Қирғизистон-Ўзбекистон: Маданий-маърифий алоқалар кенгаймоқда

Ўзбекистонлик бир гуруҳ маданият ва таълим соҳаси вакиллари Ўш шаҳрига ташриф буюрди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган «Ўзбекистон-Қирғизистон» дўстлик жамияти раиси Зуҳриддин Исомиддинов бошчилигидаги бир гуруҳ маданият ва таълим соҳаси вакиллари Қирғизистонга, қадимий Ўш шаҳрига ташриф буюрди.

Делегация таркибида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири Ҳумоюн Акбаров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умидахон Тешабоева, Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим мудири Феруз Беков, бир қатор таълим қирғиз тилида юритиладиган мактабларнинг раҳбарлари: Тошкент вилояти, Бўка туманидаги 34-ўрта мактаби директори Амангелди Аҳмедов, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 50-ўрта мактаб директори Сатибалди Ушумбаев, Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-ўрта мактаб директори Жаматов Қуваничбек ва бошқалар бор эди.

Эсдалик учун расм. Ўш ўзбек академик мусиқали театрида

Меҳмонлар ташриф давомида Қирғизистонда, жумладан Ўш шаҳрида маориф ва маданият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишдилар. Қирғизистонлик ҳамкасблари билан учрашувлар давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

«Агар шаҳарнинг номи Ўш бўлмаганида уни Дўстлик шаҳри деб аташ мумкин бўларди, – деди учрашувлардан бирида сўзга чиққан Зуҳриддин Исомидинов. – Шаҳар аҳоисининг ярми қирғиз бўлса, ярми ўзбек. Қирғиз ҳам ўзбек ҳам эркин ўз тилида гапиряпти ва улар бири-бирини бемалол тушунишяпти.»

Меҳмонлар олдинги қаторда

Исомиддиновнинг маълум қилишича, ўзбекистонлик меҳмонлар ўзлари билан Ўзбекистонда чоп этилган 600 дона китоб олиш келишган бўлиб, уларнинг тенг ярми қирғиз тилидадир. Китоблар учрашувлар давомида Ўшдаги мактаблар ва кутубхоналарга тақдим этилди.

Меҳмонлар академик Муҳаммаджон Мамасаидов бошчилигида ташкил этилган Қирғизистондаги таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар учун дарсликлар чиқариш марказида бўлиб, марказнинг иши билан яқиндан танишдилар. Марказ ходиалир билан мулоқот қилиб, бу ерда тайёрланиб, нашрдан чиқаётган дарсликларнинг сифатига гувоҳ бўлдилар. Дарсликлар чиқариш борасида келажакда ҳамкорлик қилиш мавзусида ҳам келишиб олинди.

Мамасаидовнинг айтишича, марказ 1997 йилда Қирғизистоннинг тўнғич президенти Асқар Ақаевнинг бевосита қўллови билан очилган. Ўшанда Ўзбекистон лотин алифбосига ўтиб кетиб, Қирғизистондаги 300 дан ортиқ таълим ўзбек тилида бериладиган мактабларда дарсликлар муаммоси кўндаланг бўлган. Чунки бунга қадар дарсликлар Ўзбекистондан олиб келинарди.

Бугунга қадар марказда 160дан кўпроқ номдаги дарсликлар ишлаб чиқарилиб, улар 2 миллиондан ортиқ нусҳада чоп этилган ва мактабларга тарқатилган.

Дарсликлар яратиш марказига ташриф

Маълумки, Ўзбекистонда қирғиз мактабларини ўқув қўлланмалари ва дарсликлар билан таъминлаш давлат даражасида йўлга қўйилган бўлиб, бу масалада деярли муаммо йўқ. Қирғизистонда эса, дарсликларнинг етишмаслиги бугунги кунда таълим ўзбек тилида бериладиган мактаблар сонининг қисқаришига сабаб бўлаётган омиллардан бири бўлиб қолди.

Шунингдек, делегация аъзолари Алишер Навоий номидаги 18-ўрта мактабга ҳам ташриф буюриб, у ерда Ўш адабий муҳитида ўз ўрнига эга бўлган адиб Мирзоҳид Мирзараҳимовнинг 80-йиллик юбилейи маросимида иштирок этдилар. Бу мактабнинг Ўзбекистон томонидан тўла реконструкция қилиби берилгани ҳам рамзий маънога эга бўлди.

Ташрифнинг иккинчи кунида делегация аъзолари Ўш шаҳар вице-мэри Нурбек Қадиров қабулида бўлдилар. Учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистонда олиб ислоҳотлар ҳақида айтиб беришди, ўшликлар эса, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан ўртоқлашдилар. Икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларнинг тикланиши ва мустаҳкамланиб бориши икки қардош халқларнинг манфаатларига тўла мос келиши эътироф этилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Тўқтағул Сатилғанов номидаги Ўш вилоят кутубхонасида, болалар боғчаларидан бирида ҳамда Ўш ўзбек академик мусиқали драма театрида ҳам бўлиб, янги бинони кўздан кечирдилар, концерт дастурини тамоша қилдилар. Театрнинг Ўзбекистон ҳукуматининг молиявий ёрдамида қайтадан барпо этилган биноси меҳмонларга манзур бўлди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида маданият, маориф соҳасидаги ҳамкорлик йил сайин ривожланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2018 йилда Ўш шаҳридаги Алишер Навоий номидаги 18-ўрта мактабининг тубдан реконструкция қилиниши ҳамда Боткен вилоятида иккита ўрта мактаб биноларини қуриб, фойдаланишга топширилгани фикримизнинг яққол далилидир.

Бундай дўстона ҳамкорликларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг апрель ойида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш ўзбек академик мусиқали драма театри биносининг тўлалигича қайта реконструкция қилиб топширилгани қирғизистонлик театр мухлислари, умуман ўзбек халқи учун катта туҳфа бўлди.

Янгиланган театр биноси билан танишув

Ҳар йили ҳар икки давлатнинг олий ўқув юртларида талабалар алмашиш ва бошқа бир қатор дастурлар амалга оширилиб, юқори малакали мутахассислар иштирокида тажриба алмашиш учун ўзаро ўқув сафарлари ташкил этилмоқда. Ўзбекистон олий юртларида қирғизистонлик талабалар учун квоталар берилди.

Шу кунларда Ўзбекистон олий ўқув юртларида Қирғизистондаги ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактаб битирувчилари учун ҳам алоҳида квоталар бериш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бугунги кунда, Қирғизистондаги таълим ўзбек тилида олиб борилаётган мактабларда ўқитувчи кадрларнинг етишмаслиги долзарб бўлиб турган шароитда бу масаланинг ижобий ҳал бўлиши ўша мактаблар учун жуда муҳим қўллов бўлиб хизмат қилган бўларди.

Таъкидлаш жоизки, 2022-йили “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти ташаббуси ва таклифи билан 16 кишидан иборат Қирғизистон делегацияси Тошкентга ташриф буюрган эди. Ўшанда меҳмонлар Тошкент шаҳри билан бу ердаги билим ва маданият даргоҳлари иши билан яқиндан танишиб келган эдилар. Ўзбекистонлик меҳмонларнинг Ўшга сафари ана шу ташрифга жавобан амалга оширилиб, ўртага ташланган ғоя ва режаларнинг амалга ошиши, бу муҳим алоқаларнинг янада мустаҳкамланиши учун замин яратди.

Бугунги кунда икки қардош халқ ва мамлакатлар ўртасида иқтисодий-сиёсий йўналишда, маориф, маданият, санъат, адабиёт, фан, туризм ва бошқа кўплаб соҳаларда изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган, кўп йиллар давомида ёпиқ турган чегара постлари навбати билан очилиб икки давлат ўртасидаги қатнов тобора фаоллашиб бормоқда.

Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг