Россия: Меҳнат муҳожирларининг рус нонига тиши ўтиши қийинлашадими?

Давлат думаси мамлакат бюжетини қисман муҳожирлар ҳисобидан тўлдиришга уринмоқда.  

Россияда меҳнат муҳожирлари учун патент ҳақини бирданига тўрт баравар ошириш таклиф қилинмоқда. Тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиққан “Справедливая Россия” партияси вакиллари уни Давлат думасининг бюджет ва солиқлар бўйича қўмитасига йўллаган. Таклифга кўра, патент учун тўланадиган ҳақ 1200 рублдан 4800 рублгача оширилади.

Қонун лойиҳаси муаллифлари бу қадамнинг Россия аҳолисини меҳнат рақобатчилигида ҳимоя қилишга қаратилганини иддао қилишмоқда. Яъни, нисбатан арзон ҳақ эвазига ишлайверадиган меҳнат муҳожирларининг кўпайиши сабабли маҳаллий аҳоли ишсиз қолаётганига ишора қилишмоқда.

Тажриба кўрсатиб турибдики, меҳнат муҳожирлари, айниқса, Марказий Осиёнинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларидан борганлар ҳар қандай қийинчиликка қарамай, Россиядаги иш фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Бу борада лойиҳа муаллифларининг ҳам кўнгиллари тўқ бўлса керак. Яъни, мамлакат ўз маблағи ҳисобидан ва ўз оёғи билан келаётган арзон ишчи кучидан қуруқ қолмайди.

Бу ерда Россия учун масаланинг иккинчи томони муҳимроқ бўлса керак. Яъни, Украинадаги уруш, ғарб давлатлари киритган иқтисодий санкциялар Россиянинг бюжетини анча танг аҳволга солиб қўйди ва бу танглик тобора кучайиб бормоқда. Жумладан, мамлакатнинг ҳарбий бюджети 2022 йилда 86 млрд. АҚШ доллари атрофида бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилда 143 млрд. долларга кўтарилган. Эндиликда давлат бюжетининг учдан бир қисми ҳарбий мақсадларга йўналтирилмоқда. Шу сабабли давлат қўшимча молия манбаларини излашга мажбур.

Агар қонун қабул қилинса, энг қўпол ҳисоб-китобларга кўра, давлат бюжетига фақат муҳожирлар оладиган патентдан ҳар ойда камида 14,5 млрд. рубль маблағ тушадиган бўлади.

Уларнинг бахтига Россияга ишлаш учун келаётган меҳнат муҳожирлари сони тобора ортиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2022-йили Россияга иш излаб 3,5 миллионга яқин муҳожир борган. Уларнинг 90 фоиздан кўпроғини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ташкил этган. Жорий йилда бу кўрсаткич янада ортмоқда.

Россия Федерацияси Иқтисодиёт вазирлиги, ҳукуматга қарашли таҳлилий марказ ва Бутунроссия ташқи савдо академияси ҳамкорликда тайёрланган «Евросиё иқтисодий интеграцияси» ахборот маълумотида келтирилган рақамларга кўра, бутун 2021 ва 2022 йиллар давомида Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳудудидан Россияга 1,7 миллион меҳнат муҳожири келган. Уларнинг 1 миллиони қирғизистонликлар эканлиги айтилади.

Жорий йилнинг фақат биринчи чорагида Россияга 1,3 миллион меҳнат муҳожири келган. Бу 2022-йилнинг ўша даврига нисбатан 1,6 баробар кўп. Агар муҳожирлар оқими шу суръатда давом этса, йил охирига қадар мамлакатга, бўлмади, деганда 5 миллионга яқин одам ишлагани келиши керак.

Келтирилган ҳисоботда меҳнат муҳожирларининг қанчаси Россия компанияларида масофадан туриб ишлаётгани ҳақида маълумот йўқ. Яъни, улар ҳисоботга кирмаган.

Муҳожирларни Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ муаммолар, энг асосийси – бу урушга сафарбар қилиниш хавфи ҳам ортга қайтара олмаётгани қизиқ. Сўнгги вақтларда рус валютаси курсининг қирғиз сўмига нисбатан кескин тушиб кетиши ҳам муҳожирлар оқимига таъсир қилмаяпти. Масалан, уч ой аввал Бишкекда Россия рубли 1,14 сўм турган бўлса, бугун рублнинг нархи 91 тийинга тушиб кетди.

Айни пайтда Украинадаги уруш бошлангандан буён Россия фуқаролари оммавий турда мамлакатда чиқиб кета бошлашди. Улар асосан Марказий Осиё давлатлари, Арманистон, Грузия, Мўғулистон ва Туркия каби давлатларда қўним топишмоқда. Чунки санкциялар сабаб бошқа кўплаб давлатларга бориш учун Россиядан учоқлар учмайди, ёки виза бериш тўхтатилган.

Мисол учун айтсак, ўтган 2022 йилда фақат Туркиянинг Истамбул шаҳрида 100 минг россиялик яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) олган. Ўтган йили Арманистондан 300 минг муҳожир Россияга келган бўлса, 100 минг Россия фуқароси яшаш учун Арманистонга кўчиб ўтган.

Ҳисоботда айтилишича, ЕОИИ давлатларининг ягона меҳнат бозори 2014-2015 йиллардан, яъни, мана шу иттифоқ тузилган пайтдан бошлаб босқичма-босқич шакллана бошлаган. Россияда биринчи галда ЕОИИ фуқароларига патентсиз ёки ишлаш учун рухсатномасиз ишга жойлашиш имкони берилди. Кейинроқ, 2019-йилда муҳожирларнинг пенсия, тиббий ва ижтимоий суғурта билан боғлиқ масалалари ҳал этилди.

Ҳисоботда айтилишича, муҳожирларнинг уйларига юборадиган пул ўтказмалари ўша мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисмигача бўлган ҳажмни ташкил қилиши мумкин. Масалан, 2022 йилда бу пул ўтказмалари Қирғизистон ялпи ички маҳсулотининг 23,8 фоизини ташкил қилган.

Киритилаётган янги талаблар ва қоидаларга қарамай, иқтисодиёти қувватсиз бўлган давлатлар фуқаролари учун, жумладан Қирғизистон учун ҳам, Россияда кенгроқ имкониятлар мавжуд. Август ойининг бошида Россияга такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаш учун борган қирғизистонлик Фарҳод исмли йигитнинг айтишича, Россияда киракашлик билан маблағ тўплаш қулайроқ экан.

“Қирғизистонда ҳам таксичилик қилдим, лекин топганим рўзғордан ошмади. Бизда такси нисбатан арзонми ёки кундалик ҳаражат тўпланмайдими, ҳартугул бу ерда бирор нарсага маблағ йиға оласан экан”, – дейди Фарҳод.

Ўн йилдан буён Россиядаги бир фирмада қоровул сифатида ишлаб юрган Улуғбек Бойназаров эса, бир жойда доимий ишлаётганини, ишда муаммо йўқлигини, ҳар йили меҳнат таътили олиб, Қирғизистонга келиб кетишини айтади.

“Доимий иш жойим бор. Ишим енгил. Бу ердаги ойлигим Қирғизистонда рубл курси пастлаган вақтда ҳам бемалол оиламни таъминлашга етади. Уйга ҳар ойда пул чиқариб тураман”, – дейди Улуғбек.

Унинг фикрича, Россияга муҳожирлар оқимининг тўхтамаётгани бу юртда доимий иш жойи мавжудлиги ҳамда бу ерда ўз юртига нисбатан кўпроқ даромад топиш имконияти борлигида бўлиши мумкин.

Сўнгги пайтда Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларини Европа ва бошқа давлатларда, Америкада ишлашлари учун шароит яратиш учун ҳаракат қилмоқда. Жумладан, Англия, Германия ва бошқа давлатлар билан бу ҳақда келишувлар имзоланган. Бу давлатларда меҳнат шароити юқори даражада, иш ҳақи эса Россиядагидан 5-10 баробар кўп. Лекин тил муаммоси борлиги туфайли бу давлатларга боришга қизиққанлар ҳозирча унчалик кўп эмас.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг