Солижон Шарипов: Уч миллат Қаҳрамони

Биринчи ўзбек фазогири Солижон Шариповни таваллуд куни билан табриклаймиз!

Бугун, 24 август куни Россия Федерацияси ва Қирғизистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасининг «Буюк хизматлари учун» ордени нишондори, учувчи-фазогир Солижон Шарипов ўзининг 59 ёшини қаршилади.

Умрини болаликдаги комонавт бўлишдек орзусига бахшида қилган, Қирғизистондан чиққан биринчи, СССР ва Россиядан 88-чи, жаҳондаги 500га яқин фазогир орасидан 372-чи бўлиб фазога чиққан афсонавий инсон ҳамон сафда. Космонавтика соҳасида жиддий кашфиётлар қилиб, бу йўналишда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб келяпти.

Биз жуда мураккаб шароитларга қарамай, қийинчиликларни енгиб ўтиб, чексиз фазони забт этган, бу соҳада оламшумул натижаларга эришган, миллатимизнинг, юртимиз, минтақамизнинг соф қалбли ҳар бир инсонининг чинакам фахри бўлган Солижон Шокирович Шариповни таваллуд куни билан самимий муборакбод этамиз!

Миллатимизнинг, юртимизнинг муносиб ўғлонига мустаҳкам соғлик тилаймиз, умри узун ва баракотли бўлишига, оилавий ҳаётида ва ишларида баркамоллик, шодлик ва янги-янги зафарлар тилаймиз! Яратгандан яна узоқ йиллар миллионлаб ёшларимизга йўлчи юлдуз бўлиб, тирик намуна бўлиб юраверишини, илҳомбахш ҳаёти ва муваффақиятларининг янада гўзал ҳолатда бардавом бўлишини сўраймиз.

Бизнинг маълумот:

Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Солижон Шокирович Шарипов 1964 йилнинг 24 августида Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. 1990-йилда Совет Иттифоқи фазогирлари қаторидан ўрин олган.

Солижон Шарипов 1998 ҳамда 2004-йилларда икки марта фазога парвоз қилган. Биринчи парвозида Россия-АҚШ халқаро космик экипажи командири сифатида 8 кундан ортиқроқ фазода бўлиб, парвоз давомида у бошқарган кема Россиянинг “Мир” орбитал мажмуасига уланган.

Иккинчи парвозини Россиянинг «Союз ТМА-5» космик кемасида борт муҳандиси сифатида амалга ошириб, олти ярим ой давомида фазода бўлган. Бунинг орасида икки бора очиқ фазога чиққан.

Оилали, турмуш ўртоғи Насибахон Шарипова билан бир қиз ва бир ўғилни тарбиялаб вояга етказишди.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг