Қирғизистон-Ўзбекистон: Ўшлик мақомчилар ансамбли Тошкентда меҳмонда

Ўш Давлат ўзбек академик мусиқали драма театри мақомчилари Тошкент гастролидан қайтиб келишди.

Бугун, 27 январь куни Ўш Давлат ўзбек Академик мусиқали драма театрининг мақомчилар ансамбли тўрт кунлик Тошкент гастролидан қайтиб келишди. Бу ижодий сафарнинг Бишкекда Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари ўтаётган кунларга тўғри келиши чуқур рамзий маънога эга.

“Ўзбекистон ва Қирғизистон маданият вазирликлари ҳамкорлиги доирасида, икки давлат ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган ижодий учрашувлар ўз самарасини бермоқда”, – дейди театр директори Аъзамжон Абдураззоқов. – “Мана, тўрт кунлик сафаримиз ниҳоясига етди, ижодий жамоамиз билан Ўзбекистоннинг “Маданият ва маърифат”, “Наво”, “Маҳалла”, “ЗўрТВ”, “Севимли”, “Биз ТВ Медиа” каби бир қатор телеканалларига ташриф буюрдик. Санъаткорларимизнинг қўшиқларини турли кўрсатувлар орқали ўзбекистонлик мухлисларимизга намойиш этдик”.

Сафар давомида Тошкентда “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамияти, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон миллий кутубхонаси ва Бобур номли Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри иштирокида Навоий ва Бобур таваллуд кунлари олдидан “Назм ва наво” кечаси ўтказилди. Ўшлик ансамбль аъзолари ижро қилган шашмақомни профессионал санъат усталари тинглашди ва ўзларининг юқори баҳоларини беришди.

Театр жамоасининг кайфияти шу ўтган тўрт кун ичида аъло даражада бўлди. Тарихга муҳрланиб қолувчи тасвирлар олинди, қўшиқлар ёзиб олинди. Бу ижодий сафар Ўш театри тарихида ажойиб кунлар бўлди, ижодий юксалиш сари дадил қадамлар қўйилди. Ижодий ҳамкорлик алоқалари давлатлараро дўстликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.

“Шашмақом ансамблининг раҳбари, устоз санъаткор Дилшодбек Азимов мақомни ўз устозлари қўлидан олиб, шогирдларига етказиб беришдек оғир вазифани чорак асрки елкасига ортиб келаётганини алоҳида айтмасам бўлмайди. Тинимсиз меҳнатларимиз мана шундай тадбирлар ва учрашувларда ўз самарасини берганидан бошим кўкка етди”, – дейди Дилшодбек Азимов мухбиримиз билан суҳбатда. – “Баъзан репетиция учун кўпроқ вақт сўрасам, “бу ер филармония эмас”, деган сўзларни ҳам эшитганим бор. Лекин бугун бутун жамоа ва раҳбарларимиз билан бир жон, бир тан бўлиб, Ўшдаги ўзбек мусиқали Академик театримизнинг номини оқладик, деб айтсак бўлади”.

Азимовнинг айтишича, Ўш театрининг мақомдан ташқари мусиқали драмалари ҳам ўзбекистонлик мухлисларга жуда маъқул бўлган.

“Санъаткорларимиз ҳам вақти-вақти билан мана шундай гастролларга чиқиб, ўз меҳнатларини кўрсатишлари шарт экан. Ўзбекистонлик санъаткорлар бизнинг чиқишларимизга ўз баҳоларини бердилар, танимаганлар танишиб олишди. Дўстлашдик. Қирғизистон халқ артисти Расулжон Ураимжоновни соғинган ўзбекистонлик мухлислари кўп экан, улар учун устознинг қўшиқларини тасмаларга ёзиб олишди. Жонли ижрони соғинганлар учун Қирғизистонда хизмат кўрсатган артистлар Хамидилло Матхолиқов ва Мавлуда Абдужаббороваларнинг қўшиқлари айни муддао бўлди”.

Қирғизистон маданияти аълочилари Маъруфжон Абдуқодиров, Бахтиёрхон Хайитмаҳаматова ва Одина Аббосоваларни томошабинлар олқишлар билан кутиб олишди.

“Бир сўз билан айтганда, гастролдан кўнглимиз тўлиб қайтдик. Меҳнатларимиз зое кетмагани, бизни қадрлайдиган, севиб тинглайдиган дўстларимиз кўплиги яна янги асарларни яратишимиз учун илҳом бахш этди”, – деб сўзини якунлади Азимов.

“Икки давлат санъаткорлари ва санъат усталари бир-бирлари билан бевосита танишдилар, билдилар, санъатларини намойиш этдилар”, – дейди театримизнинг жонкуяр маъмури Дилмуроджон Ишанов. – “25 нафардан зиёд ижодий жамоани олис сафарга олиб чиқиш осон эмас, албатта. Ўзаро алоқаларни ўрнатиш ва уюштириш ишларига ёрдам берган ҳамкасбимиз, таниқли қизиқчи Шуҳрат Азимовга, саҳоватпеша юртдошларимизга раҳмат айтаман. Санъаткорларимизнинг теледастурларда иштирок этишлари жуда ажойиб тарзда уюштирилди. Мезбонларга ташаккур изҳор қиларканман, бундай учрашувларнинг яна давом этишини хоҳлардим. Артистлар учун илҳом берадиган нарса бу – эътибор ва эътирофдир”.

Дилмуроджон Ишановнинг сўзларига кўра, жамоанинг кейинги ижодий сафари Марғилон шаҳрига бўлади. У ерда ҳам мақом ансамблининг концертини намойиш этиш режалаштирилган.

Театрнинг созандаси, найчи Мавлонбек Хусанов ҳам сафарнинг кўтаринки кайфиятда ўтганини эътироф этаркан, гастроль ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

“Ўшлик санъаткорларни улкан маданият ўчоғи бўлган Тошкент шаҳрига олиб бориб, қатор теледастурларда тасвирга тушириш учун ташаббус кўрсатганларга катта раҳмат. Давомли бўлсин бундай файзли дўстлик учрашувларимиз”, – дейди санъаткор.

Хушовоз хонандалар Мавлуда Абдужабборова, Лайло Исақова ва Бахтиёрхон Хайитмаҳаматовалар ижро этган қўшиқлари мухлисларга жуда манзур бўлди.

Театр жамоаси ва маъмурияти сафарни ташкил қилишда ёрдам берган юртдошларимизга теран миннатдорчилик билдиради.

Барно Исоқова, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг