Сен тинч, қўшнинг тинч: Қирғиз-тожик чегарасида барқарорлик тикланмоқда

Икки давлат чегара хизмати раҳбарлари учрашувида минтақа хавфсизлиги ҳақида ҳам сўз бўлди.

Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Боткен вилоятидаги Борбордук (марказий) қишлоғида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига қарашли Чегара хизмати директори Уларбек Шаршеев ва Тожикистон миллий хавфсизлиги Давлат қўмитасининг Чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонали учрашдилар.

Қирғизистон Чегара хизмати берган хабарга кўра, учрашув чоғида чегара хизматлари раҳбарлари икки давлатнинг чегарадош ҳудудларида вазиятни барқарорлаштириш бўйича аввал имзоланган протоколларнинг бажарилиши масаласини кўриб чиқдилар.

Шунингдек томонлар бугунги кунда қирғиз-тожик чегарасида юзага келган вазиятни  муҳокама қилдилар. Суҳбат натижаларига кўра чегара масалаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш чоралари ва асосий йўналишлари белгиланди.

Биринчи бор томонлар икки давлат чегарасида хавфсизлик ва ишончни мустаҳкамлаш, осойишталик ва барқарорликни сақлаш бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлашга қўшиладиган муҳим ҳисса эканини эътироф этдилар. Бунгача томонлар ўртасидаги учрашувлар асосан юзага келган вазиятда бири-бирини айблаш ва ўзаро эътирозлар руҳида ўтаётган эди.

Маълумки, бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида айнан қирғиз-тожик чегараси ҳудуди энг “қайноқ нуқта” сифатида қолиб келмоқда. Ўтаётган йил охирида Ўзбекистон билан Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара масалаларини тўла ҳал қилиниб, бу ҳақда зарур ҳужжатлар имзоланди.

Учрашувда чегара хизматлари раҳбарлари икки давлат ўртасидаги чегара масалаларини ҳал этиш борасида ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар ижобий натижаларга олиб келаётгани қайд этилди.

Музокаралар натижасида чегара бўйича тузилган қирғиз-тожик қўшма ишчи комиссия ишини 2023 йилда ҳам давом эттириш, икки республика фуқароларининг томонларда жойлашган мол-мулкини эгаларига қайтариш бўйича ишларни тезлаштириш ва давлат чегарасида вазиятни кескинлаштиришга олиб келадиган омилларни бартараф қилиб, уларнинг олдини олиш хусусида келишиб олинди.

Музокараларда икки давлатнинг чегарадош Боткен ва Сўғд вилоятлари раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Бунгача Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара масалалари шу йилнинг охирига қадар ҳал бўлиши ҳақида айтган эди. Кўриниб турибдики, вазият барқарорлаша бошлади, лекин масалани тўла ҳал қилиш учун ҳали вақт бор экан.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг