Интилганга толеъ ёр: Ўшлик ҳамюртимиз велосипедда ҳажга бориб келди

Унинг бу жиддий ниятини эшитган дўстлари устидан кулган вақтлари ҳам бўлган эди.

Ўшлик Тожимуҳаммад Ўринбоев велосипедда 70 кундан ортиқ йўл юриб, Саудия Арабистонига борган ва ҳаж амалларини бажариб қайтиб келган. У зиёратга шу йилнинг 3-май куни соат 10да йўлга чиқиб, 44 кунда Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Грузия, Бирлашган Араб Амирликлари орқали Саудия Арабистонига етиб борган.

 

“Чегараларда ҳурмат кўрсатишиб, сен ҳажга кетаётган одамсан, сени интернетда кўрдик, ўтиб кетавер деб, ўтказиб юборишди. Ҳатто пул, озиқ-овқат берганлар ҳам бўлди”, – дейди Тожимуҳаммад Ўринбоев.

Унинг сўзларига кўра, Сурия ва Иордания чегарасидан ўтишда муаммо бўлган. Оқибатда Туркиянинг Ғазантеп шаҳридан Дубайга самолётда учишга мажбур бўлди.

“Велосипедимни бўлакларга бўлиб, самолётга юклаб, самолётда учишга мажбур бўлдим. Сурия ва Иорданияга кириш мумкин эмас экан. Шунда озгина қийналдим”, – дейди Ўринбоев.

Тожимуҳаммаднинг таъкидлашича, Мадина шаҳрида бир қирғизистонлик юртдоши ортга қайтишда велосипедда эмас, учоқда йўлга чиқиш таклифини киритган. У ҳатто зиёратчига учоққа чипта олиб беришга ҳам тайёр эканини айтган. Аммо Тожимуҳаммад бунга рози бўлмаган. Қандай келган бўлса шундай ортга қайтган.

Зиёратчининг отаси Эрмуҳаммад Ўринбоев эса, ўғлининг Макка шаҳрига велосипедда чиқишига қаршилик қилмади. Ҳаж қилиш имкони бўлган ҳар бир мусулмоннинг фарзи бўлгани учун хурсанд бўлиб, ёрдам берди.

“Машинада анча жойгача кузатиб қўяй десам, кўнмади. Майли, деб ортидан дуо қилиб кузатиб қолдик”, – дейди ҳожининг дадаси.

Онаси Асалхон Ўринбоева ҳам ўғлининг ҳар хил шаҳарларда ишлагани, муҳожирлик нонини татигани учун, таваккал қилиб, кузатиб қолган.

“Қўрқмасдан ният қилган экан. Ниятига етди. Биз дуода бўлдик. Тўхтаган шаҳарларида бизга алоқага чиқиб турди. Ўзини соғлиги ҳақида маълумот бериб турди”, – дейди она.

Тожимуҳаммад Ўринбоев Ўш шаҳрининг Амир-Темур шаҳарчасида истиқомат қилади. У бир неча йиллардан буён Россияда мигрант қатори меҳнат қилади. Муҳожирликда киракашлик қилиб юрган вақтларида ҳаж зиёратига боришни ният қилган.

“Борганда ҳам велосипедда боришни ўйлаб қўйгандим. Самолётда боришга маблағим етарди. Ўтган замонларда ота-боболаримиз от, туя каби ҳайвонларга миниб йўлга чиққан-ку, дедим, – дея эслайди Тожимухаммад ҳожи. – Ўтган йили Тожикистонда бир киши ҳажга велосипедда борганди. Шу одамни интернетдан топиб, хабарлашдим. Маълумотлар олдим. Йўлга зарурий нарсаларни ундан сўраб олдим”.

Унинг фикрини эшитган дўстлари устидан кулган вақтлари ҳам бўлган. Йўлнинг узоқлиги, машаққатлиги, чегара муаммолари деб уни шаштидан қайтаришга ҳаракат ҳам қилишган.

Зиёратчи ҳаж сафарига уч йил тайёргарлик кўрди. Йўл учун анжомларни Россияда юрган вақтида тўплай бошлаган.

Унинг сўзларига кўра, йўл учун махсус кийим, қуруқ овқатлар, кичик газ баллони, велосипед учун зарурий ускуналар, сув, биринчи ёрдам учун дори воситалари, керакли идишлар олган.

“Энг асосийси инсон соғлом бўлиши керак экан. Қирғизистондан Саудияга кириш учун визани олиш эса энг муҳими ҳисобланади”, – дейди Тожимуҳаммад.

Ўйлаймизки, юртдошимизнинг бу ҳаракати ва эришган ютуғи бошқаларга намуна бўлиб хизмат қилади, бошқаларни ҳам мана шундай эзгу, ташвишли бўлса-да, инсонларга хос яшаб ўтишга илҳомлантиради, даъват қилади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг