Россия-Украина уруши: Россияга қарши кучларнинг аҳволи танглашмоқдами?
АҚШ Конгресси Украинага пул ажратишга қарши, Европа Иттифоқи қиш мавсумидан хавотирда.
АҚШ президенти Жо Байден мамлакатнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этиши зарурлигини таъкидлаб, Конгрессни бу давлатга маблағ ажратишда давом этиш юзасидан тезроқ муросага келишга чақирди.
Гап шундаки, АҚШ Конгрессининг иккала палатаси ҳам тасдиқлаган вақтинчалик тузилган давлат бюджетига Украинага ажратилиши кўзда тутилган ҳарбий ёрдам киритилмаган. Президент маъмурияти киритган таклифга кўра, АҚШнинг Украинага оз эмас, кўп эмас, 24 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш таклиф қилинган эди. Бу рақамга Сенат ва Вакиллар палатасидаги айрим республикачилар қарши чиқишмоқда.
“Биз ҳар қандай шароитда ҳам Украинага Америка ёрдамини вақтинча тўхтата олмаймиз”, – деди Байден Конгресс қарорига муносабат билдириб.
Жорий йилнинг сентябрига қадар АҚШ Украинага ёрдам сифатида ўз бюджетидан салкам 111 миллиард доллар маблағ ажратган. Собиқ президент Дональд Трамп ва бошқа кўплаб сиёсатчилар бунга қарши чиқиб келадилар.
Куни-кеча, 1 октябрда Киевга келган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Жозеп Боррель Европа Иттифоқининг қандай ҳолат бўлганда ҳам Украинага молиявий кўмак кўрсатишда давом этишини билдирди. Боррель бу ёрдамнинг узоқ муддатга режалаштирилгани ва у АҚШда юз бераётган жараёнларга боғлиқ эмаслигини маълум қилган. Аммо вақт бу ташкилотда ҳам Украинага ёрдам кўрсатиш борасида фикрлар якдил эмаслигини кўрсатмоқда.
Масалан, Венгрия раҳбарияти аввалбошдан Украинани ҳарбий томондан қўллаш ва Россияга қарши киритилган санкцияларга қарши чиқиб келади. Ўтган ҳафта эса Словакияда ўтган сайловларда “Курс – Словакия социал-демократияси” номли партия ғалаба қозонди. Унинг раҳбари Роберт Фицо Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишга қарши чиқиб келаётган таниқли сиёсатчилардан.
Англиянинг нуфузли Financial Times нашри энди Европа Иттифоқида Украинага қарши яна битта овоз пайдо бўлганини ёзди. Нашрнинг ёзишича, “Фицо партиясининг ғалабаси – АҚШ ва Европа Иттифоқи учун ташвишли белги”.
Россиялик сиёсатшунос, Марказий ва Шарқий Европа бўйича мутахассис Иван Преображенский Фицонинг Россия ҳамкори бўлмаслигини, лекин Украина ўзининг битта ишончли ҳамкоридан айрилганини айтди. Унинг эътироф этишича, Россия Фицонинг ғалабасини ўзининг ютуғи сифатида нишонламоқда, чунки “Украинанинг фронторти заифлашди”.
Урушнинг бу қадар чўзилиб кетиши нафақат Россия, балки АҚШ, Европа ва бутун дунё давлатлари ҳам муаммо туғдирмоқда. Ҳатто Марказий Осиё давлатларида ҳам АҚШ доллари ва Россия рублининг “сакраб туриши” оқибатида нархлар ошиб бормоқда.
Яқинда Европа Иттифоқи раҳбарияти қиш яқинлашиб келаётгани муносабати билан қитъа давлатлари ва бутун дунё мамлакатлари раҳбарларига мурожаат қилиб, қиш мавсумида Украинанин қўллаб-қувватлашга чақирди. Гап шундаки, ўтган йили қишда Россия Украинанинг энергетика тизимига зарбалар бериб, мамлакатда кучли энергетика кризиси вужудга келган эди. Бу эса ўз навбатида Европа ва АҚШ учун ҳам қўшимча ҳаражатлар билан боғлиқ муаммолар туғдирди.
Европа Иттифоқи дунё мамлакатларини Украинага ҳаво ҳужумидан мудофааланиш тизимлари ва генераторлар билан ёрдам қилишга даъват этди. Ҳозирча бирор давлат бу чақириққа очиқ жавоб бергани йўқ.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди