Бишкек яқинидаги отишма: Жиноятчи йўқ қилинди, икки зобит ярадор

Зирҳли техника иштирокида ўтган махсус амалиёт давомида ижара берилган уй вайро бўлган.

Бугун, 17 май куни Бишкек яқинидаги Дмитриевка қишлоғида содир бўлган отишмада хавфсизлик кучларининг икки зобити яраланган. Бу ҳақдаги маълумотни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.

Маълумотларга кўра, жароҳатланган беморнинг бирига амбулатор ёрдам кўрсатилган. Иккинчи одам эса Миллий госпиталга ётқизилди. Воқеа жойида тез ёрдам хизматининг 4 бригадаси навбатчилик қилгани айтилмоқда.

Бугун эрталаб Чуй вилоятининг Иссиқота тумани Дмитриевка қишлоғида кутилмаганда отишма юз берди. Қуролли жиноятчини қўлга олиш бўйича тезкор тадбир ташкил этилиб, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати томонидан амалиёт ўтказилди.

“Уни қўлга олиш чоғида террорчи кучли қуролли қаршилик кўрсатди. Бироқ ИИВ ва МҲДҚ  махсус бўлинмалари ходимлари томонидан қуролли шахс йўқ қилинди”, – дейилади ИИВ хабарида.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, махсус операция эрталаб соат 06:30 атрофида бошланган. Отишма соат 07:00 дан кейин эшитила бошлади. Кейин бу ерга зирҳли техника ва бошқа махсус машиналар кела бошлаган.

Шунингдек, маҳаллий аҳоли террорчи деб тахмин қилинган шахснинг бу уйда хотини ва фарзанди билан яшашганини айтишмоқда. Уй эгаларининг сўзларига кўра, жиноятчи дея аталган эркак бир неча кун аввал хотини ва боласи билан квартирани ижарага олган. Улар Ўшдан келишганини айтишган.

“Бу менинг синглимнинг уйи. У Россияда яшайди. Бу уй доим ижарачиларга берилади. Бир киши хотини ва боласи билан уч-тўрт кун олдин машинада келиб, уйни ижарага олган. [Кўринишидан] оддий одамлар. «Террорчи» деб пешонасига ёзилмаган. Уларнинг кимлигини қаердан билайлик? Улар ҳамма нарса учун пул тўлашгач, биз уларни ичкарига киритдик. Оқибатда шундай фалокат юз берди”, – дейди  уй эгасининг опаси Марина Мусаева.

Мусаеванинг айтишича, бутун уй ёниб кетган. Милиция ноъмалум эркакни қўлга олиш учун келганида унинг хотини ва боласини уйдан олиб чиқиб кетишган. Сўнгра уни олиш учун уйга гранаталар отишни бошлашган. Натижада бутун уй вайрон бўлган. Ҳозирча ИИВ бу ҳақда изоҳ бермаган.

Воқеа жойида тергов гуруҳи ишини давом эттирмоқда.

Отишма маҳаллий “Зулқарнайн” қизлар мадрасаси ва қишлоқ ҳукумати биноси ўртасида жойлашган уйда содир бўлган боис, аҳоли орасида, мадраса қамал қилинди, деган сўзлар тарқаган. Аммо Муфтият мадраса қамал қилингани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

“Мадраса талабалари хавфсиз жойга кўчирилди ва бу борада тегишли идоралар иш олиб бормоқда”, – дейилади Муфтият тарқатган хабарда.

Оқбура, Бишкек.

Сурат ва видео интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг