Россияда “гўшт” тақчиллиги: Қирғизистонликларни урушга тортиш тўхтамаяпти

Украина урушидаги катта талафотлар туфайли рус армияси сафларини тўлдириш қийинлашяпти.

Москвадаги Қирғиз диаспоралари кенгаши юртдошларини Россия Қуролли кучларида шартнома асосида хизмат қилиш эвазига катта пул бериш ҳақида берилаётган ваъдаларга ишонмасликка чақирди. Бу ҳақда ташкилот раиси Раимқул Аттоқуров 24.kg нашрига маълум қилган.

Аттоқуровнинг айтишича, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш чақириғи билан маълумотлар тарқатилмоқда.

“Ижтимоий тармоқларда Қирғизистон фуқароларига мурожаат” номли мавзу остида ана шундай хабарлар тарқатилмоқда. Ҳурматли юртдошлар, ваъда қилинаётган пулга учманглар, жанг қилиш учун у ерга борманглар!” – дейилади ташкилотнинг қирғизистонликларга мурожаатида.

Тарқатилаётган хабарларда урушга даъват қилувчилар Қирғизистон фуқароларига катта пул ваъда қилишмоқда. Жумладан, урушга киришдан олдинги тайёргарлик даврида 150 минг рубл (бу давр қанча давом этиши кўрсатилмаган), бевосита жангларда иштирок этганлиги учун 300 минг рубл берилиши кўрсатилган.

Агар шартнома тузган фуқаро яраланса, унга 2 миллион рубл, ҳалок бўлган тақдирда 12 миллион рубл берилиши ваъда қилинган. Аммо шу пайтгача кимгадир ваъда қилинган бу пулларнинг берилгани ҳақида на расмий ва на норасмий маълумотлар чиқмаган. Аксинча, сафарбарлик доирасида урушга жўнатилган Россия фуқароларининг ўзлари кўп ҳолларда ваъда қилинган маошларини олишолмаётгани, ўта ночор шароитларда кун кўришаётгани ва ёки тайёргарликсиз жанггоҳларга ташланганликлари ҳақидаги видео баёнотлар тез-тез чиқиб турибди.

Бунгача Мариказий Осиёнинг бошқа давлатларидаги каби Қирғизистон расмийлари ҳам, ўз фуқароларини урушга жалб қилинишдан сақланишга чақириб, бунинг учун юртида жиноий жавобгарликка тортилишилари ҳақида бир неча бор огоҳлантиришган.

Украина ва АҚШ расмийлари бераётган маълумотларга кўра, уруш бошлангандан бери Россия Украинада ўлган ва яраланганлари билан бирга 200 мингга яқин аскарини йўқотган. Лекин Россия расмийлари бир йилча аввал 5000 атрофида одамини йўқотгани ҳақида маълумот беришган холос. Ўз навбатида руслар ҳам 100 минглаб украин аскарлари ўлдирилганини айтиб келишади.

Урушда Россия жуда кўп аскар йўқотаётгани ва аскарлар етишмаётганига далил сифатида ўтган йили Россия 300 минг кишини сафарбар қилгани, яқинда яна сафарбарлик эълон қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни келтириш мумкин.

Гап шундаки, рус аскарлари қўмондонлиги у ёки бу шаҳарни олиш учун минглаб қурбонлар бўлаётганига қарамай, аскарларни “гўшт” сифатида жанггоҳларга ташлашини қўймаяпти. Масалан, биргина Бахмут (урушгача 70 минг киши яшаган) шаҳарчасини босиб олиш учун рус аскарлари 7 ойдан бери уриниб, катта қурбонлар беришяпти.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг