Ўзбекистон-Қирғизистон: Ҳамкорликнинг янги уфқ ва чўққилари

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга ташрифи жараёнга жиддий туртки бериши кутилмоқда.

Ўзбекистон Републикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи доирасида икки ўлка ишбилармонларининг кенг даражадаги Бизнес анжумани бўлиб ўтди. Унда нутқ сўзлаган Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров Ўзбекистон Қирғизистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.

“Биз Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикасига давлат ташрифига катта аҳамият берамиз ва бу ташрифни тарихий деб биламиз”, – деди Ақилбек Жапаров бизнес анжуманининг очилиш маросимида.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президенти маъмурияти раҳбари Сардор Умурзоқов ҳам иштирок этди.

Яхши. Лекин аъло бўлиши керак

Жапаровнинг сўзларига кўра, 2022-йилнинг 11 ойи якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 543,2 миллион долларни ташкил қилган. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга кўпдир. Бунинг “стратегик ҳамкорлар учун чегара эмаслигини” таъкидлаган ҳукумат раҳбари яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг миллиардлаб долларга етишига умид билдирди.

“Мамлакатларимиздаги ишлаб чиқарувчилар ва ишлаб чиқарувчилар уюшмалари, савдо-саноат палаталари ва бошқа хўжалик бирлашмалари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришимиз зарур. Шу билан бирга, ҳамкорлик механизмларини самарали шакллантириш, бюрократияни минималлаштириш ва ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, товарлар ва сармояларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш зарур”, – дея таъкидлади Ақилбек Жапаров.

Унинг айтишича, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида Қирғизистон Республикасида автомобилсозлик ва тижорат техникаларини  ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши режалаштирилган. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари мазкур корхона намунали бўлишига ишонч билдирмоқда.

Электр қувватининг қуввати оширилади

“Қирғизистон тоза энергияни жорий этиш бўйича ҳамкорликдан ниҳоятда манфаатдор. Республикамиз қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича юқори салоҳиятга эга бўлиб, уларнинг асосий турлари гидроэнергетика, қуёш энергияси, шамол энергияси ва геотермал сув энергиясидир. Биз Ўзбекистон компанияларини мамлакатимизда кичик ва ўрта ГЭСлар қурилишида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишга таклиф қиламиз. Булар нафақат моддий, балки бутун минтақамиз учун экологик дивидендлар келтирадиган лойиҳалардир”, – деди Ақилбек Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, январь ойининг бошида Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев, Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов гидроэлектр станциясини қуриш бўйича “йўл харитаси” тўғрисидаги шартномани имзолаган эди.

Унга кўра, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қўшма корхона ташкил этилади. Қўшма корхона Қамбарота-1 ГЭСи қурилгач, қўшма корхона ГЭСни бошқаради ва унинг 34 фоизи Қирғизистонга тегишли бўлади. Қозоғистон ва Ўзбекистонга эса 33 фоиздан ажратилади. Бундан келиб чиқадики, куни-кеча бу улкан лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган Россия учун улуш қолмаяпти. Эслатиб ўтамиз, бир неча йиллар аввал Россия ҳукумати бу ГЭС қурилишини тўла ўз бўйнига олган, лекин сиёсий масалалар туфайли иш орқага сурилавергач, Қирғизистон бу масаладаги битимни бир томонлама бекор қилишга мажбур бўлган эди.

Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Мирлан Жақипов  аввалроқ йўл харитаси ва унга мувофиқ амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берган эди.

“Йўл харитаси биз қандай ишлашимизни кўрсатади… 2024-йилда техник-иқтисодий асослаш тугагач, қурилишни бошлаймиз. Бундан ташқари, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонга тегишли қўшма корхона ташкил этилишини йўл харитасига киритдик. Ўша компания Қирғизистонда рўйхатдан ўтади ва ҳаммаси бизнинг қўлимизда бўлади”, – деган эди у.

Транспорт. Денгизга йўл…

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Жапаров денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган ва халқаро бозорларга транзит чиқиш соҳасида бир-бирига боғлиқ бўлган давлатлар учун транспорт йўлакларини шакллантириш ва ривожлантиришга ягона ёндашув ниҳоятда муҳим эканини ҳам таъкидлади. У 2022-йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланганини эслатиб ўтди.

Мазкур йўл лойиҳаси бўйича ҳамкорлик ўтган йилнинг 14-сентябрида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида имзоланган.

Декабр ойида президент Садир Жапаров билан учрашувда Хитой бош вазири ўринбосари Ху Чунхуа темир йўл билан боғлиқ дала ишлари якунлангани, техник-иқтисодий асослар тайёр бўлгач, Қирғизистон билан  Ўзбекистонга тақдим этилишини маълум қилган. Шу кунларда Бишкекда ана шу лойиҳа қурилишини бошқариш идораси очилди, бироқ қурилиш ишлари қачон бошланиши аниқ эмас.

Аввалроқ Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров Ўзбекистон орқали ташқи дунёга учта транзит йўналиши ҳақида келишилганини, уларнинг ҳаммаси географик боши берк минтақада жойлашган Қирғизистон учун денгиз йўлларига чиқиш имконини беришини таъкидлаган эди.

Уларнинг биринчиси, Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон ҳалқаси бўлиб, Каспий денгизи орқали Озарбайжон ва Россияга чиқади. Бу йўналиш ҳозирги мавжуд йўналиш бўйича Россияга товар ва юк ташиш қараганда кўп вақтни тежайди ва анча арзон. Чунки Туркманистонда дизел нархи Қозоғистонникидан арзонроқ. Иккинчи йўналиш – Қирғизистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон йўналиши бўлиб, у  Бандар-Аббос портига чиқиш йўлидир. Учинчиси йўналиш Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон орқали Қарачи портига бориб, сўнг Ҳиндистонга йўл олади.

Ҳамкорлик кўлами кенг

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш ва сармояларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Қирғизистонда саноат ҳудудлари, юқори технология парклари ва эркин иқтисодий зоналарни қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилмоқда.

Ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришда туризмни ривожлантириш ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканини айтган Жапаров 2022-йилда Ўзбекистондан Қирғизистонга 3 миллионга яқин киши келганини, Ўзбекистонга саёҳат учун борадиган қирғизистонликлар сони ҳам ортганини қўшимча қилди.

“Мамлакатларимиз ҳар томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликка эришиш учун жиддий салоҳиятга эга. Биз бизнес ҳамжамиятининг ташаббусларини максимал даражада қўллаб-қувватлашимиз, биргаликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишимиз керак”, – дея таъкидлади Ақилбек Жапаров.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда мамлакатимизда Ўзбекистон сармоячилари иштирокидаги 60 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, улардан 22 таси қўшма корхона, 38 таси эса тўлиқ Ўзбекистон капитали иштирокида фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи бугун бошланиб, икки кун давом этиши режалаштирилган. Бу ташриф чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида тахминан 1,6 миллиард долларлик 50 дан ортиқ ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

 

 

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг