Диққат: Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятига доир Халқаро онлайн-конференция!
Тадбирда маъруза қилиш истагида бўлганлар ўз таклифларини беришлари мумкин.
Жорий йилнинг 19 январи, пайшанба куни буюк маърифатпарвар аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 148 йиллиги муносабати билан унинг жадид матбуотининг шаклланишида тутган ўрнига бағишланган халқаро онлайн илмий-амалий конференция ўтказилади.
Ташкилотчилар тадбирда ўзининг маърузаси билан чиқишни истаганлардан маъруза матни ва тезисларини электрон шаклда ўзбек, рус ва инглиз тилларида 2023 йилнинг 15 январига қадар [email protected] электрон манзилига юборишларини сўрайдилар. Боғланиш учун телефон рақамлари: +998 97 432 99 23, +998 91 191 09 83.
Конференция ишини икки йўналишда олиб бориш режалаштирилган:
- Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг публицистик мероси.
- 2. Жадид матбуотининг миллий журналистикада тутган ўрни ва аҳамияти
Доклад ва тезисларни расмийлаштиришга қуйидаги талаблар қўйилгани маълум қилинади:
- Барча доклад ва тезислар “яширин” муҳаррирларнинг таҳриридан ўтказилади.
- Беш бетдан кам бўлган тезислар қабул қилинмайди.
- Илмий ишда тақдим қилинган маълумотларнинг тўғрилиги учун муаллифлар жавобгар.
Мазкур халқаро конференцияда иштирок этишни истаган профессорлар, ўқитувчилар, олимлар ва ёш изланувчилар конференция мавзуси доирасида ўзларининг илмий-тадқиқот ишлари натижаларини ҳам тақдим этишлари мумкинлиги айтилади.
Халқаро конференцияни 2023 йил 19-январида соат 10:00 дан бошлаб “Zoom” платформасида ҳам кузатишингиз мумкин.
Буюк маърифатпарвар адиб, аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилда Самарқандда туғилган. У адабиёт, тарих фанлари билан бир қаторда сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланган.
Илм ортидан 1902 йилда Маккага бориб, хўжа ва муфтий унвонларини олиб қайтади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Оврупо маданияти билан қизиқади, Қозон, Оренбургда чиқадиган нашрлар билан ҳамкорлик қилади. Чиқишларининг асосий мавзулари мактаб, маориф, маданият, маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботидан иборат эди.
1910 йилларда минтақада «Шўрои Исломия», «Уламо», «Адолат», «Ёш бухороликлар» каби фирқалар пайдо бўла бошлайди. Ўша йилларда Беҳбудий Самарқандда «Самарқанд», «Ойна» номли нашрларнинг чиқишида катта хизмат кўрсатади. 1914 йилда Туркия, ва Мисрга бориб, у ердан муҳим китоб ва ўқув қўлланмалари келтиради, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади.
«Жадидчилик» раҳнамоси, дахрий деб эълон қилинишига қарамай, татар мутафаккири Исмоил Гаспринлининг маърифатчилик борасидаги таълимотини қўллаб-қувватлаб, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида шундай ишларни амалга ошира бошлайди.
Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасида туркистонлик ёшларни Оврупо илмгоҳларида ўқитиш тарғиб қилинган. Мазкур асарнинг А.Қодирийнинг «Бахтсиз куёв», Мирмуҳсин Фикрийнинг «Бефарзанд Очилдибой», Ҳамза Ҳакимзоданинг «Янги саодат» каби асарларининг яратилишига таъсир кўрсатгани тан олинган.
Беҳбудий ўзбек ва тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Ўша пайт нашрларида кенг чоп этилган.
1918 йилда аллома Бухородаги инқилобий кучларга хайрихоҳликда айбланади в амир Саид Олимхон томонидан қатл қилинади. Маҳмудхўжа Беҳбудий фақат 1956 йилга келиб оқланади.
Конференция Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети томонидан ташкил қилинмоқда.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, конференцияни ўтказишдан мақсад – Ўзбекистонда журналистика ва коммуникациялар соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлигини ошириш, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг меросини ўрганиш борасида маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида илмий алоқаларни ўрнатиш, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди