Табиий офат эшик қоқди: Тошкентда зилзила

Афғонистон ва Покистон ҳудудида рўй берган зилзиланинг кучи Тошкентда ҳам жиддий сезилди.

Сешанба куни соат 22:00га яқин Тошкентда икки марта кучли ер силкиниши сезилиб, улар горизонтал йўналишда бўлгани ва бирмунча давом этгани ҳақида хабар берилди. Вайроналик ва қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Ўзбекистон Сейсмопрогностик мониторинг маркази берган маълумотга кўра, зилзила эпицентри Афғонистонда бўлган. Унинг магнитудаси 6,6, чуқурлиги — 220 км бўлган.

Зилзила кучи қўшни Покистонда ҳам сезилиб, у ерда 9 киши, Афғонистонда 4 одам қурбон бўлган, ўнлаб одамлар турли тан жароҳатлари олишган.

Ўттиз дақиқагача давом этган 6,8 балли силкинишлар одамларда қаттиқ ваҳима уйғотган ва одамлар уйларини, турган жойларини ташлаб чиқишган.

Зилзила ўчоғидан Ўзбекистон пойтахтигача бўлган масофа жануби-шарқий йўналишда 560 чақиримдан узоқроқ бўлган. Ўзбекистон ҳудудида ер силкинишлари деярли барча вилоятларда 5 балл атрофида бўлгани қайд этилган.

Ўзбекистоннинг янги тарихида энг кучли зилзила 1966 йилнинг апрелида Тошкентда юз бериб, қурбонлар бўлмаган бўлсада, шаҳар бутунлай вайронага айланган ва унинг ўрнида замонавий шаҳар барпо этилган.

Одамларнинг кучли ваҳимага тушишига сабаб силкиниш кучидан ташқари яқинда Туркияда бўлиб ўтган фожиа сабаб бўлган бўлиши мумкин. Шу йилнинг февралида юз берган зилзила оқибатида Туркияда 46 мингга яқин, қўшни Сурияда эса, 7200 дан кўпроқ одам ҳалок бўлган. Бир қатор шаҳарлар бутунлай вайронага айланган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг