Марказий Осиё: Минтақа давлатлари ун ва буғдой нархи устида бош қотиришмоқда

Қозоғистондаги об-ҳаво ва бутун минтақада буғдой ва ун нархларининг ошишига олиб келди.

Сўнгги ҳафталарда мамлакатда маҳаллий бозорнинг 50 фоизини эгаллаган Қозоғистон унининг нархи кескин ошди. Вазиятдан келиб чиқиб, 22 сентябрь куни Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси олти ой муддатга буғдой ва буғдой унини экспорт қилишни тақиқлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тақиқлов таклифи билан чиқар экан, бу чорани мамлакатда ун нархининг сезиларли даражада ошиши ва унинг танқислиги «озиқ-овқат инқирозига олиб келиши мумкинлиги» билан асослади.

Қирғизистон ҳукумати аввалроқ мамлакатда буғдой тақчиллиги йўқлигини, нархларнинг ошиши эса фақат Қозоғистон унига алоқадор эканини билдирган эди. Унинг сабаби эса Қозоғистондан дон олиб келинадиган темир йўлларнинг мавсумий тирбандлиги билан тушунтирилган.

Ун тегирмонлари уюшмаси маълумотларига кўра, Қозоғистон уни Қирғизистон ички бозорининг 50 фоизини эгаллайди, дея аниқлик киритмоқда Tazabek. «Озодлик» радиоси маълумотларига кўра, маҳаллий бозорларда Қозоғистондан келган бир қоп ун 1000 сўмга (тахминан 11 доллар) қимматлаган. Шундан сўнг, дўконларда маҳаллий уннинг нархи ҳам оша бошлаган.

Қирғизистон ҳукумати Давлат моддий захиралар жамғармасидаги буғдой захираси етарли экани ва реал танқислик юзага келган тақдирда уни ишлатишга тайёрлигини ҳам қайд этди. Кейинчалик маълум бўлишича, жамғарма 40 минг дона буғдойини истеъмолга чиқарган, лекин бу нарх ошишини олдини ололмади.

Ҳукумат бошлиғи ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ўзининг Facebook саҳифасида ун нархи ошмайди, деб ишонтириб ёзиб чиқди.

Махсус хизматлар раҳбари нархлар ошиши ҳақида ташвиш билдирган депутатларга жавобан нархларни ушлаб туриш учун қўшимча чоралар кўрилади.

“Ҳа, ҳақиқатан ҳам Қозоғистонда ун нархи ошди, лекин бу бизга боғлиқ эмас ва халқимизга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Биринчи навли уннинг бир килограмми 30 сўм, бир қопи 1,5 минг. Яқин келажакда у арзонлаши мумкин, чунки биз ғаллани арзон нархда ғамлаб олдик. Бу бизга кейинги ҳосилга қадар етади. Ўсимлик ёғи ва шакар захиралари ҳам етарли, нархлар кўтарилмайди. Мамлакатимизда озиқ-овқат етарли”, – деб ёзди у.

Бундан аввалроқ парламент йиғилишида депутат Марлен Маматалиев ун ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошаётгани масаласини кўтариб, Вазирлар маҳкамаси аъзоларини ўз ишларини сусайтирмасдан тез бажаришга чақирган. Бунинг учун озиқ-овқат хавфсизлиги учун масъул амалдорлар учун машҳур реклама ролигидаги “Ваҳимага тушма – сникерсла!” (“Не тормози – сникерсни”) иборасига ишора қилиб, “Сникерс” шоколадлари сотиб олишни таклиф қилди. Депутат Тазабек Икромов ҳам Вазирлар маҳкамаси қиш мавсуми ва нархларнинг ошишига тайёр эмаслигини айтган эди.

Бунга жавобан Ташиев истеҳзо билан Маматалиев ва Икрамовга қарата ўша реклама ролигидаги сўзларни тескарисига ўзгартириб, “Тормози – сникерсни” (“Ўзингни бос – сникерсла!”), – деган иборани ишлатган.

Ундан аввал депутат Жусупбек Қўрғўнбай уулу ҳам ун нархининг ошишидан хавотир билдириб, муаммони дон маҳсулотларининг Ўзбекистонга экспорт қилинаётгани сабабли Қирғизистонда омборлар бўшаб қолаётганини айтган.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитасининг Kursiv.uz келтирган маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки етти ойида мамлакат Ўзбекистонга 15 минг тонна буғдой унини экспорт қилган.

Ҳар йили минглаб гектар экин майдонлари ишлатилмай қолиб кетаётган Қирғизистон ун ва буғдой импортига қарам мамлакат. Қозоғистондан йилнинг биринчи ярмида қарийб 16 200 тонна ун импорт қилинган. Бу жами импортнинг 88 фоизини ташкил этиб, қолган 12 фоизи Россия улушига тўғри келади. Қирғизистонга кириб келаётган буғдойнинг 97 фоизи Россияга тўғри келади.

Яқинда Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ижтимоий аҳамиятга эга бўлган юклар – дон, нефт, шакар ва ёқилғи-мойлаш материалларини узлуксиз етказиб беришни таъминлашга келишиб олишди. Тегишли битим Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида бўлиб ўтган ҳукуматлараро кенгаш чоғида имзоланган.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам ун ва нон нархи ошгани, бунинг Қозоғистондан импорт қилинадиган ғалла нархининг ошишига боғлиқ эканини билдирган. Вазирлиги нархларнинг ўсишини мавсумий тебранишлар билан изоҳлар экан, россиялик трейдерлар ҳаракатига ҳам ишора қилди.

Қозоғистондан импорт қилинадиган дон нархи ошиши фонида Ўзбекистонда ҳам Қирғизистонда бўлганидек, ун ва нон нархи кескин ошди.

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида  ун нархининг (бир қоп — 50 кг) 185 мингдан 220 мингга кўтарилган бўлса, Андижон вилоятида Қозоғистондан келадиган уннинг нархи бир ҳафтада 270−280 минг сўмдан 420−430 минг сўмга, маҳаллий ун эса 180 минг сўмдан 230−240 минг сўмга кўтарилди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Анвар Каримовнинг Kun.uz нашрига айтишича, мамлакатда буғдой захиралари етарли.

“…Қозоқ буғдойи вақтинчалик тўхтаб қолгани учун ажиотаж бўлиши мумкин, нархлар 20 кунларда жойига келади», – деди Анвар Каримов.

Ун нархининг кўтарилиши қўшни Тожикистонда ҳам кузатилган. “Озодлик”нинг тожик хизмати хабар қилишича, Тожикистонда охирги ҳафтада ун нархи деярли 20 фоизга ошган.

Ишбилармонларнинг айтишича, ун нархи ташқи омиллар таъсирида кўтарилмоқда. Монополияга қарши хизмат буни Қозоғистонда ун нархи ошиши билан изоҳлаган.

Тожикистон ҳам ўз буғдойи билан халқнинг эҳтиёжини қондира олмайди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, аҳоли томонидан йиллик ун истеъмоли 1,5 миллион тоннани ташкил этади. Дон ва ун асосан Қозоғистондан сотиб олинади. Тожик ҳукумати ун нархи ошишда давом этса, қандай чоралар кўришини маълум қилгани йўқ.

Eldala.kz хабарига кўра, Қозоғистоннинг шимолий вилоятларида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилини йиғиб олиш муаммо бўлмоқда. Шу сабабли дон маҳсулотларини етказиб бериш ва сотиб олиш бўйича нархларни аниқлаш мумкин бўлмаяпти. Шунинг важидан нархлар “ўйини” 2023 йилги ҳосилнинг ҳажми ва сифати аниқ бўлгунига қадар давом этиши тахмин қилинмоқда.

Марказий Осиё минтақасида учинчи навли буғдойнинг экспорт нархи ўтган ҳафтада бир тонна учун 285 доллардан 320 долларга ошди. Нархлар бўйича йўриқнома йўқлиги сабабли бозорда ажиотаж кузатилмоқда, деб ёзади сайт.

Нархлар ошишининг сиёсий сабаблари ҳам бор-йўқлиги ҳақида ҳали фикр билдирилгани йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг