Ўзимизга ҳам етмаяпти: Қирғизистон қўшни Қозоғистонга сув беришни тўхтатди

Иложсиз бу қарорда ҳеч қандай сиёсий сабаблар йўқ ва қўшнилар норози эмас.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Азаттиқ” радиосига берган хабарига кўра, бир ойча аввал Бишкекда бўлиб ўтган учрашувдан томонлар шундай битимга келишган.

Бир кун аввал Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги август ойида Қирғизистон Қозоғистоннинг Жамбил вилоятига суғориш сувини етказиб беришни тўхтатгани ҳақида хабар берган. Вазирлик бу ҳудудда экинларга зарар етиши хавфи пайдо бўлганини маълум қилган эди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қайд этишича, 17-19 июл кунлари Бишкекда икки давлат вакилларининг расмий учрашуви бўлиб ўтга. Учрашув давомида Қозоғистон томон ўзининг Жамбил вилоятида суғориш сувининг етишмаётганини айтиб, Қирғизистоннинг Киров сув омборидан етказиб берилаётган сув ҳажмини оширишни сўраган.

Қирғизистоннинг Киров сув омбори

Қозоғистон томон 31 июлгача бўлган даврда сув омборидан сониясига 40 куб метр эмас, балки 45 куб метр ҳажмида сув бериб туришни сўраган. Қирғизистон ўз далаларини суғориш учун ҳам сув етарли эмаслигини маълум қилиб, бунинг иложи йўқлигини айтган. Қолаверса, сув ҳажми 45 куб метрга кўтарилган тақдирда Қозоғистоннинг 3,54 миллион куб метрлик лимити 4 август куни тугаб қолган бўларди.

Музокаралар натижасига кўра, Қозоғистон томонининг илтимоси қондирилиб, август ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб Қозоғистонга суғориш суви етказиб бериш умуман тўхтатиладиган бўлди”, дея маълум қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг Талас вилоятида сув тақчиллиги муаммоси сақланиб қолмоқда. Бу ердаги Киров сув омборига бугун секундига атиги 1,3 куб метр сув кириб келмоқда. 2022-йилнинг ушбу даврида бу кўрсаткич 13,7 куб метрни ташкил қилган эди. Яъни сувнинг оқиб кириши ўн баробарга камайган.

Оқибатда жорий йилнинг 9-августидаги ҳолатга кўра, сув омборидаги сувнинг ҳажми 32,48 миллион куб метрни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига (177,28 миллион куб метр) нисбатан беш баробарга камдир.

Қирғизистон Фанлар академияси қошидаги Тиёншон юксак тоғлар илмий маркази раҳбари Рисбек Сатилғановнинг фикрича, Қирғизистонда сув заҳиралари шунчалик кўпки, улардан оқилона фойдаланган тақдирда мамлакат нафақат ўзини, балки қўшни давлатларни ҳам бемалол суғориш суви билан таъминлаши мумкин.

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат сув ресурслари заҳираси 460 млрд. куб метрга яқин. Уларнинг 85 фоизи музликларда жойлашган. Дарё ва кўлларда сақланаётган сув ҳажми 52 млрд. куб метр бўлиб, унинг 39 млрд. куб метри қўшни давлатларга оқиб кетади.

Сув заҳиралари Тўқтағул, Кампиробод, Киров, Ўртатўқай ва бошқа сув омборларида тўпланиб, улардан йилига Ўзбекистон 25 млрд. куб метр, Хитой 7, Қозоғистон 5 ва Тожикистон 2 млрд. куб метр сув олади.

Мамлакатда бу йил оқар сувнинг кескин камайиши оқибатида пойтахт Бишкекда ҳам сув танқислиги вужудга келди. Қирғизистон расмийлари ғалати изоҳлашган. Бутун дунёда, жумладан Қирғизистонда ҳам музликлар эриб бораётгани ташвиш туғдираётган бир пайтда Қирғизистон парламентида сув танқислигига айнан музликлар эримаётгани сабаб бўлаётганини айтишган.

Ёз ҳам тугаб боряпти, лекин чамаси Қирғизистонда музликлар ҳалиям эримаяпти.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг