Шавкат Мирзиёев 87 фоиздан ортиқ овоз билан Ўзбекистон президентлигига сайланди

Конституцияга мувофиқ у давлатни етти йиллик муддат билан икки карра бошқариши мумкин.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси кеча, 9 июль куни ўтган муддатидан олдин президентлик сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Расмий натижаларга кўра, ҳаракатдаги президент Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан бу лавозимга қайта сайланди.

Мирзиёевнинг сайловдаги расмий рақиблари – Халқ-демократик партияси раҳбари Улуғбек Иноятов 4,02 фоиз, Экологик партия раҳбари Абдушукур Хамзаев – 3,74 фоиз, ва “Адолат” социал-демократик партияси номзодликка кўрсатган Олий суд раисининг ўринбосари Робахон Махмудова 4,43 фоиз овоз олишгани маълум бўлди.

Асосий номзод сайловда ўз овозини бераётган лаҳза

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 19 миллион 400 мингдан ортиқроқ сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг овоз беришлари учун мамлакатда қарийб 11 минг сайлов участкаси ташкил этилди. Бундан ташқари дунёнинг 39 мамлакатида 56 сайлов участкаси очилган.

Сайловни 15 халқаро ташкилот, 47 хорижий давлатдан ташриф буюрган 800 нафарга яқин халқаро кузатувчи кузатиб боришди. Бундан ташқари президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 53 минг нафардан зиёд маҳаллий кузатувчи сайловни бевосита кузатди.

Сайловда жами тўрт номзод иштирок этди

Сайловнинг боришини қарийб 1 минг 400 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиб боришди.

Президентнинг қисқача таржимаи ҳоли

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йилнинг 24 июлида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида таваллуд топган. Тошкент ирригация ва мелиорация институтини 1981 йилда тамомлаган. Инженер-механик, техника фанлари номзоди.

1990 йилда Ўзбекистон ССР Олий совети депутати бўлиб сайланган.

1992-1996 йилларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими, шу вақт орасида (1994-1995) йилларда Олий мажлис депутати,

1996-1999 йилларда ўзи туғилиб ўсган Жиззах вилояти ҳокими, шу вақт орасида (1999-2004 йилларда) Олий мажлис депутати,

2001-2002 Самарқанд вилояти ҳокими,

2003-2016 Ўзбекистон бош вазири.

Ўзбекистоннинг тўнғич президенти Ислом Каримов вафот этгач (2016 йил сентябрь), президент вазифасини бажара бошлади ва президентликка номзод сифатида кўрсатилди. 2016 йилнинг 4 декабрида сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан президент қилиб сайланди.

Шавкат Мирзиёев раҳбарликка келгач, мамлакатда кескин сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар амалга оширила бошлади, давлат ташқи дунё учун очилиб, фуқароларга эркинликлар берила бошлади. Жумладан, мамлакатдан чиқиш учун бериладиган виза бекор қилинди ва фуқароларга биометрик паспортлар берила бошлади.

2021 йилнинг октябрида Шавкат Мирзиёев яна бир бор беш йиллик муддатга президент қилиб сайланди. 2023 йилнинг 30 апрелида референдум ўтказилиб, мамлакатнинг янгиланган конституцияси қабул қилинди. Янги асосий қонунга кўра, давлат раҳбари 7 йиллик муддатга ва қаторасига икки марта сайланиши мумкин бўлди. Шундан сўнг янги конституцияга мувофиқ муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга қарор қилинди.

Тараққиёт йўлидаги ислоҳотлар

Шавкат Мирзиёев ўзининг халқ турмуш даражасини яхшилашга қаратилган қатъий ва оммабоп қарорлари ва халқаро ташаббуслари билан тез орада аҳоли орасида ва халқаро даражада катта обрў қозонди. Унинг ташаббуси билан аҳоли бевосита мурожаат қилиши учун очилган виртуал қабулхона энг катта янгилик бўлди.

Бир йил ичида бу тизим орқали 1,3 миллондан ошиқ одам ўз талаб ва истаклари билан давлат раҳбарига мурожаат қилган. Муҳими, мурожаат қилган одамларнинг аксарияти ўз саволларини ҳал қилишга муваффақ бўлдилар.

Қисқа муддатда Ички ишлар тизими, Қуролли кучлар, махсус хизмат ва таълим тизимида, иқтисодиёт ва кадрлар сиёсатида катта ислоҳотлар амалга оширилди.

Натижада валюта эркин конвертация қилина бошлади, солиқ тизимида ҳам катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Жумладан, солиқлар тизими тартибга келтирилиб, компания ва ишбилармонлар учун солиқ таътиллари киритилди, миллий ҳунармандлар солиқдан озод қилинди. Бизнес юритиш учун шароитлар енгиллаштирилиб, маҳсулот экспорти учун ёқимли шароитлар яратилди. “Ягона дарча” орқали давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ Ўзбекистон 2030 йилда жаҳондаги даромади ўртадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиши керак.

Сиёсий ислоҳотлар натижаси сифатида авваллари қамалган мустақил сиёсий позиция ва фикрга эга бўлган шахслар, ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналистларнинг озод қилиниши, экстремистик ташкилот аъзолари ҳисобланган фуқароларнинг “қора рўйхатдан” чиқарилиши, давлат органларининг аҳоли олдида ҳисоб бериши қоидасининг кучайтирилиши, инсон ҳуқуқлари ҳақида баралла гапирилиб, бу соҳадаги институтларнинг мустаҳкамлана бориши кабиларни айтиш мумкин.

Коррупцияга қарши давлат дастури қабул қилиниб, амалга оширила бошлади, тегишли қонун қабул қилинди.

Диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди. 2017 йилдан бошлаб масжидларда азон айтилишига рухсат берилди, Тошкент шаҳри ва вилоятларда янги масжидлар қурилди ва қурилишда давом этмоқда. 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистондан ҳажга борувчиларнинг сони кескин ортиб, 7500 кишига етди. Бунгача ҳажга борувчилар сони 5200 дан ошмас эди. Шунингдек умрага бориш нархи камайтирилиб, зиёратчилар сонини чеклаш бекор қилинди. Муфтият ва унинг бўлинмалари ҳамда масжидларда Давлат хавфсизлик хизмати вакили лавозими бекор қилинди.

Самарқандда Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказига асос солинди, Тошкентда Ислом академияси барпо қилинди.

Ташқи сиёсатда асосий йўналиш сифатида қўшнилар билан муносабатни, иқтисодий, савдо, маданий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кучайтириш масаласини қўйган Шавкат  Мирзиёев ўзининг дастлабки чет эл ташрифларини Марказий Осиё давлатларидан бошлади. Бугунги кунда айнан унинг ташаббуслари билан минтақа давлатлари ўртасидаги алоқалар кучайиб бормоқда.

Шу билан бирга анъанавий тус олган ҳамкор давлатлар Россия, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, МДҲ ва Европа давлатлари билан ҳам алоқалар фаоллашди. БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик янги даражага кўтарилди.

Оиласи

Отаси Миромон Мирзиёев ва онаси Маърифат Мирзиёеванинг врач-фтизиатр бўлишгани маълум. Аёли Зироатхон Мирзиёева муҳандис-иқтисодчи дипломига эга. Уларнинг уч фарзандлари бор. Катта қизи Саида Мирзиёева, кичик қизи Шахноза Мирзиёева, ўғли Миралишер Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев оила аъзолари даврасида

Мукофотлари

Ўзбекистоннинг “Беғараз меҳнатлари учун” ордени (2007), Ўзбекистоннинг “Меҳнат шуҳрати” ордени (1998), Қозоғистоннинг I  даражали “Достиқ” ордени (2018), Қирғизистоннинг “Данакер” ордени (2017), Тожикистонинг I даражали “Зарринточ” ордени (2021), Россиянинг Александр Невский ордени (2022 года), Туркиянинг “Евроосиё олдидаги хизматлари учун” мукофоти (2018)

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг