«Илҳом» клуби ижодкорлари “Саҳоба” оромгоҳида учрашдилар

Қирғизистондаги ўзбек адабий муҳити ўзининг тикланиш, янгиланиш даврини бошидан кечирмоқда.

Жорий йилнинг 19-август куни Ўш вилоятидаги сўлим Новқатнинг “Саҳоба” дам олиш масканида «Илҳом» клуби ижодкорларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унга Қирғизистонда ўзбек тилида қалам тебратувчи шоир ва ёзувчилар ташриф буюрдилар.

Тадбирни Бозорқўрғон шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази таъсис кенгаши аъзоси, “Қирғиз шоир ва ёзувчилари” жамоатчилик фондининг туман бўйича мувофиқлаштирувчиси Юнусжон Тешабоев олиб борди. У барча ижодкорларга ташрифлари учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, «Илҳом» клубининг Қирғизистондаги ўзбек адабий муҳитида маҳаллий истеъдод соҳиблари учун маҳорат мактаби бўлиб қолганини таъкидлади.

Юнусжон Тешабоевнинг фикрича, клуб таркибига ёш ижодкорларнинг кириб келаётгани клубнинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш имкониятлари юқори эканлигини билдиради, уюшма салоҳиятини оширади, ёш ижодкорларга эса ўз маҳоратларини ошириш учун кенг йўл очади.

Таниқли ёзувчи ва драматург, «Илҳом» клубининг таъсисчиларидан бири Абдуғани Абдуғафуров тадбирда ўзининг ичакузди ҳангомалари билан мухлисларга кулги улашди, клубнинг келгуси ишларига омад тилади.

Истеъдодли шоир ва фаол жамоатчи, «Илҳом» клубининг раҳбари Абдулҳақ Абдумаликов ташриф буюрган ижодкорларга миннатдорчилик билдирди, клубнинг олдига қўйилган мақсадларга эришиш учун барча имкониятларини ишга солишини айтди. Шундан сўнг у йиғилганлар орасида ўзига хос ижодий мушоирани бошлаб берди.

Шундан сўнг ижодкорлардан Қосимжон Раҳмиев, Аъзам Раҳим, Арслон Расул, Илҳом Ҳолматов, Муҳаммад Амин Ҳожиакбаров, Матлуба Мусабоева, Улфатхон Иброҳимова, Илтифотхон Отахонова, Ойдин Соипова, Зоҳиджон Рўзиалиев, Қуддус Юсуф, Пирмуҳаммад Мирзамаҳмудов ва бошқа ижодкорлар ҳам ўз ижод намуналаридан ўқиб, шеърият борасидаги қизиқарли фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Учрашувга меҳмон сифатида Тошкентдан «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раиси, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов, Бишкекдан моҳир журналист, муҳаррир ва таржимон Абдумўмин Мамараимовлар ташриф буюришиб, клуб фаолияти, Қирғизистондаги адабий муҳит, журналистика соҳаси борасидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар.

Асли Ўшда туғилиб ўсган Зуҳриддин Исомиддинов Қирғизистон ва Ўзбекистон мамлакатлари ўртасида адабий-маърифий, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида икки халқ адибларининг сара асарларини ўзбек ва қирғиз тилларига таржима қилиш борасидаги эзгу ташаббуслари хусусида сўзлаб берди. Унинг миллий адабиётимизни ривожлантириш, ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида жамият томонидан амалий ишлар олиб борилаётгани ҳақидаги маълумотлари йиғилиш иштирокчиларини хушнуд этди.

– Асосий мақсадимиз – ижодкорлар ўссин, лекин аввало халқимиз ўссин, одамлар кўпроқ адабиётдан баҳра олсин, адабиётга ошно бўлсин, – деди сўзини якунлаб Зуҳриддин Исомиддинов.

Абдумўмин Мамараимов «Илҳом» клубининг фаолияти ва бу билан боғлиқ жараёнларни кузатиб боришини айтиб, келажакда уюшманинг ўз олдига қўйилган мақсадларига эришиш йўлида муваффақиятлар тилади. У “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг “Алишер Навоий институти” ва “Оқбура” номли сайтлари фаолияти ҳақида қисқача айтиб ўтди. У жамият ва икки сайтнинг мақсадларидан бири Қирғизистондаги ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш эканини эътироф этди.

Мамараимов йиғилганларни журналист касбини эгаллаш истагида бўлган қобилиятли ёшларни топишга ёрдам беришларини сўраб, жамият ва сайтлар раҳбарияти уларнинг ижодий маҳоратларини оширишга, кучли журналист ва ижодкор бўлиб шаклланиши учун ўқитиб, қўллаб-қувватлашларини айтди.

Боткен вилоятининг Лайлак туманидан ташриф буюрган қирғиз миллатига мансуб, аммо ўзбек тилида ижод қилувчи шоира, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Гулнорахон Холматованинг чиқиши йиғилганларда зўр тассурот қолдирди.

– «Илҳом» клуби ҳақида эшитиб, сизларнинг исмларингизни олисдан таниб, асарларингизни мутолаа қилиб, сизлар билан дийдорлашишга етолмай юрардим. Мана, бугун Аллоҳим ана шу орзуимга етказди. Мен ўзим қирғиз қизи бўлсам ҳам, ўзбек тилида ўқидим, Навоий тили билан тилим чиқди, десам адашмаган бўламан. Сабаби, болалигимдан адабиётни ўзбек тилида ўқидим, уни шу тилда тушундим. Адабиёт ўзбек тилидан бошланар экан, деган фикр билан катта бўлдим. Ҳозир ҳам айтмоқчи бўлган сўзларимни ҳам, фикрларимни ҳам биринчи ўзбек тилида ўйлаб оламан, сўнг уни эркин ифода этаман. Бунинг учун Навоийдан, ўзбек тилидан миннатдорман, – деди тўлқинланиб Гулнорахон Холматова.

Шоира ўқиб берган қисқа шеърларидаги самимият ва соддалик тингловчиларда ана шундай самимий, ёқимли таассурот қолдирди.  

Қирғизистонда яшаб, адабиёт соҳасида фаолият кўрсатаётган ижодкорларнинг бошини бирлаштириб, уларга тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўтаб келаётган «Илҳом» адабий клуби жорий йилда 63 ёшга тўлди. (Худо хоҳласа, кейинги мақолаларимизда бу клубнинг ташкил қилиниши, фаолияти ва ундан етишиб чиққан адиблар ҳақида ҳам тўлиқроқ маълумотлар берамиз).

Бу ижодий уюшмага 1960 йилнинг 5 майида асос солинган. Матбуот кунига бағишланган навбатдаги байрам йиғилишидан сўнг таниқли адиб ва жамоат арбоби Турсунбой Адашбоев “Илҳом” клубини ташкил этиш ҳақидаги фикрини ўртага ташлади. Шу-шу ҳар ойда бир марта «Ленин йўли» (ҳозирги “Ўш садоси”) газетаси таҳририятида маҳаллий ижодкорлар тўпланиб, бадиий адабиёт сирларини ўргана бошладилар.

Дастлаб 3-4 нафар ижодкор йиғилган клуб аъзоларининг сони бир ойдан сўнг 10-12 нафарга етди.

Машғулотлар ўша пайтдаги адабий жараёнларда пешқадам бўлган Турсунбой Адашбоев, Олмос Худойбердиев, Усмон Темур, Қўлдош Мирзо, Мирзоҳид Мирзараҳимов, Абдуғани Абдуғафуров, Турсунбой Маҳмудов, Омонилло Аҳмедов, Одилжон Умаров, Одилжон Раҳимов, Ғанижон Ҳолматов, Шавкат Раҳмон, Алоуддин Мансур ва бошқаларнинг адабиёт назариясига оид маърузалари ва қизғин мулоқотлар билан бошланиб, адабий мушоира билан якунланарди.

Ижодий жараён қизғин тус олиб, ойда бир марта тўпланиш кўпларни қониқтирмай қолди. Энди ҳар куни кечки пайт Навоий номли боғ яқинидаги кўприк тагида жойлашган Ҳакимжон аканинг чойхонасида йиғилиб, бир пиёла чой устида мулоқот қилиш одат тусига кирди.

Ўтган 63 йил давомида «Илҳом» клуби гоҳ гуркираб ўсиб, гоҳида, баъзи сабабларга кўра иши сўлғинлаб, лекин тўхтовсиз ўз фаолиятини давом этдириб келмоқда.

Клубга янги раҳбар этиб шоир Абдулҳақ Абдумаликов (Абдул Ҳақ) сайлангандан буён унинг иши яна жонланиб, Қирғизистондаги ўзбек адабий муҳитида сезиларли ўзгаришлар юз бера бошлади.

“Алишер Навоий институти” сайти ана шу гўзал адабий жараёнга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида доимий равишда қирғизистонлик ўзбекзабон ижодкорлар билан суҳбатлар уюштириб, мухлисларни уларнинг ижод намуналари билан таништириб келмоқда. Бу материаллар билан сайт саҳифаларида танишиш мумкин.

Оқбура, Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг