Туркий давлатлар ташкилоти: Мустаҳкам баҳамжиҳатлик намоён бўлди

Қардош давлатлар Туркияни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилдилар.

Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг 16 март куни Анкарада ўтган навбатдан ташқари саммитида 2023 йилнинг февралида мислсиз талафотлар кўрган Туркияни биргаликда тиклаш ҳақида битимга келдилар. Бу ҳақда ташкилот аъзоларининг биргаликда қилган баёнотида айтилади.

Баёнотга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Қозоғистон президенти Қасим-Жўўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевлар қўл қўйишган.

Навбатдан ташқари саммит Озарбайжон раҳбарининг ташабуси билан ўтказилди ва асосан табиий офатлар ва инсонийлик ёрдами масалаларига бағишланди. Иштирокчилар зарур бўлган пайтда Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган минтақаларига ёрдам беришда давом этишга тайёр эканини билдирдилар.

Саммит сўнгида уч ҳужжат: Анкара декларацияси, ТДТ фуқароларни ҳимоя қилиш механизмини тузиш ҳақидаги қарор ва турк инвестиция фондини тузиш ҳақидаги келишув имзоланди.

Шимолий Кипр Турк Республикаси, Туркманистон ва Венгрия саммитда кузатувчилар сифатида иштирок этдилар. Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Ғурбанғули Бердимуҳамедов яқин орада бу давлатнинг ушбу ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида киришга қарор қилганини маълум қилди.

Кун тартибидаги масалалардан ташқари Туркия раҳбари Эрдўғон ташкилот аъзоларининг сиёсий қўлловига ҳам эга бўлди. Жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев саммитда сўзлаган нутқида ТДТ аъзолари номидан Туркия аҳолисини яқинда бўладиган президентлик сайловларида ҳаракатдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонни қўллашга чақирди.

Шавкат Мирзиёев “замонавий ва қудратли Туркиянинг бугунги эришаётган барча зафарлари ва улкан марраларида Эрдўғоннинг мислсиз хизматлари борлигини» таъкидлар экан, «… Барча қардош халқларимиз номидан турк элига мурожаат этиб, сайловларда муҳтарам Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг номзодини тўла қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, деди.

Шунингдек Мирзиёев Туркияда 48,5 минг одамнинг ўлимига сабаб бўлган зилзила юз берган кунни (6 феврал) Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни, деб эълон қилишни таклиф этди.

Ўзбекистон президенти талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонларнинг Ўзбекистонда соғлиғини тиклаб, дам олишлари, шунингдек Бухорий, Термизий, Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк имомлар қадамжоларини зиёрат қилишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб беришини маълум қилди.

Саммит доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди. Томонлар давлатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Эрдўғон Қирғизистонни зилзиладан жабр кўрган турк халқига кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди. У зилзиладан сўнг биринчилардан бўлиб қўнғироқ қилган ва ҳамдардлик билдирган Садир Жапаровнинг қўлловини ҳамиша ҳис қилиб турганини айтди. Эрдўғон икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 26 фоизга ўсганини эътироф этар экан, яқин келажакда унинг кўламини 2 млрд. долларга етказиш имкони мавжуд эканини бидирди.

Садир Жапаровнинг Турк инвестиция фондини ташкил қилиб, унинг минтақавий ваколатхонасини Бишкекда очиш таклифи Туркия томонининг қўлловига эга бўлди.

Жапаров зилзила билан боғлиқ фожиа туфайли яна бир бор таъзия изҳор қилиб, Қирғизистон халқи Туркия халқини қўллаб-қувватлаб, ёрдам қўлини чўзишга ҳамиша тайёр эканини маълум қилди.

Қирғизистон қутқарувчилари офат юз берган биринчи кунлардаёқ бу ерга етиб келиб, вайрона остида қолган одамларни қутқариш бўйича катта ишлар қилишди. Давлат минглаб тонна инсонийлик ёрдамини жўнатди. Қирғизистонда махсус очилган ёрдам фондига шу кунгача 110 млн. сўмга ($1,3 млн.га яқин) яқин маблағ тушган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг