“Азаттиқ” нашри: Эркинлик ва адолат учун курашни давом эттираверамиз

Қирғиз тилида чиқувчи оммабоп нашрни ёпишга бўлган уринишларга ниҳоят барҳам берилди.

“Озодлик” корпорациясининг қирғиз хизмати бўлган “Азаттиқ” нашри ўз ишини аввалгидан ҳам катта куч билан давом эттиришини маълум қилади. Бу ҳақда қирғиз хизмати раҳбари Венера Сағиндиқованинг нашр сайтида эълон қилинган мақоласида айтилади.

Эслатиб ўтамиз, Бишкек шаҳар суди жорий йилнинг 12-июлида Ленин тумани судининг “Азаттиқ Медиа”ни (“Озодлик”нинг қирғиз хизмати) ёпиш ҳақидаги қарорини бекор қилиб, нашр билан уни судга берган Маданият вазирлиги ўртасидаги муроса келишувини тасдиқлади. Бошқача айтганда, “Азаттиқ”нинг фаолиятини тўхтатишга оид суд иши тўхтатилди.

“Озод Европа”/”Озодлик радиоси” (RFE/RL) медиакорпорациясининг маълум қилишича, нашрнинг веб-сайтларида контент сақлашнинг умумий протоколлари ўзгариб, энди унинг контенти серверда абадий сақланмайди. Шу сабабли вазирликнинг эътирозига ва унинг судга мурожаат қилишига сабаб бўлган видеоматериални бундан буён нашр сайтларида кўриб бўлмайди. Яъни, Маданият вазирлиги сайтдан олиб ташлашни талаб қилиб, судга мурожаат қилган материал техник сабабларга кўра сайтларда энди кўринмайди.

Суд қарорига кўра энди Маданият вазирлиги Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлигига “Азаттиқ” сайтидан блокировкани олиб ташлаш ҳақида хат йўллади ва бу иш зудлик билан амалга оширилди.

Гап ўтган йилнинг 26-октябрида “Настояшчее время. Азия” дастуридан ўрин олган қирғиз-тожик чегарасидаги можаро ҳақидаги лавҳа ҳақида кетмоқда. Материалда чегарадаги ўнлаб одамнинг ўлимига сабаб бўлган қуролли можаро ҳақида тожикистонлик бир журналистнинг фикри ҳам берилган. Журналист Қирғизистон томонни тожик томонга биринчи бўлиб ҳужум қилганликда айблаган. Материалда Қирғизистон томонга кўпроқ сўз берилган бўлишига қарамай, Маданият вазирлиги материални сайтдан олиб ташлашни талаб қилган.

Нашр материалнинг холис тайёрланганини айтиб, бунга кўнмагач, вазирлик “Азаттиқ Медиа” сайтларини блокировка қилиш тўғрисида қарор чиқарган ва бу ўша материал ўчириб ташланмагунича давом этишини айтган. Нашр ўз позициясидан қайтмади.

Бир вақтнинг ўзида нашрнинг банкдаги ҳисоб рақами ёпилиб, Қирғиз радиоси, НТС теле ва радио каналлари “Азаттиқ”нинг материалларини беришни тўхтатди.

Иш жорий йилнинг 27 апрелида Бишкекнинг Ленин тумани судида қаралиб, Маданият вазирлигининг “Азаттиқ”ни ОАВ сифатидаги фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантирди. Бир қатор хорижий давлатлар, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ва Қирғизистон медиаташкилотлари ташвиш суднинг бу қароридан ташвиш билдириб, уни бекор қилишга чақиришган.

Март ойида Бишкек маъмурий суди “Азаттиқ Медиа”нинг қарши аризасини рад этган. Май ойида эса Бишкек шаҳар суди туман суди қарорини ўз кучида қолдирди.

Нашр сайтлари блоклангач, аксинча унинг иши ижтимоий тармоқларда фаоллашиб, мухлисларига янги-янги услубда маълумот етказиш кучайди.

“Ана шу воқеалар даврида биз эркинликни севган қирғиз жамоатчилиги, фуқаролик фаолларининг, журналистларнинг ва халқаро ташкилотларнинг, бир қатор илғор давлатларнинг мисли кўрилмаган қўлловини ҳис қилиб, кўриб турдик. Бундан илҳомландик, куч олиб ишлайвердик…”, – дейилади Сағиндиқованинг мақоласида. – …Охирги тўққиз ойча вақт кўрсатганидек, бизнинг ишимиз, миссиямиз, вазифамиз жуда оғир, бундан кейин ҳам енгил бўлмайди. Биз қийинчиликлардан қўрқмаймиз, чунки ишимиз ҳақ бўлса, кенг аҳоли қатламлари, жамоатчилик биз томонда бўлишига яна бир бор ишондик”.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг