Тошкентда Қирғизистондаги йирик иншоотлар қурилиши муҳокама қилинди

Амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар Қирғизистонга миллионлаб доллар фойда келтиради.

Қирғизистон парламенти раиси ўринбосари Нурланбек Азиғалиев Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Қирғизистон Жўғорқу Кенеши (ЖК) ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг учинчи йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда ЖК матбуот хизмати хабар берди.

Энг йирик энергетик иншоот ва…

Комиссиянинг биринчи йиғилиши 2018-йилда Фарғонада, иккинчиси 2019-йилда Ўшда бўлиб ўтган эди.

“Аввалги икки учрашув доирасида ўзаро ҳамкорлик соҳасидаги муҳим масалалар муҳокама қилинган. Кун тартиби мамлакатларимиз учун долзарбдир. Ишончим комилки, бу борадаги ишлар нафақат парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, балки давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни ва ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам хизмат қилади”, – деди Нурланбек Азиғалиев.

У икки давлат ўртасидаги иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга тўхталиб, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ва Қамбарота гидроэлектр станциясини қуриш бўйича келишувларга эътибор қаратди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев икки давлат парламентлари даражасида муҳокама қилиниши керак бўлган кўплаб масалалар мавжудлигини таъкидлади.

“Улар орасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари ишини тартибга солиш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва бошқалар бор”, – деди у.

Бўлиб ўтган парламентлараро комиссия доирасида бу масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Ўзаро учрашув чоғида Жўғўрқу Кенеш раисининг Ўзбекистонга ишчи ташрифини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда депутатлар Ирисбек Атажанов, Фарҳодбек Алимжанов, Нилуфар Алимжанова, Фарҳат Исмаилов, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муса Жаманбаев, Таълим ва фан вазири ўринбосари Уланбек Усеков ва Инвестициялар бўйича миллий агентлик директори ўринбосари Жалин Жээналиевлар иштирок этдилар. Бундан ташқари, онлайн форматда Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятлари раҳбарлари қатнашиб, тақдимотлар ўтказдилар.

Ўтган 2022 йилнинг июнь ойида Қамбарота ГЭСини қуришга бағишланган тадбирда қайд этилганидек, “Қамбарота ГЭСи-1” қурилиши лойиҳаси нафақат Қамбарота ГЭС каскади, балки бутун мамлакатдаги энг йирик энергетика объектидир.

У 256 м баландликдаги тош тўлдирувчи тўғон ва ўрнатилган қуввати 1860 МВт бўлган, ўртача йиллик ишлаб чиқариш қуввати 5,6 миллиард кВт/соат ва умумий ҳажми 5,4 миллиард м³ суви бўлган ГЭС қурилишини назарда тутади.

Қамбар-Ота ГЭСи-1 қурилишининг умумий қиймати 2 миллиард 916 миллион 600 минг долларга баҳоланган. Қурилиш олти босқичдан иборат бўлиб, у бюджет маблағлари ва жалб қилинган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилади.

…Шарқ билан ғарбни боғловчи йўл

Шунингдек, 2022 йилнинг сентябрида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида уч давлат вакиллари Қирғизистон ҳудудидаги «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаган эди.

Келишувларга кўра, темир йўл Қирғизистон ҳудудида Тўруғарт-Арпа-Мақмал-Жалолобод йўналиши бўйича ўтади.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлининг қурилиши Қирғизистоннинг транспорт тармоғидаги жуда аҳамиятли лойиҳа бўлиб ҳисобланади. […] Лойиҳа транзит юк ташишнинг халқаро бозорида рақобатбардошликка чидамлиликни масофани ҳамда юк етказиш вақтини қисқартириш орқали орттиради”, – дея таъкидлашган қирғиз президентининг маъмуриятидан.

Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, янги темир йўл Евроосиё минтақалараро “кўприги”нинг жанубий тармоғига айланиши ва Жануби-Шарқий, Ғарбий Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари бозорларига йўл очиши керак.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаровнинг айтишича, лойиҳанинг тахминий қиймати 6 миллиард долларга баҳоланган.

Хитойдан Қирғизистонга, ундан кейин Ўзбекистон, Эрон, Туркия орқали ўтиб, Европага чиқувчи темир йўлни қуриш бўйича сўзлашувлар олиб борилаётганига 20 йил бўлди.

Бу йўл Қирғизистонга деярлик бутун Осиёни – Хитойнинг этагидан бошлаб, Форс кўрфазигача боғловчи минтақалараро “кўприк”нинг бир қисми бўлиш имкониятини беради.

Темир йўл магистралидан йилига 7 млн. тоннадан 13 млн. тоннагача юк ташиш мумкин бўлади деб кутилмоқда. Қирғизистоннинг ҳисоб-китоби бўйича уларнинг 80%и транзит юклар, қолгани – Қирғизистоннинг ўз савдо-сотиғи бўлади. Аввалдан Қирғизистон транзитнинг ўзиданоқ йил сайин 200 млн. долларгача даромад олиши мумкинлиги айтиб келинади.

2022 йилнинг май ойида Садир Жапаров темир йўлнинг қурилиши 2023 йили бошланишини айтган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг