Россияга тақлид: Қирғизистон расмийлари “Демократия оролча”да яшашни истамаяпти

Қирғизистонда оммавий ахборот воситаларининг танқидига йўл қўймаслик учун қонунлар қўлланилади.

Халқаро Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2022 йил натижаларига кўра дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволига оид навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унда Қирғизистонга алоҳида боб бағишланган. Ҳужжатда муаллифлар республикада инсон ҳуқуқларининг асосий бузилиши ҳолатларини санаб ўтганлар.

Йиғилишлар чеклови қонунлаштирилди

Қайд этилганидек, тинч митинглар ўтказишга жиддий чекловлар қўйилди. Хориждан маблағ олувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ҳисобот беришнинг янги турлари жорий этилди. Ҳукуматни танқид қилган журналист ва фаоллар ижтимоий тармоқлардаги ҳужумлар ва асоссиз таъқибларга учрадилар. Сўз эркинлигини чеклаш, оммавий ахборот воситаларидан давлат раҳбарлари ва амалдорларни танқид қилишнинг олдини олиш мақсадида турли қонунлар қўлланилди.

“Гендер асосидаги зўравонлик тизимли ҳодиса бўлиб, у ҳар доим ҳам жабрланувчилар томонидан ошкор қилинмайди. Оиладаги зўравонлик бўйича статистик маълумотлар алоҳида тоифаларга бўлинмасдан тузилди, бу эса айрим гуруҳларга, жумладан, ногирон аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик кўламини кўришни қийинлаштирди”, – дея таъкидлашади ҳисобот муаллифлари.

Ўтган йилнинг июль ойида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан 27таси Қирғизистон президентига очиқ хат йўллаб, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши самарали чоралар кўришни талаб қилган ва жиноий судлов, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги тизимли муаммоларни кўрсатиб ўтган эди. Уларнинг бу ҳақда шошилинч йиғилиш ўтказиш ҳақидаги илтимослари жавобсиз қолди.

Ундан сал аввалроқ, яъни 2022 йилнинг март ойида пойтахт Бишкек мэрияси оммавий йиғилишлар ўтказилиши мумкин бўлган жойлар рўйхатини чеклаган эди. Шу тариқа, қатор оммавий жойларда, жумладан, парламент, президент маъмурияти ва Россия элчихонаси олдида митинг ўтказиш имконсиз бўлиб қолди. Кейинчалик расмийлар Максим Горкий ҳиёбонидан ташқари Бишкек шаҳрининг марказида йиғилишларни умуман таъқиқлади.

Дастлаб, чекловлар Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан “миллатлараро асосда юзага келиши мумкин бўлган оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш ва бостириш учун” вақтинчалик ва зарур деб аталди. Кейин чекловлар 31- декабрга қадар узайтирилди ва бу тақиқ барча оммавий фуқаролик акциялари ва йиғилишларига татбиқ этилди.

«Октябр ойида расмийлар Ўзбекистон билан чегарани делимитация қилиш бўйича жараёни ҳақида хабар бердилар, бироқ процедура тафсилотлари жамоатчиликнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлди. Фаоллар келишувга қарши қўмита тузиб, расмийлардан унинг барча бандларини ошкор қилишни талаб қилишди. Расмийлар бунга жавобан “тартибсизликларни уюштиришга уринишда” асоссиз айбловлар билан 26 нафар фаолни ҳибсга олишди», – дейилади ҳисоботда.

2022 йилда солиқ органлари нотижорат ташкилотлари (НТТ) томонидан хорижий молиялаштиришдан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот беришнинг янги қоидаларини қабул қилди. НТТларга активлар, молиялаштириш манбалари ва ҳаражатлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳисоботларни тақдим этиш учун бир ҳафта вақт берилди.

Йил давомида сўз эркинлиги, айниқса, ОАВ ходимлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун босқичма-босқич чекланди.

Журналистлар оғзини ёпишга ҳаракат

Сентябр ойида оммавий ахборот воситаларига уруш даври ва фавқулодда ҳолатларда чекловлар қўювчи, рўйхатдан ўтиш талабларини кучайтирувчи онлайн ресурсларни қамраб олувчи янги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Жумладан, лойиҳага кўра қонун қабул қилингандан кейин икки ой ичида барча оммавий ахборот воситалари қайта рўйхатдан ўтишлари талаб қилинади. ОАВ фаолиятини янада чеклаш мақсадида 2021-йилда қабул қилинган “Нотўғри (ёлғон) маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ишлаш муддати узайтирилди.

Сўз эркинлигини бўғиш учун расмийлар нафрат сўзлари ва итоатсизликка чорлаш, тартибсизликлар ва зўравонликни олдини олишни рўкач қилиб, сўз эркинлигини чекладилар. Оммавий ахборот воситалари ходимларига қарши айбловлар асосида уларни жиноий таъқиб қилиш натижасида кўплаган журналистлар ҳамда ОАВлари мансабдор шахсларни танқид қилишини тўхтатди.

Мутахассислар Қирғизистон ва бошқа собиқ совет давлатларидаги эркинликни чеклашга қаратилган қонунлар Россиядаги мавжуд қонунарнинг руҳини акс этиришини айтиб келишади. Қирғизистонда эса, депутатларнинг айнан Россия қонунларини кўчириб олаётганлари бир неча бор қайд этилган.

Халқаро ҳуқуқдан четлаш

Мамлакатдаги Қийноқларнинг олдини олиш миллий маркази (ҚООММ) қамоқхоналардаги ўлимлар сонининг кўплигига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, вақтинча сақлаш ҳибсхоналаридаги (ИВС) камераларнинг учдан бир қисми зах, қоронғи ва ҳаво айланиши яхши бўлмаган хоналарда жойлашган.

Июн ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси расмийларнинг ҚООММни тарқатиб юбориш ва Қирғизистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларини сусайтириш борасидаги режаларидан хавотир билдирди.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2022 йил Европа ва Марказий Осиёда Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий босқин уюштирган, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши салоҳиятли жиноятлар содир этилган ҳамда Иккинчи жаҳон урушидан бери Европага қочқинларнинг энг катта тўлқинини келтириб чиқарган йил сифатида эсда қолади.

Умуман олганда, 2022 йил халқаро тартиб учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Аммо инсон ҳуқуқлари жабҳасида ҳеч қандай бурилиш бўлмади.

“Россиянинг тажовузкорлиги халқаро кўп томонлама тизимни янада беқарорлаштирди, ўнлаб йиллар давомида кучли давлатлар халқаро ҳуқуқ меъёрларини жазосиз қолган ҳолда бузиб келганлиги туфайли бу тизим заифлашган. Бу уруш мавжуд ресурслар ва эътиборни иқлим инқирозидан, бошқа узоқ давом этаётган тўқнашувлардан ва бутун дунё бўйлаб одамларнинг бошқа азоб-уқубатларидан чалғитди. Ғарбнинг Россиянинг Украинага бостириб киришига бўлган муносабати ўзининг икки томонлама андозалари ва БМТ Низомининг бошқа кўплаб бузилишларига изчил жавоб бермаслигини таъкидлади. Бу беқарорлик ва жазосиз қолишликни янада кучайтирди”, – дейилади ҳисоботда.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг