Марказий Осиё минтақаси: Хитойнинг ошиғи олчи бўлиб турибди

Халқаро таъсири ортган “Осмон остидаги ўлка” яқин қўшниларини маслаҳатга таклиф қилди.  

Жорий йилнинг 18-20 май кунлари Хитойда ушбу ўлка ва Марказий Осиё минтақаси давлатларининг олий даражадаги учрашувлари бўлиб ўтади. Учрашувнинг “Хитой – Марказий Осиё” деб номланиши ҳам бу қудратли давлатнинг халқаро сиёсатда эгаллаб келаётган янги мавқеи, янги имкониятларининг очилишига ишора қилиб турибди.

Авваллари Марказий Осиёга таъсирини кучайтириш мақсадида, АҚШ ва Европа Иттифоқи турли номлар билан ушбу ўлкаларнинг раҳбарларини йиғиб, саммитлар ўтказиб келишарди. Россияку бу минтақада ўзини мутлоқ хўжайин ҳис қиларди. Аммо Украинага қарши бошланган уруш таъсирида Россиянинг бу давлатларга, айниқса, Қозоғистонга таъсири, сезиларли даражада камайди. Ўз навбатида бу қўшни Хитойнинг минтақада фаол сиёсат юритишига имкон яратди.

Украинадаги мутлақо ноўрин, жуда қимматга тушаётган уруш туфайли халқаро миқёсда яккаланиб қолган ва иқтисодиёти оғир кунларни бошидан кечираётган Россия ҳозир бу минтақани Хитой билан талашишга аввалгидай қурби етмай турибди. Аниқроғи, Хитойнинг Украина масаласидаги хайрихоҳлиги эвазига Россия ўзининг айрим манфаатларидан воз кечишга, доимий рақобатчисининг баъзи талабларига кўнишга мажбур. Жумладан, Россия кўп йиллар давомида Хитой-Ўзбекистон-Қирғизистон темир йўли қурилишига тўсқинлик қилиб келаётган, ўтган йили эса бу минтақалараро йирик лойиҳани амалга оширишга “изн берган” эди.

Саммит давомида Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг ХХР раиси Си Цзинпин билан икки томонлама музокаралар ўтказиши ҳамда Хитойнинг бошқа юқори даражали раҳбарлари ва ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказиши белгиланган.

Аввалроқ Хитой томони ўз раислиги остида ўтадиган Марказий Осиё давлатлари президентлари иштирокидаги саммитда “мулоқотларнинг янги режасини ишлаб чиқадиган муҳим сиёсий ҳужжат” имзоланиши ҳақида хабар қилган. Демак, Хитойнинг минтақа бўйича кўпдан бери тузиб келаётган улкан режаларини амалга ошириш учун фурсат келди.

Шуни ҳам айтиш керакки, яқиндагина Қирғизистон ва Хитой ўртасида визасиз режим жорий этиш бўйича музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинган.

Олдинда турган саммит доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатдаги режалари ҳақида аниқ баёнот берилгани йўқ, лекин Ўзбекистоннинг бу саммитда алоҳида ўрин тутиши ҳаммага аён. Чунки бугун Ўзбекистон минтақанинг иқтисодиёти ва ҳарбий салоҳияти энг кучли бўлган давлати ҳисобланади. Мамлакатдаги турли жабҳаларда, жумладан, ташқи сиёсатда олиб бораётган ислоҳотлари бутун дунё ўлкалари каби Хитойнинг ҳам диққатини ўзига тортмоқда. Бугунги кунда Хитой Ўзбекистонга йирик сармоялар киритиш бўйича олдинги ўринларда туради.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон давлат ташрифи ва ушбу «Хитой – Марказий Осиё» саммитида иштирок этиш учун Хитойга биринчи бўлиб жўнаб кетди. Лекин бу ҳақдаги расмий хабарда Имомали Раҳмоннинг ташриф дастури ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Умуман айтганда, Россия-Украина уруши туфайли ташқи алоқаларда Хитойнинг анча ошиғи олчи бўлиб турибди. Дунё ҳамжамиятининг асосий “бош оғриғи” бўлиб турган урушда Хитой бетараф қолган ҳолда Россия учун сув билан ҳаводек зарур бўлиб турган ташқи қўллов масаласида Путиндан ўзини олиб қочмаяпти. Лекин бунинг эвазига Россияни ўз ресурсларини арзон сотиш билан биргаликда сиёсий ва бошқа иқтисодий масалаларда ҳам анча ён беришларга кўндиряётгани ҳақида халқаро экспертлар кўп ёзишяпти. Айримлар ҳатто Россия Хитойга қарам бўлиб қолди, дейишгача боришяпти.

Украина масаласида Хитойнинг қўлловини олиш, жуда бўлмаганда Россиянинг, Путиннинг сиёсатини очиқ қўлловининг олдини олиш учун АҚШ ва Европа Иттифоқи бу давлатга нисбатан жуда эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур бўлишяпти. Албатта, Хитой бу вазиятдан имкон қадар фойдаланиб қолишга ҳаракат қиляпти.

Кейинги йилларда Хитой Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистоннинг асосий ҳамкорлари ва сармоядорларидан бирига айланди. Тожикистон ва Қирғизистон ташқи қарзларининг асосий қисми ҳам Хитойга тўғри келади.

Хуллас, ушбу саммитда нафақат муҳим ҳужжатларнинг имзоланиши, балки Хитой билан минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларни мутлақо янги босқичга олиб чиқувчи келишувларга эришилиши ҳам кутилмоқда.

Мавзуга саммит якунлари маълум бўлгач, яна қайтамиз.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг