Ўзбекистон: Президент сайловлари якунланди, натижалар эрталаб маълум бўлади

Муддатидан олдин ўтказилган сайловларда сайловчиларнинг юксак фаоллиги қайд этилди.  

Бугун, 9 июл куни Ўзбекистон президентини муддатидан олдин сайлаш бўлиб ўтди. Кеч соат 20.00да бутун мамлакат бўйлаб сайлов участкалари ёпилиб, бюллетенларни санашга киришилди. Сайлов натижаларини эртага эрталаб эълон қилиниши кутилмоқда.

Кузатувчилар бу сафар сайловчиларнинг юқори даражадаги фаоллигини қайд этдилар. Сайлов участкалари очилгандан кейин уч соат ичида 33 фоиздан кўпроқ сайловчи ўз овозини бериб улгурди. Қонунга кўра айнан камида 33 фоиз сайловчи иштирок этган ҳолатда сайловлар ўтди деб ҳисобланади.

Кеч соат 17.00 бориб эса овоз берган сайловчилар деярли 70 фоизни ташкил қилди. Сайловларнинг тинч ўтиши учун 20 минг тартиб посбони хизмат қилди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 19 миллион 400 мингдан ортиқроқ сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг овоз беришлари учун мамлакатда қарийб 11 минг сайлов участкаси ташкил этилди. Бундан ташқари дунёнинг 39 мамлакатида 56 сайлов участкаси очилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 апрелида Ўзбекистонда референдум ўтказилиб, мамлакатнинг янгиланган конституцияси қабул қилинди. Янги асосий қонунда президент ваколатлари муддати 7 йилга узайтирилиб, унга бу лавозимга икки марта сайланиш ҳуқуқи берилди. Орадан 10 кун ўтиб, президент Шавкат Мирзиёев муддатидан олдин сайловлар ўтказиш ҳақидаги фармонга қўл қўйди.

Сайловда Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳаракатдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг номзодини кўрсатди. Бу қарорни “Миллий тикланиш” демократик партияси қўллаб-қувватлади. Халқ-демократик партияси ва Экологик партия ўзларининг раҳбарлари Улуғбек Иноятов ва Абдушукур Хамзаевларнинг номзодларини кўрсатган бўлса, “Адолат” социал-демократик партияси Олий суд раисининг ўринбосари Робахон Махмудованинг номзодини илгари сурди.

Ҳаракатдаги президент, 65 ёшли Шавкат Мирзиёев бу лавозимга биринчи бор 2016 йилда 88,6 фоиз овоз билан сайланган. Кейин, 2021 йилнинг октябрида иккинчи бор беш йиллик муддатга сайланган.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг