Қирғизистонда қарийб қирқта масжид, Ўзбекистонда исломий сайт ёпилди

Масжидлар ёпилиши қонун бузилиши билан изоҳланса, сайтнинг ёпилиши сабаби мавҳум.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти ҳудудида 39 масжид ва намозхона ҳамда 21 та исломий ўқув даргоҳи фаолияти тўхтатилган. Яна бир талай диний муассаса раҳбарларига нисбатан жарималар солинган. Элликка яқин масжид ва 40 та диний ўқув даргоҳига нисбатан аниқланган қонунбузарликларни бартараф қилиш бўйича ёзма кўрсатмалар берилган.

Бундай чоралар кўрилишига диний муассасалар томонидан “Эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун талабларининг, меъморий-қурилиш, санитар-эпидемиологик меъёрлар ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши сабаб бўлган.

Текширув тадбирларини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, президентнинг Ўш вилоятидаги ваколатхонаси, “Кадастр” давлат муассасаси ва Мусулмонлар диний идораси ходимларидан иборат гуруҳ олиб борган.

Текширув гуруҳининг хулосасига кўра, Ўш вилоятида “аҳолининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олмаган ҳолда диний объектларнинг тартибсиз ҳолда қурилиши” ва “диний ўқув даргоҳларида ягона таълим андозаларининг йўқлиги радикал-экстремистик ғоялар ёйилишига шароит яратиб, диний вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда”.

Бу салбий таъсир нималарда намоён бўлаётганига текширув гуруҳи аниқлик киритилмаган. Текширув диний экстремизм ва ноанъанавий диний оқимлар ғояларининг ёйилишига қарши курашиш ва диний вазиятни соғломлаштиришга қаратилган тадбирлар доирасида ўтказилган.

Бир-икки ойча аввал ана шундай муассасалараро комиссия қўшни Жалолобод вилоятида 60 та масжиднинг ноқонуний фаолият юритаётганини аниқлагани ҳақида хабар қилганди.

Тадбир давомида насронийларга тегишли 18 та диний объект – черков, ибодат уйлари ва бошқаларнинг фаолияти ҳам текширилган.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда қарийб 2 минг 600 масжид, 100 мадраса ва 9  исломий институт бир университет фаолият олиб бормоқда.

Шу кунларда Ўзбекистонда Azon.uz исломий сайти ўз фаолиятини тўхтатгани маълум бўлди. Бу ҳақда Газета.уз нашри Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган “Azon New Media” асосчиси Алишер Турсуновга таяниб маълум қилди. У “Azon New Media”нинг барча лойиҳалари (Azon.uz сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениеси)  тўхтатилганини маълум қилди.
Нашрнинг ижтимоий тармоқлардаги веб-сайти ва саҳифалари эндиликда очилмаяпти.
Миллионлаб мухлисларига эга бўлган манбаларнинг ёпилиши сабаблари ҳақида Турсунов, “кейинроқ, маъқул топилса маълум қилинади», – деб ёзди.

Расмийлар бу воқеа бўйича умуман ҳеч қандай тушунтириш ва изоҳлар беришмаган.
Azon.uz сайти 2017-йилнинг августидан бери фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Аввалроқ, 2021-йилнинг июнида суд Azon.uz сайтининг тўрт нафар раҳбарини диний материалларни экспертизасиз чоп этгани учун жаримага тортган эди. Собиқ бош муҳаррир Абдулазиз Муборак буни «сайтнинг овозини ўчиришга уриниш» деб атаган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг