Чархпалак: Россияликлар орасида Қирғизистон фуқаролигини олиш удумлаша бошлади

Қирғизистон фуқаролигини олганлар орасида бизнес, ҳатто расмийларнинг вакиллари бор.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг республика фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги навбатдаги фармонига кўра, қирғизистонлик бўлишни афзал кўрган россияликларнинг эллик нафарга яқини пойтахт Москвадан экани ва улар орасида “оддий фуқаро” бўлмаган шахсларнинг ҳам борлиги маълум бўлди.

Таниш исмлар

Хусусан, паспорт олувчиларни исм-шарифларига кўра қирғизистонлик эмаслигини осонгина ажратиб олиш мумкин. Айрим ташкилот ва нашрлар улар орасидан кўзга кўринган одамларнинг борлигини эътироф этишган. Масалан, исми-шарифи Твер вилоятининг собиқ губернатори Дмитрий Зеленин билан тўлалигича тўғри келадиган одам ҳам Қирғизистон паспортини олган. Унинг туғилган йили ва жойи ҳам губернатор Зеленин ҳақидаги маълумотларга мос келади, дея таъкидлайди «Трансперенси Интернешнл-Россия» ташкилоти директори Илья Шуманов.

Бундан ташқари, қирғиз фуқаролигини олганлар орасида Россия ҳукуматининг мамлакат Олий суди инстанцияларидаги вакили Михаил Баршевскийнинг қизи Наталья Баршевскаянинг тўлиқ фамилияси ҳам бор. Унинг туғилган йили ҳам ҳужжатдаги санага мос келади.

Қирғизистон фуқаролигини «Ароматний мир» ширкати асосчиси, таниқли тадбиркор Валерий Задориннинг тахминий ўғиллари – Александр ва Михаил ҳам олган. Задориннинг ўзи Бишкекда туғилган бўлиб, бу фактга «LAWSTONE» телеграм канали эътибор қаратган.

Қирғизистон паспортини Bitzlato крипто биржаси ҳаммуассиси Антон Шкуренконинг тўлиқ фамилияси соҳиби ҳам олган. Қизиғи, февраль ойида у француз терговчиларининг илтимосига биноан Москвада ҳибсга олинган, деб ёзади Baza.

Шкуренко “бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган товламачилик”, “маълумотларни ўғирлаш ва маълумотларни қайта ишлашнинг автоматлаштирилган тизимига кириш” ҳамда “пул ювиш” каби жиноятларда гумон қилинаётгани ҳам маълум қилинган.

Баъзи руслар Қирғизистон паспортини оилавий тарзда олишмоқда ва уларга ёрдам кўрсатаётган шахслар ҳам бор. Масалан, москвалик собиқ молиячи Михаил Жуховицкий Facebook’да Қирғизистонда унинг “ёқимли дўстлари” доираси – “маҳаллий молиявий элита” борлигини айтган. Жуховицкийнинг сўзларига кўра, у 10 га яқин россиялик дўстларига Қирғизистон паспортини олишга ёрдам берган.

Аммо Қирғизистон икки фуқароликни расман тан олмайди. Шунга қарамай, агар расмийлар одамнинг иккинчи давлат ҳужжатидан “хабари бўлмаса”, қирғизистонликлар икки паспортга эга бўлишлари мумкин. Бугунги кунда ўн минглаб Қирғизистон фуқаролари Россия паспортларига эга экани сир эмас.

Фалакнинг гардиши билан неча йиллардан бери қирғизистонликлар Россия паспортини ҳатто катта пул эвазига олиб келишган бўлса, энди бунинг акси бўла бошлади. Фарқи – қирғизистонликлар Россияга асосан ишсизлик туфайли кетишган бўлса, россияликлар Украинадаги уруш ва у билан боғлиқ иқтисодий муаммолар, келажакка ишончсизлик туфайли рус фуқаролигидан воз кечмоқдалар. Албатта, ҳозирча уларнинг сони унчалик кўп эмас. Лекин жуда оз ҳам эмас.

Ўтган йили жами 2 мингга яқин россиялик Қирғизистон фуқаролигини олди, деб ёзади «MK.RU Киргизия» нашри. Ўтган йилнинг ноябрида Қирғизистон парламентида “олтин паспортлар” дастурини, яъни инвестиция олиб келгани учун мамлакат фуқаролигини беришни таклиф қилинган эди. Бунга жавобан Рақамли ривожланиш вазири ўринбосари Айдарбек Мамбетқадиров шунга ўхшаш қонун лойиҳаси аллақачон ишлаб чиқилаётганини маълум қилди, деб ёзади “24.kg” нашри.

Бу кўчишдан расмийлар имкон қадар фойда олишга интила бошладилар. Чунки Қирғизистонга ҳозирда етишмаётган ақлий меҳнат вакиллари кела бошлади.

Ўтган йилнинг ёзида Қирғизистонда Россия ва МДҲнинг бошқа давлатларидан келган IT-мутахассисларининг кўчиш ва ишлаш шароитлари соддалаштирилган эди. Уларга “рақамли кўчманчилар” (Digital nomad) мақомига эга бўлиб, рўйхатдан ўтмасдан ва ишлаш учун рухсатнома олмасдан мамлакатда қолиш имконияти берилди. IT-мутахассисларининг яқин қариндошлари ҳам Қирғизистонга кириш ва қолиш учун рухсат олишлари мумкин.

Ўзимизникиларга нима бўлади?

Юқорида айтганимиздек, ўтган йиллар ичида ўн, ҳатто юз минглаб қирғизистонликлар Россия паспортини олишга улгуришди. Шу сабабдан улар ўз юртларида, Қирғизистон паспортига ҳам эга бўлсаларда, айрим ҳуқуқларидан маҳрум бўлмоқдалар. Уларга енгиллик яратиш мақсадида Қирғизистонда «Мекен-карт» тизими киритила бошлади.

Жорий йилнинг 13-мартидан бошлаб «Мекен-карт» олиш учун ҳужжатларни қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Қирғизистон Республикасининг собиқ фуқароси бўлган чет эл фуқаролари, уларнинг фарзандлари ва неваралари чет эл фуқаролигига эга бўлган ватандош мақомини олиш учун ариза беришлари мумкин. Фақат чегарадош давлатлар – Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари бундан мустасно. Бу чеклов давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида киритилган.

“Мекен-карт”га эга бўлиш учун чет эл фуқароси Қирғизистоннинг ҳудудий бўлинмалари ёки халқ хизматлари марказлари (ХҲМ) ёки хорижий дипломатик муассасаларга (республикадан ташқарида бўлган тақдирда) мурожаат қилиши керак.

Ватандош мақомини (“Мекен-карт” олиш орқали” олганлар Қирғизистонда бўлиш тартиби, меҳнат ҳуқуқлари, давлат чегарасини кесиб ўтиш, таълим олиш ва даволаниш бўйича алоҳида ҳуқуқларга эга бўладилар.

“Мекен карталари”ни олиш учун ҳужжатлар рўйхати билан Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Рақамли ривожланиш вазирлигининг расмий сайтларида танишиш мумкин.

Лойиҳа “Мекен-карт” тизимининг техник оператори бўлган Қирғизистон Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Инфоком» давлат корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Қўшимча саволлар олиш учун бепул “119” рақамли ахборот хизматига (Қирғизистон ҳудудида) ёки Қирғизистон Республикасининг хориждаги элчихоналари ва консуллик муассасаларига мурожаат қилиш мумкин.

Умида Мирзабоева, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг