Афсус… Қозоғистон футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказмоқчи эмас

Мамлакатнинг Ўзбекистон билан биргаликда чемпионат ўтказиши ҳақидаги гап рад этилди.

Қозоғистон нашрларининг мамлакат Маданият ва спорт вазирлигига таяниб берган маълумотига кўра, Қозоғистон Ўзбекистон билан биргаликда 2034 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказишни режалаштирмаган.

Вазирлик Қозоғистонда футболни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу соҳанинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини иддао қилган. Аммо режалаштирилган ва амалга оширилаётган тадбирлар рўйхатида жаҳон чемпионатини ўтказиш учун ариза бериш масаласи қаралмаган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин «Championat.asia» нашри Қозоғистон футбол федерацияси раҳбари Адлет Барменқуловнинг Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг 2034 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини биргаликда ўтказиш учун ариза топшириш ниятида экани ҳақидаги гапларини тарқатган эди.

Бу гапни Берменқулов Қирғизистонда бўлиб ўтган Марказий Осиёдаги туркийзабон давлатлар футбол ассоциациялари раҳбарларининг йиғилишида айтган. Йиғилишда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам иштирок этган, аммо у бу хабарни на инкор этган ва на тасдиқлаган эди.

Афсус… Бу яхши таклифни икки давлат раҳбарлари қўлга олиб, бу борада уриниб кўрсалар ёмон бўлмасди. Бундай имконият қўлга киритилмаган ҳолда ҳам, кейинги йиллар учун яхши замин тайёрланган бўларди. Қолаверса, бу ташаббусга минтақанинг бошқа давлатлари, масалан, Қирғизистон ҳам қўшилса мақсадга мувофиқ бўлган бўларди.

Футбол чемипионатини ўтказиш мезбон давлатга жуда катта имкониятлар беради. Жумладан, шу баҳона мамлакатда йирик замонавий спорт, ижтимоий ва бошқа иншоотлар қурилади, юз минглаб футбол ишқибозлари турист сифатида келиб, реклама ва бошқа соҳаларда ҳам фойдали лойиҳалар амалга оширилади.

Масалан, 2022 йилда Қатарда ўтказилган чемпионатда мамлакат футбол федерацияси 10,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда кўрган. Аввалги чемпионат эса 2018 йилда Россияда ўтказилиб, ундан фақат футбол федерациясининг ўзига 9,5 млрд. фойда тушган эди.

Бу тадбир охир-оқибатда мамлакатда дунёнинг энг оммабоп ўйини бўлган футболни ривожлантиришга катта туртки беради. Шу сабабли дунё давлатлари бу катта тадбирни ўзларида ўтказиш учун қаттиқ ҳаракат қилишади. Лекин чемпионат мезбони кўплаб талабларга, жумладан, ишончли хавфсизлик чораларини кўриш бўйича, жавоб бериши шарт.

Сўнгги пайтда чемпионатни бир неча давлатда ўтказиш бўйича аризалар тушмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг