Туркманистондан ёрдам сифатида Ўзбекистонга икки минг тонна суюлтирилган газ келди

Кеча етиб келган газ Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг эҳтиёжманд оилаларига тарқатилади.   

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг фармони билан юборилган суюлтирилган газ ортилган вагонлар 19 февраль куни Ўзбекистонга етиб келди, дея хабар берди «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати.

Ўзбекистонни дўстона ва биродарлик билан қўллаб-қувватлаш мақсадида бепул юборилган газ Қорақалпоғистон аҳолисига тарқатила бошлангани хабар қилинади.
Туркманистондан юборилган суюлтирилган газнинг ҳажми 2 минг тоннани ташкил қилади. Унинг ярми Қорақалпоғистонга, ярми Хоразм вилояти аҳолисига бепул тарқатилиши режалаштирилган.

Туркманистон томоннинг билдиришича, бу ёрдам билан давлат раҳбарияти икки мамлакат ўртасидаги яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонни дўстона қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.

Бунга жавобан Ўзбекистон томони Туркманистонга мамлакатда ишлаб чиқариладиган Wolkswagen Caddy русумли «Тез ёрдам» машинасидан 20 дона жўнатган.
Маълумки, бу йилги қиш мавсумидаги ғайри одатий совуқ туфайли Ўзбекистон ҳам қўшни давлатлардаги каби газ ва электр энергияси инқирозига дуч келди. Мамлакатда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари ёпилди ва бошқа зарур чоралар кўрилди. Кўп жойларда электр энергияси узилиб қолди ва бундан аҳоли учун жиддий муаммолар туғилди.

Ўзбекистон президенти лавозимига Шавкат Мирзиёев келгач, у биринчи галда қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилашга бел боғлади. Бунинг натижасида ўтган йиллар мобайнида минтақадаги давлатлар ўртасидаги алоқалар янги даражага кўтарилди. Жумладан, Қирғизистон-Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий алоқалар кучайди. Қисқа муддат ичида икки давлат ўртасида 30 йилдан бери ҳал бўлмай келаётган чегара масаласига нуқта қўйилди.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг