Қирғизистон-Тожикистон: Тинчлик сари яна бир қадам

Икки давлат ўртасидаги чегараларни аниқлаш бўйича яна бир ҳужжат имзоланди. Ҳозирча маҳфий.

Қирғизистон вазирлар маҳкамаси тарқатган хабарга кўра, кеча, 2 октябрда Боткенда Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича икки ҳукумат делегациялари учрашуви бўлиб ўтди. Икки давлат миллий хавфсизлик идоралари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимовлар раҳбарлик қилган бу учрашувда яна бир протоколга қўл қўйилган.

Чегараларни аниқлаш, уларни делимитация ва демаркация қилишни тезлаштириш масалаларига оид бу протоколнинг мазмуни ва моҳияти ҳақида маълумот йўқ. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Сўғд вилояти ҳокимлигининг бу учрашув ҳақида тарқатган хабарларида ҳам бу ҳақда маълумот берилмаган.

Ҳар икки томоннинг расмий маълумотларида айтилишича, давлат чегараларини делимитация қилиш бўйича атрофлича фикр алмашилган. “Делегация раҳбарлари қолган участкаларда ҳам чегара ўтган чизиқларни баён қилиш бўйича ишларни фаоллаштириш зарурлиги бўйича тўла ўзаро тушуниш борлигини эътироф этишиб, ишчи гуруҳларга тегишли топшириқлар беришди”, дейилади икки давлатнинг Ташқи ишлар вазирликлари берган маълумотда.

Шунингдек, “учрашув давомида чегара ҳудудларида дўстлик, ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида белгилангани” ҳам эътироф этилган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2020 йилгача бу чегаранинг 519 километри хусусида умумий битимга келинган. Қолган ҳудудлар бўйича музокаралар жуда мураккаб бормоқда. Орада чегара ҳудудларида қуролли тўқнашувлар ҳам бўлиб турибди.

Жумладан, 2021 йилнинг ёзида ва  2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлди. Ўн минглаб маҳаллий аҳолини хавфсиз жойларга кўчиришга тўғри келди.

“Озодлик” берган хабарга кўра, президент маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлимининг собиқ бошлиғи, Ташиев билан яқин экани айтиладиган журналист Нурғази Анарқулов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида, “Тожикистон ўзининг ҳудудий даъволаридан воз кечди”, деб ёзди.

Сал аввалроқ, Қамчибек Ташиев икки давлат чегарасида ўтган йили содир этилган қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлганларни хотирлаш маросимида Тожикистоннинг ўз ҳудудий даъволаридан бош тортмаётганини ва Қирғизистон ҳам бунга жавобан тарихий ҳужжатлар асосида Тожикистонга ўз ҳудудий даъволарни қўйиши мумкинлигини айтган.

Шундан сўнг Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистоннинг Душанбедаги элчисини ҳузурига чақиртириб, унга норозилик билдирган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг