Ўзбекистон-Қирғизистон: Чегара масаласи ҳал бўлди, йўллар очилди

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик янги даражага кўтарилишига мустаҳкам замин тайёрланди.

Журналистларга икки кунлик давлат ташрифидан кўнгли тўлганини айтган мартабали меҳмон – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чегара масалалари ҳал бўлгач, икки давлат, айниқса чегара ҳудудларидаги минтақалар ўзаро муносабатларнинг мутлақо янги даражасига кўтарилишини башорат қилди.

“Йўллар очилди. Биз энди аниқ натижаларга эгамиз”, – деди Мирзиёев. – Бизнинг муносабатларимиз ҳея қачон бу даражада бўлмаган эди. Мен бундан тўла қониқиш ҳосил қилдим”.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон делегациясининг мутлақо бошқача кайфиятда эканини, уларнинг нафақат бугунги, балки келажакдаги лойиҳалар ҳақида ҳам очиқча битимларга эришаётганларига эътибор қаратди. “Биз ўзаро савдо алмашинуви кўламини 2 миллиард долларга етказишга келишиб олдик”, – деди у.

Ташрифдан катта қониқиш олганини Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, икки давлат ўртасидаги муносабатларда савдо-иқтисодий, сармоялар жалб қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликка урғу берилади.

«Бизнес очиқ ишлаяпти. Давлатларимиз ўртасидаги ўзаро савдода тўсиқлар йўқ. Ҳукуматлар даражасида давлатларимиз ишбилармонлари ва минтақалари ўртасидаги бевосита бизнес алоқалари рағбатлантирилмоқда», – деди Садир Жапаров. – «…Янги ишлаб чиқариш майдонлари ва иш ўринларини яратишга қаратилган ўзаро сармояли лойиҳалар амалга оширилмоқда».

Икки давлат раҳбарлари тобора мураккаблашиб бораётган халқаро вазиятда Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик ва хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилишини таъкидлаб ўтдилар.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан 27-январ куни Бишкекда икки томонлама муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекишди. Мазкур ҳужжатга Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунида қўл қўйилган.

Ўзбекистон президенти икки кунлик давлат ташрифи билан 26-январ куни Қирғизистон пойтахтига учиб келгани ҳақида аввалроқ хабар қилган эдик.

Пайшанба куни Мирзиёев Бишкек четидаги “Ата-Бейит” миллий тарихий-ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, 1916 йилги фожиали воқеаларнинг қурбонлари хотирасига бағишланган “Уркун” ёдгорлигига гул қўйиш маросимида иштирок этди.

Эртасига, 27 январь куни эса Бишкекдаги “Ала-Арча” қароргоҳида Ўзбекистон президентини кутиб олиш бўйича расмий маросим ўтказилди. Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг аввал тор доирадаги музокаралари, кейин эса икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари, қатор вазирлик ва вилоятлар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказилди.

Аниқ ҳаракатлар режалаштирилди

Музокаралар чоғида томонлар ўзаро стратегик шерикликни чуқурлаштириш борасида биргаликда ишлашга қатъий интилишини билдирдилар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалаларига урғу берилди.

Музокаралар якунида икки томонлама стратегик шерикликка оид декларациядан ташқари давлат раҳбарлари ҳузурида давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро 25 та ҳужжат алмашилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённома, Қирғизистонда автомобиль ва тижорат техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим, Стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга баённома, Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома кабилар шулар жумласидандир.

Президент Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда ўзаро муносабатлар мақомини ошириш учун давлатлараро кенгаш тузиш муҳимлигини таъкидлади. Бу борада тегишли тузилмаарга топшириқлар беришни таклиф қилди.

«Юбилей йилида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаш орқали давлатлараро муносабатлар мақомини ошириш ва давлат раҳбарлари даражасида Олий давлатлараро кенгашни ташкил этишни муҳим деб биламан… Савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш ва икки томонлама савдони кўпайтириш бўйича ҳамкорликдаги ишимизни давом эттириш ниятидамиз”, – деди Жапаров.

Ўз навбатида Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

«Қирғизистон ва Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин ўтган 31 йил ичида биринчи марта ўзаро муносабатлар шу даражага етди. Президент Садир Жапаровга шахсан буни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Чегарани белгилаш масаласида унинг қатъияти бўлмаганида, биз бу даражага эришмаган бўлардик. Авваллари бу иш “эртага қиламиз”, деб жилдирилаверганидан 30 йил ўтди”, – деди Мирзиёев.

Чегара масаласи тўла ҳал бўлди

Президент Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилар экан, икки қўшни давлат чегара масалалари бўйича мулоқот ва қарорлар қабул қилишга тайёр эканини таъкидлади.

«Чегара масалаларига чек қўйиш орқали биз келажак авлодларимизнинг барқарор, ишончли ривожланиши ва фаровон яшаши учун мустаҳкам замин яратамиз, деб ўйлайман. Ҳурматли Шавкат Миромонович, ушбу муаммони ҳал этишда Сизнинг беқиёс ролингизни алоҳида таъкидламоқчиман. Ушбу давлат ташрифи доирасидаги келишувга алоҳида эътибор қаратиш лозим, бу муҳим воқеа ратификация ёрлиқлари алмашинуви билан мустаҳкамланади”, – деди Жапаров.

Икки президент қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш ҳақидаги келишувни ратификация қилиш ҳақидаги ҳужжатларни алмашишгач, шу билан ўзаро чегарани аниқлаш жараёни якунига етди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартномани ва Кампиробод сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги иккита қонунни Қирғизистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ўтган йили имзолаган ва ратификация қилган эди.

Ўшанда Қирғизистон расмийлари бу воқеани икки давлат ҳамкорлигининг янги босқичи сифатида баҳолаган.

Давлат раҳбарлари стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни ҳам имзоладилар.

Бундан ташқари, вазирлик ва идоралар ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, божхона, саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш, инновациялар ва илмий тадқиқотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар, шунингдек, Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш режаси имзоланди.

Икки давлатнинг чегарадош вилоятлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Жиззах ва Иссиқкўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурларга қўл қўйилди.

Бугун “Ала-Арча” давлат қароргоҳида Ўзбекистон Ппрезиденти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросимида меҳмон Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси аъзолари билан танишар экан, айрим мутасаддилар билан эркин суҳбатлашди. Унинг эътиборини Транспорт ва коммуникациялар вазири, Энергетика вазири, Иқтисодиёт вазири ва жанубий вилоятлар раҳбарлари ўзларига тортди.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентнинг Ўш вилоятидаги вакили Зиядин Жамалдиновга чегарадош ҳудудлар аҳолисининг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш бўйича кенгашлар берди. “Агар сизлар ёшлар, оқсоқоллар учрашувларини тез-тез ташкил этсангиз, алоқанинг ўзи ҳам мустаҳкамланади”, – деди у.

Мирзиёев Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбоевга унинг ҳамкасби, Фарғона вилояти раҳбари билан тез-тез учрашиб туришни маслаҳат берди.

“Сизлар (чегарага яқин вилоятлар раҳбарлари. – таҳр.) муаммоларни биргаликда ҳал қилсангиз, биз хотиржам бўламиз. Ҳамма нарса президент орқали ҳал қилиниши керак бўлган даврлар ўтди. Энди сизда етарли ваколатлар бор. Кўп муаммоларни жойида ҳал қилиш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга ташрифи бугун, яъни 27 январь куни ниҳоясига етди. Мартабали меҳмон шу куни ватанига қайтиб кетди.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг