Танишув сафари: Ўшлик журналистлар Андижон шаҳрига медиа саёҳат қилишди

Бир неча йил аввал қирғизистон журналистларининг Ўзбекистонга сафари ақл бовар қилмайдиган иш эди.

Қирғизистондаги оммавий ахборот воситаларининг қўшни республикага ташрифи икки давлатнинг туризм соҳасини ривожлантириш учун олиб қилаётган саъй-ҳаракатларнинг бир кўринишидир.

Журналистлар дастлаб Андижон вилоятидаги ҳайвонот боғини томоша қилишди. Ушбу ҳайвонот боғи катталиги ҳамда жониворларнинг сони бўйича Ўзбекистонда иккинчи ўринда туради. Бу ерда ҳайвонларнинг 40дан ортиқ, қушларнинг эса 20дан ортиқ турлари бор. Бир кунда ўрта ҳисобда ҳайвонот боғига юз-икки юз одам томоша қилгани киради.

Ҳайвонот боғи директори Азиз Бадаловнинг таъкидлашича, бугунги кунда туристларни яна ҳам кўпроқ жалб этиш учун жониворларнинг турларини кўпайтириш ҳаракатида.

“Бир жониворни ҳайвонот боғига олиб келишда бизнинг иқлимга мослаша оладими, яшаб кета оладими шуни ўрганиб чиқамиз. Буларни махсус мутахассислар назорат қилишади. Бирор ходимни ишга олишдан аввал унинг билимига, ҳайвонлар билан ишлай олишига қараймиз. Ҳозирда 20га яқин ишчи бор. Зоопаркка келаётган сайёҳларнинг аксариятини қўшни давлатлардан келганлар ташкил этади”, – дейди Азиз Бадалов.

Мазкур ҳайвонот боғи 2019-йилда ташкил этилган. Ўзбекистонда ички туризм яхши ривожлангани учун, унга маҳаллий аҳоли кўп ташриф буюради. Қирғизистондан эса республикага ҳар куни бир юз элликка яқин сайёҳлар боради.

Сўнг журналистлар яна бир мажмуа – Бобур номидаги тарих музейига боришди. Музейда асосан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти давомида қўллаган қуроллари, кийимлари, фойдаланган буюмлари ҳамда тарихи ёзилган экспонатлар сақланади. Ушбу музейга 1992-йили Бобур номи берилган. Мазкур даргоҳдан март ойидан бошлаб сентябрнинг охиригача сайёҳларнинг қадами узилмайди.

Музейнинг умумий майдони 300 гектарни ташкил этади. Унда махсус истироҳат боғи ҳам ўрин олган.

Андижонда шиддат билан битаётган шаҳар четидаги “Янги Андижон” шаҳарчаси ҳам ўшлик журналистларнинг эътиборини ўзига тортди. Мазкур шаҳарчада 2024-йилгача 200га яқин кўп қаватли уйларнинг қурилиши режалаштирилган. Айни вақтда 80дан ортиғи битиб, фойдаланишга берилган. Шаҳарчада аҳоли учун барча шароитлари яратилган. Жумладан, мактаб ва болалар боғчалари ҳам қурилган.

“Янги Андижон” шаҳарчасининг раҳбари Азизбек Омоновнинг сўзларига кўра, ушбу ҳудуд Қирғизистоннинг Ўш вилояти Новқат тумани иқлимига ўхшайди. Бунгача қаровсиз адир бўлган.

“Аҳоли сони кундан кунга тобора кўпайиб бормоқда. Ер участкаларини етишмовчилигини бартараф қилиш мақсадида ушбу ҳудудни танладик. Бу ерга 500га (500 минг бўлса керак. – таҳр.) яқин фуқароларни жойлаштириш мумкин”, – деди Азизбек Омонов журналистлар билан суҳбатда.

Ўш шаҳар мэриясининг ташқи алоқалар ва аналитика бошқармасининг ташқи алоқалар бўлими бошлиғи Мақсатбек Ўрўзалиевнинг таъкидлашича, ўзбекистонлик сайёҳлар Қирғизистондаги қишки туризмга қизиқишади. Айни вақтда Ўшга асосан сайёҳлар савдо-сотиқ учун ва ёзда тоғларда дам олиш учун келишади. Қишки туризмни ривожлантиришга имкониятлар етарли. Бунинг учун тоғ-чанғи базалари фаолиятини яхшилаш лозим. Масалан, Олойдаги “Альпиндом” меҳмонхонасига қишда фақат қорни кўриш учун иқлими нисбатан анча иссиқ бўлган Ўзбекистондан сайёҳлар ташриф буюришади.

“Ўзбекистон билан икки давлат алоқалари сўнги вақтларда яхши кўрсатгичда бўлмоқда. Ҳамкорликни яна ҳам кучайтириш бизнинг асосий мақсадимиз. Масалан, Ўшда ёзги мавсумда маданий-тарихий туризмни ривожлантиришга имконият бор”, – деди Мақсатбек Ўрўзалиев.

Унга кўра, икки томонлама ҳамкорликни яхшилаш мақсадида ўтган йили сайёҳлик операторлари учун шундай инфотур уюштирилган. Бу йилда эса журналистлар ва блогерлар учун ана шундай имконият яратилди.

Келажакда ўзбекистонлик журналистларга Ўшга саёҳат уюштириш режалаштирилган.

“Янги очилган ҳамда бунгача мавжуд сайёҳлик жойларига олиб бориб, тарихий обидалар билан таништириб, маълумотларни ёйишни кўзлаганмиз”, – дейди Мақсатбек Ўрўзалиев.

Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов бундан олти йил аввал Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари учун чегарадан ўтиш имкони бўлмаганини эслатди. Эндиликда чегара масалалари ҳал қилиниб, дўстлик алоқалари қайта тикланмоқда. Бунинг натижаси ҳар томонлама ҳамкорлик, унинг ичида сайёҳлик соҳасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон президенти Андижонда сайёҳликни ривожлантириш бўйича топшириқ бериб, бунда журналист ва блогерларнинг роли катта эканини таъкидлаган.

“Бугунги кунда гувоҳи бўлганингиздай сайёҳлик соҳасида олдинга силжишлар бор. Бундан кейин маданият ва сайёҳлик соҳаларида улкан ишларни олиб борсак, ҳамкорлигимиз янада яхши натижа беради. Олдимизга қўйган режаларимиз кўп, уларнинг биринчиси бугун амалга ошди”, –  деди Ғофуржон Абдураҳмонов.

Унинг айтишича, Андижонга ўтган йили 96 минг сайёҳ келган бўлса, унинг 60 мингга яқинини қирғизистонликлар ташкил этган. Жорий йилда сайёҳлар сонини 150 минг кишига етказиш режалаштирилган.

Андижон вилояти Ўзбекистон ҳудудининг 1 фоизини ҳам ташкил этмайди, аммо аҳолиси 3 миллиондан ортиқ. Ундан 400 мингдан ортиғини шаҳар аҳолиси ташкил этади.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг