Маматибраим Самиев: Милиция полковниги, фан номзоди, шоир ва ёзувчи, диншунос…

Серқирра ижодкор ва етук инсон ўз ҳаёти давомида ҳатто фильм олишга ҳам улгурган эди.

Ўзга Ер қанча ёқса ҳам,

Ўз ерингдек бўлолмас.

Подшоҳ бўлиб қолсанг ҳам,

Элингдек меҳр беролмас.

Маматибраим Самиев.

 

Бугун, 13-май куни Ўшдаги Султан Ибраимов номидаги қирғиз миллий драма театрида милиция полковниги, техника фанлари номзоди, шоир ва ёзувчи, киносценарист, драматург ҳамда Манас эпоси ва Имом Сарахси ҳаёти ва фаолиятининг тадқиқотчиси Маматибраим Самиевнинг хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирга вилоят ва шаҳар бошлиқлари, ички ишлар бошқармаси, миллий ёзувчилар уюшмаси, маданият, хусусан кино ва театр соҳаси ижодкорлари, ОшТУ жамоаси ва талабалари қатнашдилар. Кечани таниқли маҳаллий шоир ва ёзувчи, киносценарист Жирғал Сулайманов олиб борди.

Ташриф буюрганларга дастлаб “Тегирмон” номли, юбиляр ҳаётидан лавҳаларни ўз ичига олган саҳна асари кўрсатилди. Тадбир режиссёри Жилдизбек Турғунбаев, “Ҳаёт ўзи тегирмон, доим ҳаракатда бўлади, айланиб туради”, – деди.

Агар марҳум тирик бўлганида бу йил 70 ёшни қаршилаган бўлар эди, дея эътироф этар экан, тадбир сценарийси муаллифи Салима Шарипова бу тадбирни кенг кўламли қилиб ўтказишга ўз ҳиссаларини қўшган вилоят ва шаҳар бошлиқлари, ички ишлар бошқармаси, миллий ёзувчилар уюшмаси, маданият соҳасидаги кино ва театр ижодкорлари, ОшТУ жамоаси ва талабаларига ташкилотчилар номидан миннатдорчилик билдирди.

“Бу тадбирга сценарий ёзаётган пайтимда Ватан ўзи ёнимда тургандек сезилди…”, – Салима Шарипова.

Тадбир уюштирувчиси, марҳумнинг аёли Бегайим Самиева, “Қутлуғ хонадонимизнинг устуни бўлган Маматибраим Самиевни эслаган ва унутмаганларга оиламиз номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз”, – деди.

Кейин марҳумни хотирлаб дўсту ёрлари, касбдошлари сўзладилар.

Орада талабалар шоир Самиев шеърларидан ёд ўқидилар. Ўтирганларда шоир шеърлари яхши таассурот қолдирди. Талабалар иймон ҳақида, Ўш шаҳри ва Ватан ҳақида шеърларини ифодали ёд айтишиб, зални тўлқинлантиришди.

Жумладан, “Бугунги депутатлар” шеърида шоир халқ ноиби деган катта масъулиятни елкасига олган айрим нобоп кимсаларни қаттиқ танқид қилган эди. Яъни, турли йўллар билан парламентга бориб қолган, лекин ўқимаган, тегишли билим ва тажрибаси йўқ депутатлар фақат ошхоналардаги таомлар рўйхатидан бошқа нарса ўқишмайди, дея енгил кулгу орқали долзарб муаммони ёритган.

“Қирғиз тилим” шеърида эса бунданда долзарброқ масала тилга олинади.

Бу шеърида ижодкор, “Расул Ҳамзатовдек ўз тилингни суймасанг, қадрига етмасанг, қирғизман, деб гердайма. Болангга энг аввало ўз она тилини ўргатмасанг, мақтаниб, бошқа тилларни ўргатишни бошласанг, шу боланг бошқа тил билан бирга ўзи ҳам ўша тилини ўргангани – бошқа элники бўлиб қолади. Бунга сира ҳам шубҳам йўқ”, дейди.

Кечага ташриф буюрган шоирлардан Малика Комилова, Акромжон Бобоевлар Маматибраим Самиевни яқиндан таниганлиги ва унинг қатор асарлари ҳақида илиқ сўзларни айтишди. Серқирра ижодкор ўз умри давомида сценарийлар ёзиб, ҳатто кино ҳам олиб улгурган эди.

Сўзга чиққанлар унинг “Муаллим” номли кинофильмида илгари сурилган ғояларда энг аввало томошабинни инсонийликка, бола тарбияси жамиятнинг йирик устуни эканлигига урғу берилганини айтдилар.

Маматибраим Самиев 1953 йили Ўш вилояти, Ўзган туманининг Мирза ака қишлоғида таваллуд топган. 1983 йилдан бошлаб Ўш ички ишлар бошқармасида фаолият кўрсатган. Унинг ўз касбига бағишланган “Агентурист” бадиий фильмининг сценарийси ҳам жуда машҳур бўлган.

Самиев уч йил аввал, 2020 йили 13-декабрда вафот этган.

Барно Исақова, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг