Ўзбекистон: Ҳажга борувчилар учун квоталар сони ортмоқда. Нархлар ҳам…
Сўнгги беш йил ичида ҳаж харажатлари ўзбекистонликлар учун кескин ортиб кетди.
Жорий йилда Ўзбекистондан ҳаж зиёратига 15 минг кишининг бориши кутилмоқда. Дин ишлари бўйича қўмитанинг видеобаёнотида маълум қилинишича, ўтган йили ҳажга бориш учун Ўзбекистонга 12 минг кишилик квота берилган эди. Яъни, 2023 йилда квоталар сони уч мингтага кўпайтирилган. Қўмитанинг маълум қилишича, ҳар йили ҳаж зиёратига борувчилар сони ошириб борилади.
Қўмита 2023 йилда ҳаж сафари ҳар бир зиёратчи учун 68 миллион 760 минг сўм ($6000дан кўпроқ) этиб белгиланганини маълум қилди. Бу ўтган йилдагига нисбатан 6 миллион 140 минг сўмга кўпдир. Солиштириш учун айтсак, қўшни Қирғизистонда ҳажга бориш учун бу йил 3,9 минг АҚШ доллари миқдорида пул тўланади.
Шуни айтиш керакки, 2019 йили Ўзбекистонда ҳаж зиёрати нархи икки минг долларга арзонроқ, яъни бор-йўғи 33,3 миллион сўм бўлган эди. Бу ҳақда Kun.uz нашрига Дин ишлари қўмитаси вакили билдириб, 2019 йили Саудия Арабистонида солиқлар ва нархларнинг ошиб кетгани боис ҳаж нархи 42-43 миллион сўм бўлгани, лекин олиб борилган музокаралар натижасида бу тўлов 33,3 миллион сўмга (ўша пайтдаги курс билан салкам $4000 минг) туширилганини айтган эди.
Бир йил аввал, 2018 йилда эса Ўзбекистондан ҳажга бориш учун 38 миллион сўм талаб қилинар эди. Умра зиёратининг нархи ҳам йил сайин тушиб бораётган эди. Маълумки, пандемия туфайли 2020-21 йилларда ҳаж сафари бекор қилинди.
Ўтган 2022 йилда ҳаж сафари қайта иклана бошлади ва негадир унинг нархи бирданига 62,9 миллионга ($5,7 мингдан кўпроқ) кўтарилиб кетган.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълумот хизмати бошлиғи Илҳом Маъруфовнинг журналистларга маълум қилишича, нархларнинг ўсиши Саудия Арабистонининг қўшимча солиқлар ва янги тўловларнинг киритилиши ҳамда коммунал, транспорт ва бошқа хизмат турлари нархларининг кўтарилиши билан боғлиқ.
Қизиғи шундаки, қўшни Қирғизистонда ҳаж сафари нархи ўтган 2022 йили йили $4,5 минг доллар бўлган бўлса, бу йил салкам 600 долларга арзонлаган. Нисбатан анча арзон бўлгани боис бўлсаки, кўпинча ўзбекистонлик зиёратчилар ҳаж ва умра сафарига айнан Қирғизистон орқали боришга ҳаракат қиладилар.
Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистондан ҳажга борувчилар учун квотаар сони ҳам ортиб бормоқда. Масалан, 2019 йили Ўзбекистондан бор-йўғи 7200 киши ҳаж сафарига борган бўлса, жорий йилда уларнинг сони икки баробардан кўпроққа ошган, яъни 15 минг кишига етказилган.
Расмий маълумотларга кўра Ўзбекистонда бу йил ҳаж мавсуми 4 июндан бошланади. Шу кундан бошлаб икки ҳафта давомида (19 июнгача) Саудия Арабистонига ҳар Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус ва Навоийдан шаҳарларидан куни 4 та авиақатнов амалга оширилади.
Шуни ҳам айтиш керакки, 1 май куни Дин ишлари бўйича қўмита ҳаж тадбирини ташкил этиш турагентликлар ваколатига кирмаслиги айтиб, улар орқали Саудияга борганларга жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирган. Яъни, Ўзбекистон ҳукуматининг 2017 йил 7 июндаги қарорига асосан Ҳаж ва Умра ибодатларини уюштириш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юкланган.
Қўмита, ҳажга «ноқонуни йўллар билан борганлар» Саудия Арабистонидан депортация қилиниши ва уларга Саудияга кириш 10 йилга тақиқланиши ҳақида ҳам огоҳлантирган. Бундан ташқари ҳукумат талабини бажармаганларга 100.000 Саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солиниши ҳам айтилган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди