Замонавий қулдорлик: Қозоғистонда икки ўзбекистонлик қулликдан озод қилинди
Маҳаллий полиция хабарига кўра, улар бир неча йил мобайнида эрксизликда бўлишган.
Қозоғистондаги Tengrinews.kz нашрининг маҳаллик полиция департаментига таяниб берган хабарига кўра, Алмати вилоятида бир неча йил давомида қулликда сақланиб келган Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси озод қилинган. Ўзбекистонликларнинг у ерда уч йилдан кўпроқ вақт давомида мажбурий меҳнат қилишга мажбур қилингани аниқланган.
Расмий хабарда айтилишича, 10 июнь куни Алмати вилояти полиция департаментига бу ҳақда хабар келиб тушгач, Уюшган жиноятчиликка қарши бошқарма олиб борган ишлар натижасида Қарасай тумани турғуни, 1986 йилда туғилган, исми ошкор қилинмаган шахс қўлга олинган. Гумонланувчи ҳибсга олиниб, Қозоғистон Жиноят кодексининг “Ноқонуний равишда тутқунликда сақлаш” моддаси асосида жиноий иш очилган.
Қозоғистонда қўшни давлатлардан борган меҳнат муҳожирларининг паспортлари олиб қўйилиб, ўзлари қулликда ушлаб турилган ҳолатлари кам эмас. Бунгача бу мамлакат ҳудудида Қирғизистон фуқароларининг ҳам қулликдан озод қилингани ҳақида бир неча бор расмий хабарлар чиққан.
Бир пайтлар бу жиноят шу қадар кенг тарқалган эдики, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қулликка сотиб юбориларди. Ўша пайтлар қирғизистонлик журналист Улуғбек Бабақулов бу мавзуни ёритиш мақсадида гўёки иш излаб, Қозоғистонга борган. Уни ўртамчилар 50 долларга сотиб юборишган ва маълум вақт журналист тамаки плантацияларида ишлаган. Катта қийинчилик билан у ердан қочиб кетгандан сўнг бу ҳақда катта мақола ёзган.
Мақола эълон қилингач, муаммо икки давлат миқёсида муҳокама қилиниб, Қозоғистондаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида ҳукуматлараро келишим имзоланган. Бироқ шунга қарамай, ҳалигача бу давлатда замонавий қуллик давом этиб келяпти. Бунга асосан меҳнат муҳожирларининг ўз ҳуқуқларини билмаслиги ва қонуний йўл билан ишга жойлашишга ҳаракат қилмасликлари сабаб бўлади.
Сўнгги хабарда айтилишича, полиция ўтказган тезкор амалиёт натижасида Ўзбекистоннинг йигирмадан ортиқ фуқароси вилоят ҳудудида тегишли ҳужжатларсиз ишлаётгани ҳам аниқланган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди. Мақолага бевосита алоқаси йўқ