Ўзингдан чиққан балога: Қирғизистонда яна давлат тўнтаришига тайёрланишганми?

Махсус хизмат ҳокимиятни босиб олишни режалаштирганликда айблаб, яна бир гуруҳни қўлга олди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) “давлатни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганлик”да гумонланиб қўл олинган шахслар ҳақида қисқа маълумот берди. Озодликнинг қирғиз хизмати берган маълумотга кўра, ўнлаб одам ҳокимиятга жиддий қаршилик акцияларини уюштиришга ва охир-оқибатда куч билан ҳокимиятни босиб олишга тайёргарлик кўрган.

МХДҚ билдирувида бу қаршиликнинг асосий уюштирувчиси сифатида “Элдик кенеш” (“Халқ кенгаши”) партиясининг раиси тилга олинади. Гарчи хабарда сиёсатчининг исми-шарифи эълон қилинмаган бўлсада, эгаллагана лавозим ва исм-шарифининг эълон қилинган бош ҳарфларига кўра унинг кимлиги аниқланди.

Суд санкциясига асосан йиғилган аудио-видео материаллар асосида жиноят иши қўзғатилиб, қўлга олинган гуруҳнинг бир неча йил давомида тарафдорлари ва норози қатлам орасида иш олиб боргани аниқланган. Терговда бу гуруҳга юзга яқин киши аъзо бўлгани, улар ўртасида вазифалар бўлиштирилгани ҳам маълум бўлгани айтилади.

Бу иш доирасида МХДҚга 5 июнда 30 нафардан ортиқ одам олиб келинган ва уларнинг аксарияти уларга қўйилган айбларни тан олган. Улар ҳибсга олиниб, суриштирув ишлари давом этмоқда, дейилади расмий билдирувда.

Адлия вазирлиги сайтидаги маълумотларда “Элдик кенеш” (Халқ кенгаши) партияси раисининг Роза Нурматова исмли аёл киши экани қайд этилган. Аёлнинг ёши 64да. Қизиғи, 2011 йилда у бугунги МХДҚ раиси, ўша пайтда ўзини президентликка номзод сифатида кўрсатган Қамчибек Ташиевнинг сайлов давридаги расмий вакили бўлган. Кейинроқ эса мухолафатда юриб, бугунги президент Садир Жапаровнинг тарафдорлари штабини ҳам бошқарган.

Маълум вақт ҳукумат аппаратида ижтимоий бўлим бошлиғи сифатида ишлаган.

“Ўзимдан чиқан балога, қайга борай давога”, деб шуни айтишса керак-да.

Қирғизистонда давлат тўнтаришига уриниш ҳақидаги хабар тарқалгач, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳақда хавотир билдирган. У воқеалар ҳақида тўла маълумотга эга эмаслигини эътироф этиб, жараённи кузатиб боришларини айтган.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда давлат тўнтаришини тайёрлашда гумон қилиниб, яна бир гуруҳ сиёсатчи ва фаоллар қамоққа ташланган. Терговнинг фикрига кўра, бу гуруҳ Ўзбекистон билан “Кампиробод” сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимдан норози бўлган. Ва ана шу норозиликдан фойдаланиб, мамлакатда раҳбариятни куч билан алмаштиришга ҳаракат қилган. Лекин гуруҳ аъзолари бу айбловни ақлга сиғмаган бир туҳмат сифатида баҳолаб келади.

Улар устида тергов амаллари олиб борилмоқда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг