Туркия: президент ўзгармади, лекин Эрдўғон катта ўзгаришларни ваъда қилмоқда

Амалдаги президент Режаб Эрдўғон икки босқичда рақибини ишонч билан енгди.

Туркия Олий сайлов кенгаши президент сайловининг иккинчи босқичида, дастлабки натижаларга кўра, 52 фоиздан кўпроқ овоз олган Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ғолиб деб эълон қилди.

Қайд этилишича, 28 май куни ўтказилган сайловнинг иккинчи босқичида берилган овозларнинг 99,9 фоизи ҳисоблангандан сўнг Эрдўғоннинг рақиби – бирлашган мухолифат олға сурган номзод Камол Қиличдорўғли салкам 48 фоиз овоз олган.

Жорий йилнинг 14-май куни Туркияда ўтказилган президент сайловида, расмий маълумотларга кўра, Эрдўғон 49,52 фоиз ва Қиличдорўғли 44,88 фоиз овоз олган.

Давомат 85 фоизни ташкил қилган иккинчи босқичда ҳам Туркиянинг Анқара, Истанбул ва Измир каби энг йирик шаҳарларида худди биринчи босқичда бўлгани каби мухолифатчи Камол Қиличдорўғли ғалаба қозонган. Лекин Эрдўғонни қишлоқ жойлари ва унча катта бўлмаган шаҳарларнинг сайловчилари қаттиқ қўллаб-қувватлаган.

Президент сайловининг биринчи босқичида “Альянс АТА” партияси номзоди Синан Ўған 5,17 фоиз овоз билан учинчи ўринни эгаллаганди. Ўған иккинчи босқичда Эрдўғонни қўллашини маълум қилгач, амалдаги президентнинг ғалабага бўлган имкониятлари ошган ва кўпчилик унинг ғалабасини олдиндан башорат қила бошлади.

Олий сайлов кенгаши 28 майдаги сайлов ҳуқуқбузарликларсиз ўтганини билдирган. Бироқ мухолифат вакиллари айрим участкаларда ҳуқуқбузарликлар кузатилганини айтишмоқда.

Сайлов куни кечаси Анқарада чиқиш қилган Қиличдорўғли бўлиб ўтган сайлов тарихдаги энг адолатсиз сайлов бўлганини билдирди. Мухолифатчи демократия учун курашда давом этишини урғулади.

Эрдўғон президентлик лавозимини 2014 йил августида эгаллаган, бунгача эса 2003 йилдан буён мамлакат бош вазири вазифасини бажариб келган. Шу вақт орасида тарқоқ ва иқтисодий кучсиз бўлган Туркия иқтисодиёти гуркираб ўсган, ҳаёт даражаси анча кўтарилган ва халқаро сиёсатда мамлакатнинг нуфузи мислсиз даражада ортган. Фақат мухолафат Эрдўғон президентликка келганидан буён Туркияда авторитар бошқарув унсурлари кўпайганини айтиб, танқид қилиб келади.

Охирги йилларда эса Туркияда инфляция тинимсиз ўсиб, аҳолининг турмуш даражаси бирмунча пасайди. Эрдўғонга қарши фикр ва кайфиятлар ортди. Йил бошида бўлиб ўтган, 47 минг кишининг ҳаётини олиб кетган кучли зилзила ҳам мухолафатга жуда қўл келиб, айримлар Эрдўғоннинг даври ўтганини башорат қила бошлаган эди.

Бирлашган мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли 2002-йилдан буён Туркия парламенти депутати бўлиб келган, 2010-йилдан буён эса у мухолифатдаги асосий сиёсий куч – Жумҳурият халқ партияси лидери вазифасини бажариб келади. У сиёсатда юмшоқлиги ва ғарб қадриятларига йўналгани билан маълум.

Дастлабки натижалар эълон қилингач, турли давлатларнинг вакиллари Режаб Тоййиб Эрдўғонни ғалаба билан қутлай бошладилар. Биринчилардан бўлиб, икки уришаётган давлат – Россия ва Украина президентлари ўз табрикларини йўлладилар.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдoғонни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, нома йўллади.

“…Туркия халқи Сизга юксак ишонч билдириш билан бирга, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган йўлингизни қўллаб-қувватлади. Туркия очиқ, рақобатбардош ва демократик сайловларнинг намунасини кўрсатди. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатлари бундан кейин ҳам стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида мустаҳкамланиб боришига ишонаман”, – дейилади Жапаровнинг табригида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 28-май куни телефон орқали мулоқотда Ражаб Тоййиб Эрдoғонни президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди. Мирзиёев Эрдўғонни 49 фоиздан кўпроқ овоз олган сайловнинг биринчи босқичидан кейин ҳам Туркияда президент ва парламент сайловларининг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган эди. Аввалроқ Мирзиёев Туркияга қилган ташрифи давомида Туркия халқини Эрдўғон учун овоз беришга чақирган.

Эрдўғонни 28-май кечаси Озарбайжон президенти, Қатар амири, Венгрия бош вазири, Сербия, Беларусь, Венесуэла, БАА лидерлари, Бразилия, Франция президентлари сайловдаги ғалаба билан қутлашга улгуришган.

Овоз бериб чиққанидан кейин Эрдўғон ўз тарафдорлари томон юриб, уларга пул тарқатди. Биринчи тур вақтида ҳам у шундай ишга қўл урган, аммо ўтган сафар Эрдўғон банкнотларни фақат болаларга берган бўлса, бу сафар катта ёшлилар ҳам ундан пул олди.

Туркиянинг амалдаги президенти Истанбулдаги участкада овоз берган, унинг рақиби эса — Анқарада.

Эрдўғон тарафдорларини ғалаба билан қутлаб, уларга миннатдорчилик билдирар экан, Туркияда “олтин давр” бошланганини эътироф этди.

Туркия сайловчилари ўзларининг мислсиз фаолликлари билан ажралиб туради. Бу сафар овоз беришда сайловчиларнинг 84,7 фоизи иштирок этган. Эрдўғонга унинг рақибига нисбатан 2 млн. дан ортиқроқ одам овоз берган. Мисол учун шу Бишкекда ўтган парламент депутати сайловига бўлгани 13 фоиз одам келган.

Одатда АҚШдек энг демократик ҳисобланган давлатда ҳам президент сайловларида овоз беришга сайловчиларнинг тўртдан бир қисмигина боради.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг