашнинг иккинчи давраси бошланганини эълон қилиб, бу даврнинг аввалгисидан оғирроқ бўлишини айтган. Яқинда у Қирғизистонда Кўлбаевлар (махсус амалиёт  давомида отиб ўлдирилган ўғрибоши) мафияси, Матраимовлар (мамлакатдаги коррупция рамзига айланган собиқ Божхона хизмати раиси ўринбосари) мафияси бўлмаслигини ваъда қилди.

“Раимбек Матраимовнинг мамлакатда қолгиси келса, кичкина “Матиз” автомашинасида юрсин”, деди Ташиев киноя билан.

Бунгача божхонада улкан коррупция тизимини барпо қилган Матраимов коррупцияга алоқадор айбини қисман бўйнига олиб, давлат хазинасига 2 млрд. сўм тўлаб берган ва жавобгарликдан қутулиб қолган эди. Унинг ҳозир қаерда экани ноъмалум.

Бугунги кунда мамлакатда инфляция кучайиб, энг зарурий деб тан олинган маҳсулотлар нархи тинимсиз ошиб бормоқда. Бунга Россия-Украина уруши ва шу сабаб ғарб давлатларининг Россияга қарши киритган санкциялари туфайли минтақада ва умуман халқаро майдонда юзага келган танглик ҳам жиддий таъсир қилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг