Қирғизистон-Тожикистон: Чегара очиладиган вақт келди

Тожикистон томон яқинда икки давлат ўртасидаги чегара очилиши ҳақида хабар тарқатди.

Тожикистоннинг Қирғизистон билан чегарадош Сўғд вилояти раҳбарияти икки давлат ўртасидаги чегарани очиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Озодлик” хабар берди.

Суғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзоданинг айтишича, чегарани биринчи навбатда тадбиркорлар ва чегара аҳолиси учун очиш бўйича келишувга эришганини айтди. Бу масала яқинда Қирғизистонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида муҳокама қилиниб, асосий эътибор мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқни тиклаш масаласига қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат ўртасидаги чегара икки ярим йил аввал ёпиб қўйилган эди. Ўшанда, 2021 йил баҳорида икки давлат аҳолиси ва қуролли кучлари ўртасида юз бергшан қуролли тўқнашувда Қирғизистон томондан 36 фуқаро ҳалок бўлган, улардан икки нафари ёш болалар бўлган. 150 нафардан ортиқ одам яраланган, юз минглаб одам тўқнашув бўлган жойдан олисроққа кўчирилган.

Тожикистон тараф ўзи томондан 19 кишининг ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини расман эълон қилган. Лекин бошқа манбалар тожикистонликларда ҳам қурбонларнинг анча кўп бўлганини маълум қилишган. На шу тўқнашувдан сўнг Қирғизистон чегарани бир томонлама ёпиб қўйган эди.

Кенг кўламдаги қуролли тўқнашувни Қирғизистон Тожикистон томондан амалга оширилган босқинчилик деб баҳолаган ва халқаро тизимларга мурожаат қилган.

Орадан шунча вақт ўтиб, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Ташиев олти ойдан сўнг чегарада тинчлик ҳукм сураётганини айтган. Лекин кўп ўтмай, 24 июль куни икки давлат чегараси аҳолиси ўртасида яна тўқнашув юз берди. Лекин масала тезда бартараф этилди.

Жорий йилнинг июль ойида Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Тожикистон Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг бир-бирига чегарадош бўлган Сўғд, Боткен ва Фарғона вилоятлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган.

Учрашувда чегарадош ҳудудларда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масаласига урғу берилган. Қирғизистон ва Тожикистон томони икки давлат ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилишни якунлаш зарурлиги ва чегараларни қайтадан очиш ва ўзаро муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш зарурлиги эътироф этган.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 972 километр бўлиб, шундан 682 километри икки давлат расмийлари томонидан аниқланган. Қолган 290 километри бўйича баҳслар ҳамон давом этмоқда. Ҳар икки томон бу масалада музокараларнинг жуда оғир кечаётганини тан олиб келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг