Ғарб санкциялари кучаймоқда, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар ҳам

Москва ва Тошкент ўзаро стратегик шерикликни янада кучайтиришга келишиб олишди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 август куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Томонлар икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришга келишиб олдилар. Бу ҳақда хабар берган президент матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот чоғида нафақат савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, балки гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хабарда айтилишича, икки мамлакат етакчилари кўзланган мақсадлар йўлида бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар. Жумладан, яқин орада Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги қўшма йиғилиши, Ўзбекистон-Россия ҳудудлар, таълим ва медиа соҳасидаги анжуманларни ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.

Халқаро оммавий ахборот воситалари турли даражадаги сиёсатчи ва мутахассислар фикрига таяниб, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг ғарб санкциялари кучайтирилаётган бир пайтда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани кузатилаётганини эътироқ этишмоқда. Айрим расмий маълумотлар ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2023 йил 1-июнига кўра, мамлакатда хорижий капитал иштирокида 12 800дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ишлаётган бўлса, улардан 2 884 таси Россия капитали ҳисобига очилган. Қолган 1 823таси Хитой, 1 771таси Туркия ва 957 таси Қозоғистонга тўғри келади.

Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида ҳам Россиянинг ўрни катта. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида унинг кўлами 25,8 миллиард долларни тузган бўлса, унинг 4,5 миллиарди Хитой ва 3,8 миллиарди Россияга тўғри келади. Шу даврда Россия Ўзбекистон импортида иккинчи ўринда (2,8 млрд доллар) бормоқда (бу ерда ҳам биринчи ўринда Хитой (3,7 млрд доллар). Экспорт масаласида эса Россия энг кўп 986,3 млн. долларлик улушга эга. Иккинчи ўринда Хитой (823 млн. доллар) ва учинчи ўринда Қозоғистон 576,7 млн. доллар билан пешқадамлик қилишмоқда.

Мана шу ўсиш динамикаси фонида Европа Иттифоқи сўнгги бир йилда Марказий Осиё давлатларидан Россияга экспортнинг 300 фоизга кўпайганидан ташвиш билдирган. Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беряпти деб ҳисобланган Қирғизистоннинг 5 компаниясига нисбатан ҳам санкциялар қўлланган. Бу ҳолат Қозоғистонда ҳам кузатилган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг