Инсоф берсин: Бирлашган миллатлар ташкилоти Қуръон ёқилишини қоралади

Айрим давлатлар ҳамон сўз эркинлигини рўкач қилиб, жоҳилларни қўллашда давом этмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши 12 июлда яқинда ўрин олган Швецияда Қуръон ёқилиши тўғрисида резолюция қабул қилди. Кенгашнинг шошилинч йиғилиши Покистоннинг талаби билан ўтказилиб, унда мусулмонларнинг муқаддас Китобига нисбатан қилинаётган жоҳиллик қораланди.

Расмий хабарда айтилишича, Кенгаш йиғилишида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Турк жаҳон аҳолисини диний нафратга сабаб бўлувчи ҳаракатлардан тийилишга ва сабрли бўлишга чақирди.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш диний нафратни пропаганда қилиш ва намойиш этишни, жумладан, Муқаддас Қуръонга нисбатан намойишкорона шаккоклик қилинишини кескин тарзда қоралайди ва айбдорларни қонуний асосларда жавобгарликка тортиш зарур эканини қайд этади”, дейилади муҳокама натижасига кўра қабул қилинган резолюцияда.

Ҳужжат кутилганидек мунозара туғдирди. Уни 28 давлат қўллаб овоз берган бўлса, 12 давлат, улар орасида АҚШ ва Буюкбритания қарши эканини маълум қилишди. Қарши давлатлар аввалгидек қайсарлик билан, резолюция инсон ҳуқуқлари ва фикр эркинлиги тамойилларига зид келади, деган фикрларида қолишди. Айнан шу фикрнинг мавжудлиги ва уни юқорида тилга олинган йирик давлатлар қўллаётгани боис Муқаддас китобга ҳурматсизлик ва уни таҳқирлашга қаратилган жоҳилларча ҳаракатлар давом этиб келяпти.

Бундай ҳаракатларнинг охиргиси, жаҳон мусулмонлари Қурбон ҳайитининг биринчи куни, 28-июнда амалга оширилди. Ўзини атеист деб атаган 37 ёшли ироқлик қочқин Салван Момика Стокҳольмдаги марказий масжид олдида Қуръон китобини тепкилаб, ёқиб юборди. Бу ҳаракат видеоси интернетда тарқалиб кетгач, жаҳон мусулмонларининг катта норозилигига сабаб бўлди.

Туркия, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Эрон, Марокаш ва бошқа кўплаб мусулмон давлатлари бу ҳодисани қоралади. Покистонда мусулмонлар 7 июлда жума намозидан сўнг норозилик намойишларини ўтказди.

Швециядаги мусулмонлар жамоаси бўлиб ўтган воқеадан афсусда эканликларини билдириш билан чекланган. Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашув чоғида бу ишни қоралади.

Швеция полицияси аввалига бу акцияни ўтказишга изн бермаган, лекин ишга суд аралашгач, полиция воқеа жойида жамоат тартибини назорат қилиб турган.

Салван Момика нега бу ишни қилгани ҳақида аниқ маълумот бермаган. Афтидан унинг мақсади – шу йўл билан шуҳрат қозонишдангина иборат. Лекин бу ишнинг нақадар таҳликали ўт билан ўйнашиш эканини тасаввур қилмайди шекилли.

Бўлмаса, бунгача Рим папаси ҳам, бошқа диний ташкилотларнинг аксарияти ҳам Қуръон ёқилишини қаттиқ танқид қилиб, ҳар қандай диний китобларни ёқиш – диндорларнинг ҳиссиётларини таҳқирлаш эканини билдиришган эди.

Европа Иттифоқи институтлари ҳам алоҳида баёнот чиқаришиб, унда “Қуръоннинг ёки ҳар қандай диний китобларнинг ёқилиши таҳқирловчи, ҳурматсизлик ҳисобланиши ва аниқ иғво” экани айтилган.

“Бу каби расизм, ксенофобия ва шу қарашлар билан боғлиқ бўлган тоқатсизликларга Европада ўрин йўқ. Қолаверса, бу иш мусулмонлар учун муқаддас бўлган Қурбон Ҳайити кунлари қилиниши – янада ачинарлидир”, дейилади ҳужжатда.

Қуръон ёқилишини бунгача АҚШ ва Россия давлат думаси ҳам қоралаб келган эди.

Айнан диний қадриятларнинг таҳқирланиши сабабли Европа, АҚШ ва бошқа ўлкаларда айрим радикал кучлар томонидан “ўч олиш” акциялари ўтказилиб, ўнлаб одамнинг қурбон бўлишига олиб келган. Диний қадриятлардан олислаб, шаккокликни эркинлик, ҳурлик дея баҳолаган ғарб давлатларининг ўзгалар маданияти ва диний ҳиссиётларини ҳурмат қилишни ўрганиши учун яна қанча зўравонлик акциялари юз бериши керак, ёлғиз Яратганга аён.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг