Майдалашиб ўтиришмади: Меҳнат муҳожири 100 йил муддатга Россиядан ҳайдалди

Яна Россияга бориш учун тожикистонлик Алижон Раҳмонов энди камида 127 йил яшаши керак бўлади.

Тожикистонлик меҳнат муҳожири, 26 ёшли Алижон Раҳмоновга 2123 йилнинг апрелигача Россия Федерацияси ҳудудига кириш тақиқланди. Расмийларнинг бу ҳақдаги қарори нусхасини Россиядаги мухожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол Каримжон Ёров ижтимоий тармоқларда жойлаштирган.

Ёровнинг маълум қилишича, Раҳмонов Россия ҳудудида юриш ҳақидаги қонун-қоидаларини бузган, лекин айнан қандай айб қилгани бундай қаттиқ жазога сабаб бўлгани ҳақида аниқ ёзмаган. Унинг ёзишича, бунга қадар ҳам бошқа бир тожик фуқароси мамлакатдан 99 йилга депортация қилинган эди.

Россия расмийларининг, кўп ҳолатларда рус фуқароларининг ҳам бошқа қўшни давлатлар фуқароларига қараганда тожикларга нисбатан салбийроқ муносабатда экани ҳақида аввалдан айтиб келинади. Турли маълумотларга кўра сўнгги бир неча йил давомида Россиядан 200 мингдан ортиқ тожикистонлик муҳожир чиқариб (депорт) юборилган.

Одатда Россия судлари чиқарган ҳукмга кўра мамлакатга кириш 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга тақиқланади.

Шунга қарамай, Россиядаги Тожикистон фуқароларининг сони бошқа давлатларга нисбатан кўпроқ. Масалан, расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Россия ҳудудида меҳнат қилаётган тожикистонликларнинг сони 3 миллион киши атрофида. Лекин тожик расмийлари уларнинг сони 600 минг атрофида деб кўрсатади. Жумладан, 173 мингдан кўпроқ тожикистонлик 2022 йилда Россия фуқаролигини олган.

Каримжон Ёровнинг фикрича, рус расмийлари ўз ҳуқуқларини талаб қилиш ва бошқа амаллар билан уларнинг «асабига тега бошлашганда» шундай қарор қабул қилишади. Бу ҳам ёмон кўрган одамидан аламини олишнинг бир усули бўлса керак.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг