Халқаро бокс ассоциацияси “Тошкент йўлбарси”га чуқур эҳтиром кўрсатди

Жаҳон боксида муносиб ўрин эгаллаган спортчи Руфат Рисқиевга умрбод нафақа белгиланди.  

Бокс бўйича жаҳон чемпиони (1974 йил, Куба), 4 карра СССР чемпиони, 1976 йилги Олимпияда ўйинларининг кумуш медали совриндори, машҳур ўзбек боксчиси Руфат Рисқиев Халқаро бокс ассоциациясидан (IBA) умрбод моддий ёрдам оладиган бўлди.

Май ойининг дастлабки икки ҳафтасида Тошкентда ўтган бокс бўйича жаҳон чемипионатида иштирок этган IBA президенти Умар Кремлёв (ҳақиқий фамилияси Лутфуллоев) 13 май куни Тошкентда 73 ёшли афсонавий боксчи билан шифохонада учрашди ва унга махсус чемпионлик камари билан «Ғалабага бўлган иродаси учун» мукофотини топширди.

IBA президенти сифатида бутун дунёда боксни ва “улкан оиламизнинг ҳар бир аъзосини қўллаб-қувватлашни ўз вазифам деб биламан”, деган Кремлёв, IBA номидан Руфат Рисқиевга 10 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ҳам берди. Шунингдек, у ой сайин бокс афсонасига бутун умри давомида Бокс ассациацияси номидан 1000 доллар миқдорида рағбатлантирувчи нафақа бериб борилишини маълум қилди.

«Биз бокс оиламизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик қиламиз. Сиз спорт афсонаси ва бокс асосчиларидан бирисиз. Сиз туфайли ёш авлод ушбу ажойиб спортимиз билан шуғулланмоқда… IBA – бу бокс уйи, биз бир оиламиз», деди Кремлёв учрашув чоғида.

Жаҳон бокс дунёсида “Тошкент йўлбарси” номи билан танилган ўзбекистонлик боксчи Руфат Рисқиев 2016 йилнинг сентябрида қорасонга чалингани ва шу сабабдан оёғи ампутация қилингани маълум.

Ҳозирда 74 ёшини қаршилаётган Руфат Рисқиев 1974 йили Кубанинг Гавана шаҳрида ўтказилган бокс бўйича биринчи жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган. Кейин маълум бўлишича ўша жангни у синган қўли билан олиб борган ва ғалаба қозонган. Бу ҳақда боксчининг ўзи бош ролни ўйнаган “Рингга чақирилади” фильмида жуда қизиқарли ҳикоя қилинган.

Руфат Рисқиев ўз спорт каръераси давомида 189 марта жанг ўтказиб, улардан 174 тасида ишончи ғалаба қозонган. Гаванадаги жангидан сўнг у дунёда “Тошкент йўлбарси” номи билан донг қозонган.

Халқаро бокс федерацияси (IBA, инглизча – International Boxing Association) 1920 йилнинг августида ташкил топган. Унга дунёнинг барча қитъаларидаги 203 давлат миллий бокс федерациялари киради. Турли йилларда унга Франция, Англия, АҚШ, Покистон, Туркия каби давлатлар вакиллари раҳбарлик қилган.

Жумладан, 2017-2019 йилларда ўзбекистонлик Ғафур Раҳимоқ ҳам IBA президенти бўлган. Россиялик Умар Назарович Кремлёв (Лутфуллоев) ассоцияцияни 2020 йилдан лери бошқариб келади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг